САЙЁР УЧРАШУВЛАР САМАРАСИ, АҲОЛИ ФИКРИ, ТАДБИРКОР МУАММОЛАРИ
Навоий вилояти суди судьялари томонидан “Менинг маҳаллам–менинг судьям” ғояси асосида жойларда маҳалла аҳолиси ва тадбиркорлар билан учрашувлар изчил равишда ташкил қилиниб келинмоқда.
Навбатдаги учрашув Хатирчи туманининг “Боғчакалон” МФЙ да Навоий вилоят судининг раис ўринбосари Т.Абдраманов, вилоят судининг судьяси Т.Қаҳҳоров, Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси Б.Джумаевлар томонидан ўтказилиб, ундан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 6423 сонли Фармони мазмуни-моҳиятини аҳолига етказишдан иборат эди.
Фармонга асосан 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилиниши, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолиши, ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши, давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши, барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилиши, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши каби ҳолатлар аҳолига мисоллар асосида тушунтириб берилди.
Ўтказилган учрашув мазмунли ўтказилганлиги, Фармон мазмун-моҳияти аҳолига тўғри тушунтириб берилганлиги сабабли, учрашув қизиқарли баҳс мунозаралар асосида ўтди.
Учрашув якунида судьялар томонидан маҳаллада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, 20 кишини, шундан 6 нафар “Ёшлар дафтари”, 8 нафар “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган фуқароларни бандлигини таъминлаб, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириб, миллий ҳунармандчиликнинг қадимги гиламчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган тадбиркор Мунира Ҳамроеванинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида тадбиркорнинг манзилига борилди, тадбиркор ва унинг жамоаси билан учрашишди. Учрашувда тадбиркорга, мамлакатимизда тадбиркорлик учун қулай муҳит яратилганлиги, тадбиркорлик ривожи учун ҳуқуқий механизмлар такомиллаштириб борилаётганлиги, амалдаги қонунчиликда тадбиркорлик субъектларига берилган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида тушунтиришлар берилди, тадбиркорнинг ҳам ўз фаолияти давомида учраётган муаммолари ва фикрлари эшитилиб, учрашув жойида унинг муаммоларини ечимини ҳуқуқий механизмлари ишлаб чиқилиб, бу борада тадбиркорга ҳуқуқий жиҳатдан кўмак берилди.
Турғунбой Қаҳҳоров
Навоий вилоят судининг
судьяси
Маъмурий суд судьялари томонидан сайёр қабул ўтказилди
Навоий туманлараро маъмурий суди раиси Ғ.Абдухолиқов ва судьяси Н.Кенжаева томонидан Конимех туманидаги Қоракўлчилик уюшмасида ўтказилган йиғилишда туман ҳокимлиги, туман кадастр бўлими ходимлари ва фуқаролар иштирок этишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Туманлараро маъмурий суди раиси Ғ.Абдухолиқов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сонли Фармонининг мазмун-моҳияти, унинг бугунги кундаги аҳамияти ва келажакда амалга оширилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, Конимех туманида яшовчи ўн бир нафар шахс пенсия тайинлаш борасида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Конимех туман бўлимидан норози бўлган берган аризалари Навоий туманлараро маъмурий судининг сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди, ариза талаблари қаноатлантирилди.
“Конимех туман таъминот бўлимида 1985 йил 22 январдан 1999 йил 11 февраль кунига қадар ишлаган даврларим учун суғурта бадаллари архив маълумотларида мавжуд бўлмаганлиги сабабли пенсия тайинлаш жараёнида мазкур даврларни умумий иш стажига қўшиб ҳисобламаслик тўғрисида Пенсия жамғармасидан жавоб олганимдан сўнг судга ариза билан мурожаат қилдим. Аризам туманимизнинг ўзида сайёр судда кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди, вақт ва маблағ сарфлаб вилоят марказига бормадим.”-деди Клара Абдиева.
Юртимиз бўйлаб судларнинг оммавий сайёр қабуллари одатий тус олди.
Нигора Кенжаева
Туманлараро маъмурий судининг судьяси
Навоий вилояти судлари ўртасида мини-футбол спорт тури бўйича “Раис кубоги-2021” мусобақаси ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6099 сонли Фармонига асосан Навоий вилоят судларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича 2021 йилга мўлжалланган иш режанинг 4-бандида судья ва суд ходимлари ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича “Раис кубоги ” мусобақасини ўтказиш белгиланган.
“Оила-муқаддас даргоҳ”шиори остида тадбир ўтказилди
Оила жамиятнинг пойдевори эканлиги борасида таъкидланган сари бугунги кунда оилавий ажримлар сони кўпайиб, фарзанд аталмиш ширин неъматдан воз кечаётганлар, ичкилик, етишмовчилик сабаб оиласини пароканда этаётганларни гувоҳи бўлиб турамиз.
Никоҳдан ажралишларни олдини олиш ва оилаларни сақлаб қолиш ҳамда оилавий зўравонликларни олдини олиш мақсадида судлар томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Шу каби тадбирларнинг изчил давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Наргиза Маҳкамова, вилоят суди раиси ўринбосари И.Касимов, вилоят суди судьялари Навоий шаҳридаги “Зарафшон”, “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли билан учрашди.
Тадбирни Олий суд судьяси Н.Махкамова кириш сўз билан очиб, оилаларни мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида урғу берди.
– Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад, оилавий ажримларни шунингдек, ҳар бир маҳалла кесимида хотин-қизларга нисбатан оилавий зўравонлик қилиш ҳолатларини олдини олиш чораларини кўриш. Таъкидлаш жоиз, судлар томонидан ҳар чоракда оилаларни асоссиз ажратилишини олдини олиш, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни тарафлар иштирокида кўрилишини таъминлаш, оилаларни бузилиб кетишига сабаб бўлаётган ҳолатлар бўйича фуқаролик ишларини ўрганиш амалиёти жорий қилиниб, умумлаштириш таҳлил ўтказиб келинмоқда. Таҳлил натижаларига кўра, Навоий шаҳрининг айнан шу ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли орасида оилавий ажримлар сони кўпайиб кетгани, оилада вояга етмаган фарзандлари тақдирига бефарқ бўлиб, тарафлар ўртасидаги арзимаган низолар сабабли никоҳдан ажралишлар сони кескин ошаётгани, бугунги кунда оилавий ажримлар юзага келишига эр-хотин, қайнона-келин келишмовчилиги, ёш оилага учинчи шахсларнинг аралашуви сабаб бўлмоқда.
Демак, мустаҳкам оилаларни қарор топтириш, аввало ёшларни оилага тайёрлаш, никоҳ ва оила муқаддаслигини улар онгига чуқурроқ сингдиришга боғлиқ, ажримларни олдини олиш ва оилаларни сақлаб қолиш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ҳамда учрашувлар ташкил этилаётгани хусусида сўз юритди.
Шундан сўнг, сўзга чиққан вилоят суди раиси ўринбосари И.Касимов қуйидагиларни, мазкур ҳудуддаги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қуйи тизимлари, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи, Маҳалла фуқаролар йиғинлари ва маҳалла фаоллари ёшларга оила муқаддас даргоҳ эканлиги ҳақидаги ғояни сингдириши, ёшларни ватанга бўлган муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда болаларни етим бўлиб қолишини олдини олиш ва жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида олиб борилаётган профилактик ишларни самарадорлигини янада оширишлари лозим бўлади. Чунки, оилавий ажримлар орқасида эр-хотинлар ўртасида фарзанд тарбияси, мулкий ва уй-жой масалалари бўйича кўплаб низолар келиб чиқади. Бундан эса икки тараф ҳам манфаат кўрмайди, аксинча эр-хотин ўртасидаги низолар фарзанд тарбиясига ва унинг камолотига жиддий путур етказишини таъкидлади.
Тадбир давомида оилавий қадриятлар ҳикоя қилинувчи “Фарзанд омонат” деб номланган қисқа метражли фильм намойиш этилди, нотинч оилалар, ажрим ёқасига келиб қолган эр-хотинлар билан суҳбатлашилди, уларни яраштириш чоралари кўрилди, натижада 7 нафар оила яраштирилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, маҳаллаларда нотинч оилаларнинг бўлиши ўз навбатида жиноятчиликнинг ошишига олиб келади. Чунончи, нотинч оилаларда тарбия топаётган болаларда жиноятчиликка мойиллик ортади. Ҳар бир ота-она фарзанди ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишини хоҳлар экан, “Оила-муқаддас даргоҳ” сифатида доимо эъзозланиб келиниши лозим.
Зарафшон шаҳар Қурилиш бошқармасида коррупцияга оид жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар таҳлили ҳамда ушбу жиноятларнинг олдини олишга бағишланган тадбир ўтказилди
Қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавобларга бой тарзда ўтган мазкур тадбирда судлар, ички ишлар ва бошқа давлат органлари ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиланишлар ҳуқуқий-демократик давлат барпо этишнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилинаётганлиги таъкидланди. Инсонпарварлик тамойилига асосланган бу ислоҳотлар юртимизни янада равнақ топишида, халқимизнинг турмуш фаровонлиги юксалишида мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузи ортишида ғоятда муҳим аҳамият касб этаётир. Бу борада 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга жорий этилган мазкур қонун моҳият-эътибори билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда ғоятда муҳим ўрин тутади. Ўз навбатида Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг ташкил этилгани ҳам ушбу соҳада туб бурилиш ясади, десак хато бўлмайди.
Коррупция ҳар қандай жамиятнинг сиёсий-иқтисодий негизига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини, қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.
Ўз навбатида ташкилотда учраётган майда ўғрилик, фирибгарлик, талон-торож каби ҳуқуқбузарликлар танқид остига олинди.
Бўлиб ўтган тадбирда жамиятимизда жиноятчиликнинг олдини олиш, коррупция ва бошқа ҳар қандай жиноятчиликка қарши курашиш, жиноятга жазонинг муқаррарлиги айтиб ўтилди.
Келгусида соҳа тизимида коррупцияни олдини мақсадида жамоатчилик назоратини янада кучайтириш лозимлиги тушунтирилди.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Навоий вилоят суди