Маъмурий судларда тадбиркорлик ҳуқуқларини тиклаш асослари

“2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармоннинг айнан иккинчи йўналиши мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришга қаратилган ва албатта, шу мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Ривожланган мамлакатларда айнан маʼмурий судлар фуқаро ёки тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ижро органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғайриқонуний қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан ҳимоя қилишда муҳим ўрин эгаллайди. “Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”да жамиятда судларга бўлган ишончни яна-да ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таʼсирчан механизмларини жорий қилиниши, адолат ва қонун устуворлигини таʼминлаш – асосий мақсадлардан бири сифатида эʼтироф этилганлиги ҳам айнан шу билан боғлиқдир. Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга ошириш юзасидан 2022-йилнинг 29-январ куни “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таʼминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Олий суд ва Судялар олий кенгашига, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли вазифалар белгиланди: Биринчидан, маʼмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш. Бунда, маʼмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбурияти юкланиб, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субектига далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратилади. Маʼлумки, маʼмурий суддан низолашаётган иккита тараф бўлиб, бири ўзининг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган фуқаро ёки тадбиркор бўлса, иккинчи тараф маʼмурий орган ҳисобланади. Табиийки, низолашаётган икки тарафнинг имкониятлари ҳар доим ҳам тенг эмас. Шу ўринда, мазкур тамойилнинг моҳияти, иш учун зарур бўлган далилларни йиғишда, ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш учун фуқарода имконияти бўлмаган маʼлумотларни олишда кўмаклашишдан иборатдир. Иккинчидан, жуда муҳим вазифа этиб, – ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субектига оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маʼмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маʼмурий судлар ваколатига ўтказиш белгиланди. Амалдаги тартибга кўра, маʼмурий судлар томонидан маʼмурий органларнинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилганда, унинг оқибатида келиб чиққан зарарларни ундириш фуқаролик ва иқтисодий судларда ҳал этилади. Эндиликда эса, қарорга мувофиқ, қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритилганидан сўнг, тарафлар ўртасида вужудга келган низонинг оқибати юзасидан зарар ёки бой берилган фойдани ундириш масаласи ҳам, тўлиқ маʼмурий судлар томонидан кўриб, ҳал этилади. Бу фуқароларимизнинг судма-суд овора бўлишининг олдини олишга хизмат қилади. Учинчидан, фуқаро ёки юридик шахснинг шикояти асосида чиқарилган суд ҳужжати ижроси давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилишини таʼминлаш учун таʼсирчан назорат механизмлари мавжуд эмас эди. Давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро этилмаганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш белгиланади. Тўртинчидан, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, низони тарафлар ўртасида мақбул усулда ҳал қилинишини таʼминлаш мақсадида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилинмоқда. Бунда, тарафлар суд жараёнида келишувга эришгандан сўнг пайдо бўлган низо тўлиқ бартараф этилишига ҳамда кейинчалик аризабозликка барҳам берилади.

 

Холбеков Икром

Навоий туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчиси