Қидирув:

Фуқаролик судларида коммунал қарздорликни ундириш бўйича бериладиган суд буйруғига ўзгартиришлар киритилди

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни талон-торож қилиш ҳолларининг олдини олиш ва мазкур соҳага инвестицияларни жалб қилиш орқали бозор механизмларини жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга жисмоний шахслар томонидан истеъмол қилинадиган энергия ресурслари учун қарздорликни ундириш тартибини, шунингдек соддалаштирилган ижро ишини юритиш ва суд буйруғини чиқариш тартибини янада такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.

Хусусан, 2024 йил 28 августдаги “Ижро ишини юритиш янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-947-сонли Қонуни қабул қилиниши,билан эндиликда,“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги ариза ваколатли органга ёки мансабдор шахсга берилгунига қадар қарздор жисмоний шахс энергия ресурслари тармоқларидан узилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ижро ҳужжатларига илова қилиниши керак эканлиги ҳақидаги талаб киритилмоқда. Ушбу талаб бажарилмаган тақдирда, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини қайтаради.

Айтиш керакки, почта харажатларини ундириш тартиб-таомилини соддалаштириш мақсадида қарздор жисмоний шахслардан почта харажатларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларига нисбатан ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилади. Соддалаштирилган ижро ишини юритиш доирасида давлат ижрочисининг зиммасига ижро ҳужжатини берган судни ёки бошқа органни ушбу ижро ҳужжати қайси суд ҳужжатига ёки бошқа органнинг ҳужжатига асосан берилган бўлса, уша суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд мазкур ижро ҳужжати бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда ижро ишини юритиш тугатилганлиги ҳақида хабардор қилиш мажбурияти хам юклатилмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига истеъмол қилинган электр энергияси ёки табиий газ учун қарздорликни ундириш ҳақидаги суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага истеъмолчи билан тузилган шартнома, пеня ҳисобланиши ҳақидаги ва истеъмолчини тегишли энергия ресурслари тармоқларидан узиш тўғрисидаги огоҳлантириш кўрсатилган, қарзни тўлаш ҳақидаги талаб, ушбу талаб истеъмолчига юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинган ҳолда, шунингдек истеъмолчи тегишли энергия ресурслари тармоқларидан узилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши кераклиги тўғрисида талаб киритилмокда.

Мазкур Қонун суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш тартиб-таомилларини соддалаштиришга ҳамда инсон омилини камайтиришга, жисмоний шахслар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларини мажбурий ижро этиш тизимини такомиллаштиришга хизмат килади.

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан Навоий шаҳар 1-сонли ИИБ биносида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилиб, тегишли шахсларга чоралар кўрилди

Шунингдек, сайёр судда фуқаролар ўртасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил олиб борилаётганги, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, аҳолининг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатларининг мазмун моҳияти ҳақида маъруза қилиниб, уларни амалиётда қўллаш юзасидан фикр мулоҳазалар ҳам тингланди.

Сайёр суд мажлиси якунида йиғилиш иштирокчиларига бу каби сайёр суд мажлисларини ўтказишдан асосий кўзланган мақсад жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш эканлигини билдириб ўтди.

 

Баҳодир Алиқулов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси. 

Суд санацияси

Соддалаштирилган тартибда тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги аризани суд муҳокамасида кўриш жараёнида қарздор судга ёзма илтимоснома билан мурожаат қилиб, унда суд санацияси тартиб-таомилини жорий этишни сўраган.

Хўш, соддалаштирилган тартибдаги тўловга қобилиятсизликка оид ишларда суд санацияси қўлланиладими?

Мазкур мақолада шу хусусида сўз юритамиз. 

Суд санацияси тўловга қобилиятсизлик доирасида суд томонидан қўлланиладиган қарздорни соғломлаштиришга қаратилган чорадир.

Суд санацияси тартиб-таомили иқтисодий судда кўрилаётган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш доирасида жорий этилади.

Хусусан, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 93-моддасининг биринчи қисмига кўра, кузатув тартиб-таомили жараёнида қарздор, қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси, шунингдек учинчи шахс (шахслар) суд санацияси тартиб-таомилини жорий этиш ҳақида судга мурожаат қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан кредиторларнинг биринчи йиғилишига ёхуд суд санацияси тартиб-таомилини жорий этиш ҳақидаги илтимоснома билан бевосита судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Қонуннинг 78-моддасига кўра, тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилганда кузатув тартиб-таомили суд қарздор — юридик шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани иш юритишга қабул қилган санадан эътиборан жорий этилади, бундан ушбу Қонунга мувофиқ қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизликнинг бошқа тартиб-таомили қўлланилиши керак бўлган ҳоллар мустасно. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган тақдирда суднинг аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримида кузатув тартиб-таомили жорий этилганлиги кўрсатилади.

Шунингдек, Қонуннинг 16-боби тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомилларига бағишланган бўлиб, мазкур боб

239-моддасининг иккинчи қисмига кўра, тугатилаётган юридик шахснинг тўловга қобилиятсизлигида кузатув, суд санацияси ва ташқи бошқарув тартиб-таомиллари қўлланилмайди.

Қонун 242-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги аризани ўз иш юритувига қабул қилиб олган кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қайд этилган қонун талабларига кўра кузатув тартиб-таомили жараёни умумий тартибдаги тўловга қобилиятсизликка оид ишларда қўлланилиб, қонунда соддалаштирилган тартибдаги ишлар учун мазкур тартиб-таомилнинг қўлланилиши мумкинлиги назарда тутилмаган.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Қонунчиликдаги янгилилар: Суд ҳокимиятининг мустақиллиги мустаҳкамлаш борасидаги муҳим ўзгаришлар

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 130 моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатларни белгилаб қўйилишлиги суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган муҳим бир қадам бўлди.

Зеро, “Янги Ўзбекистон-янги суд” тамойили асосида амалга оширилаётган суд ҳуқуқ ислоҳотларини бош мезони мамлакатимизда суд ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, “Инсон қадри учун” принципи асосида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини кафолатли таъминлаш, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш экан, бу борада одил судловни амалга оширувчи суднинг чинкам мустақиллигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг 14 август кунида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ҳамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратишга, судьялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, шунингдек қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этишга оид муҳим ўзгартиришлар киритилди.

Муқаддам “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида суд раисларининг суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида Маҳаллий Кенгашларга бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиш мажбурияти белгиланган бўлиб, мазкур қоида қайсидир даражада суднинг мустақиллигига ўз таъсирини кўрсатар эди.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилишни, ўз навбатида судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришга оид қоидалар киритилди.

Шунингдек мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, «Прокуратура тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Турғун Қаҳҳоров,

Навоий вилоят судининг судьяси.

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Фуқаролик Иқтисодий процессуал кодексларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмуни, судларга мурожаат қилиш тартиби, фуқароларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Томди туманидаги 36-сон жазони ижро этиш муассасаси ходимлари иштирокида ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирда судьялар суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, хусусан маҳкумларга нисбатан жазодан шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган ўзгаришлар, шунингдек суд қарорларига нисбатан шикоят қилиш тартиби ва муддатлари бўйича тушунтиришлар бериб ўтишди.

Шундан сўнг маърузачилар тадбир иштирокчиларининг саволлари ва мурожаатларига тегишли тушунтириш ва жавоб беришди.

 

Дилобар Эргашева,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси.

Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи ва у қонун билан муҳофаза қилинади, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VII боби “Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар” дб номланган бўлиб, Конституциянинг 25-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи эканлиги ва у қонун билан муҳофаза қилиниши, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади ҳамда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш энг устивор йўналишлардан бирига айланди.

Бироқ, бази ҳолатларда ушбу қадриятларга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдек энг устивор йўналишларга зид равишда кўнгилсиз ходисаларни содир этган шахслар ҳам учраб турибди.

Хусусан, фуқаро Ж.Ш Хатирчи тумани, “Навбаҳор” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Кафе Нур” чойхонасида сомсапаз бўлиб ишлаб келиб, 2024 йил 03 март куни соат 15:50 ларда чойхона ошхонасида таниши М.К билан муносабатларига аралашганлиги сабабли ёрдамчиси З.А билан оғзаки жанжаллашиб қолиб, ўзаро жанжал давомида З.А унинг юз қисмига бир маротаба қўли билан урганлигидан ғазабланиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида ошхонадаги иш столи устида турган ёғоч дастали ошхона пичоғи билан З.Анинг ҳаёт учун муҳим бўлган органлари жойлашган ўнг томон кўкрак қафаси, чап томон қулоқ супраси, чап чакка ва энса ҳамда бош тепа энса соҳаларига жами уч маротаба уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказганлиги оқибатида З.А воқеа жойида вафот этган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида давлат органлари инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган.

Ушбу жиноят иши туман судида мазмунан кўриб чиқилиб, туман судининг 2024 йил 15 июлдаги ҳукмига кўра Ж.Ш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан 11 (ўн бир) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Шерали Хомидов,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси.

Яна икки нафар ажралиш ёқасидаги оила яраштирилди

Навоий вилоят суди ва Навоий вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Мемарандумга асосан Кармана туманидаги “Талқоқ” МФЙ биносида Кармана тумани оила ва хотин-қизлар бўлими, Навоий вилоят суди, оқила аёллар аъзолари ҳамда МФЙ хотин-қизлар фаоллари иштирокида тумандаги оилавий низолари бор, нотинч оилалар билан очиқ мулоқот ва учрашув тадбири ўтказилди.

Тадбирда 5 нафар нотинч оила аъзолари билан индивидуал суҳбатлашиб, никоҳдан ажратишнинг салбий оқибатлари, оила муқаддаслиги ва фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлмасликлари, жиддий асослар бўлмаганда никоҳдан ажрашиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Натижада, 2 нафар ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилишига эришилди ҳамда қолган оила аъзолари билан кейинчалик яна тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича тегишли тавсилар берилди.

 

А.Баҳронов,

Навоий вилоят суди судьяси. 

Мажбурият бажарилиши лозим

Ҳар бир тадбиркор ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатга киришиб, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишади. Қувонч билан эътироф этиш лозимки, мазкур муносабатлардаги аксарият мажбуриятлар тарафлар томонидан инсофли равишда тўлиқ ва сифатли адо этилади.

Аммо, мажбуриятларнинг ҳаммаси ҳам шу тарзда бажариладими?

Афсуски, айрим ҳолатларда олинган мажбурият ижро этувчи томонидан бажарилмасдан эътиборсиз қолдирилади. Натижада бу тарафларнинг ўзаро муносабатига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, энг нозик жиҳат ҳисобланган ўзаро ишончнинг йўқолишига ҳамда тарафлар ўртасида низо пайдо бўлишига олиб келади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Эътиборингизни суд амалиётида кўрилган бир низога қаратмоқчиман.

Хусусан, «Ҳ.М» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Х.С» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 36.000.000 сўм асосий қарз, 9.432.000 сўм пеня ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш тўғрисида 2023 йил 15 май куни 149.968.000 сўмлик 09/01-сонли шартнома тузилган.

Даъвогар томонидан шартномавий мажбуриятларини бажариш мақсадида 23.10.2023 йилдаги 23/10-сонли ҳисоб-фактурага асосан жами 36.000.115 сўмлик маҳсулотлар жавобгарга етказиб берилган бўлсада, жавобгар томонидан мазкур қарздорлик тўланмасдан қолинган.

Ваҳоланки, шартноманинг 2.1-бандига кўра, “маҳсулот етказиб берувчи” маҳсулотларни “сотиб олувчи”га ўз техникаси билан етказиб бериш, 3.2-бандига кўра “сотиб олувчи” сотиб олган маҳсулот ҳақини ўз вақтида тўлаш мажбуриятини олган.

Қарздорлик суммасини тўлаб бериш юзасидан даъвогарнинг талабномалари жавобгар томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Натижада даъвогар томонидан жавобгарга нисбатан қарздорлик суммасини ундириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилинган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгардан даъвогар фойдасига мавжуд қарздорлик суммалари ундириб берилиб, даъвогар тадбиркорнинг манфаати суд йўли билан ишончли ҳимоя қилинди.

Жавобгар шартномавий мажбуриятини бажармаганлиги натижасида даъвогар фойдасига асосий қарздан ташқари, тўлов кечиктирилган кунлар учун ҳисобланган пеня ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ҳам тўлашга мажбур бўлди.

Энг асосийси эса, тарафлар ўртасидаги доимий ҳамкорликка путур етди, ўзаро ишонч йўқолди.

Зеро, Фуқаролик кодексининг 9-моддасида, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса — иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари кераклиги назарда тутилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, қонун талаблари асосида тузилган шартнома бўйича олинган мажбурият бажарилиши лозим. Мажбуриятнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли равишда бажарилиши ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишида, ҳамкорликнинг узоқ вақт давом этишида ҳамда бу орқали ўз тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ва кенгайишида муҳим омилдир.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг бола билан кўришиб туриш ҳуқуқи

Бугунги кунда давлат томонидан болалар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг, ота-онанинг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, ҳимояланиши каби конституциявий принциплар таъминланиши бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳар бир болага лозим даражада тарбия беришда ва уни камолотга етишига нафақат ота-онанинг, балки бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг ҳам ҳиссаси катта.

Шу сабабли оила қонунчилигига асосан нафақат боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг бола билан кўришиш ҳуқуқи, бундан ташқари бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг ҳам бола билан кўришиб туриш ҳуқуқи мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 77-моддасида, бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга. Ота-она (улардан бири) яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига имконият бермасалар, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин. Агар ота-она (улардан бири) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорини бажармаса, боланинг яқин қариндошлари ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолларни бартараф қилиш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Суд боланинг манфаатларини ва боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда низони ҳал қилади.  Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаган тақдирда айбдор ота (она)га нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилади.

Ушбу моддада бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига ота-она (улардан бири) имконият бермаса, улар васийлик ва ҳомийлик органига мурожаат қилишлари лозим, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин, агар ота-она (улардан бири) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорини бажармаса, бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолларни бартараф қилиш ҳақида даъво талаби билан тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман, шаҳар) судига мурожаат қилишлари мумкин.

 

  Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.

Тўловга қобилиятсиз деб топиш асослари ва бу борада амалиётда учраётган муаммолар муҳокамасига бағишланган семинар бўлиб ўтди  

Бозор иқтисодиёти шароитида рақобат муҳитининг ривожланиши, тадбиркорлик фаолиятини самарасиз бошқариш, “хуфёна бизнес”нинг ривожланиши ва бошқа бир қатор омиллар тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий ночорлигига сабаб бўлади.

Йиғилишда суд амалиётида тўловга қобилиятсиз деб топиш тоифадаги аризаларни судга тақдим этиш (давлат солиқ хизмати органлари ёки бошқа кредиторлар томонидан), суд муҳокамасида кўриб чиқишга тайёрлаш ва кўриб чиқиш, қабул қилинган суд хужжатларини ижро этилишида Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни, Иқтисодий процессуал кодекси, “Суд хужжатлари ва бошқа органлар хужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонун хужжатлари талабларига риоя қилиш аҳволи муҳокам қилинди.

Мазкур йиғилиш Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан вилоят ва Кармана туманлараро иқтисодий суди судьялари иштирокида Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят бошқармаси маъмурий биносида бўлиб, унда вилоят прокуратураси, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят бошқармаси ва Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси маъсуллари ва тугатиш бошқарувчилари қатнашди.

Йиғилишда Навоий вилоят иқтисодий судлар томонидан 2024 йил биринчи яримида 56 та ёки кўрилган ишлардан 1,8 фоизи тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар тоифасига тўғри келишини, тугатишга доир иш юритиш муддатлари бир йилдан ошган ишларни қонунда белгиланган муддатларда тугатиш чораларини кўриш ҳамда тўловга қобилиятсизлик ишлар бўйича чиқарилган хусусий ажримлар ижросини ўз вақтида таъминлаш юзасидан йўл харитаси тузилди.

Шунингдек, ижро жараёнида вужудга келган муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида таклифлар берилиб, келгусида алоҳида эътибор қаратиладиган аҳамиятли масалалар белгилаб олинди.

 

 

Сабит Жакеев,

Навоий вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси.

 

Лутфулла Тошмуродов,

Навоий вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси. 

Skip to content