Сайёр қабулда беш нафар фуқаро муддатидан олдин жазодан озод этилди
Навоий вилоят суди раиси ўринбосари Тимур Абраманов, жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди раиси Мақсуд Райимов томонидан Конимех туманида сайёр қабул ўтказилди.
– Унда 32 нафар фуқаро иштирок этди, – дейди жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди раиси Мақсуд Райимов. – 11 нафар фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилган бўлса, қолган мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, муаммолар ечими юзасидан қонун талаби асосида ҳал қилиниши учун тегишли ташкилотларга юборилди. Бундан ташқари, 5 нафар фуқаронинг ўталмаган жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисидаги илтимосномалари кўриб чиқилиб қаноатлантирилди.
Фуқаро Эркин Турсинбаев жиноят ишлари бўйича Конимех туман судининг 2021 йил 17 февралдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан ЖКнинг 45-моддасига асосан 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди. Сайёр қабулда у тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини бекор қилишни сўраб мурожаат қилди. Суд эса унинг жазони ўташ даврида белгиланган тартиб ва қоидаларга амал қилганлиги, бирор марта ножўя хатти-ҳаракатлар содир қилмагани, тайинланган жазонинг учдан бир қисмидан кўпроғини ҳақиқатда ўтаганлиги, шу сабабли ўталмай қолган транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сайёр қабул давомида судьялар томонидан суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, шунингдек, суд тизимида қабул қилинган сўнгги қонун ва фармойишлар мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди.