Qidiruv:

Янги Фармонга асосан ташкил этилаётган тергов судьяларининг вазифалари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-89-сонли фармонида 1.16.00.00.00 Хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот муҳофазаси / 16.12.00.00 Жиноят-процессуал қонунчилиги / 16.12.09.00 Ишни судга қадар юритиш;

2.17.00.00.00 Одил судлов / 17.01.00.00 Судга оид умумий масалалар ва суд тузилиши. Суд ислоҳоти;

3.17.00.00.00 Одил судлов / 17.02.00.00 Суд тизими / 17.02.04.00 Қорақалпоғистон Республикасининг жиноят ишлари бўйича Олий суди;

4.17.00.00.00 Одил судлов / 17.02.00.00 Суд тизими / 17.02.06.00 Маъмурий судлар]

2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш; жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш; жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш; тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш; тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш кўрсаиб ўтилган.

Фармонга асосан, тергов судьясига: қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома; қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, илтимоснома; паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома; мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома; почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома; тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома; телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома; мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш ваколатини бериш, шунингдек, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома; айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси; ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома; прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш ваколатини берилган.

[ОКОЗ:

1.17.00.00.00 Одил судлов / 17.01.00.00 Судга оид умумий масалалар ва суд тузилиши. Суд ислоҳоти]

Қуйидагилар, яъни қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш; қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш; фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган.

Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди; тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофик, амалга оширилади; тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилади.

 

Фазлиддин Саноқулов,

Навоий туманлараро маъмурий судининг судьяси 

Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатидир

Конституция – давлатимизнинг бош қонуни, мамлакатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатидир.

Конституция ҳар бир давлат тараққиётининг пойдевори бўлган ҳуқуқий, сиёсий ва мафкуравий ҳужжат – мамлакатнинг асосий қонуни ҳисобланади.

Айтиш жоизки, Конституциямиз мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлашнинг муҳим асосидир.

Конституция асосида инсон қадри улуғланадиган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш мақсадида кенг қамровли янгиланишлар ва ислоҳотлар амалга оширилди, бу борада бой тажриба тўпланди.

Маълумки, мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Конституцияда энг муҳим жиҳатлари инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадриммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда демократик ҳуқуқий давлат қуриш билан боғлиқ ўзгаришлар киритилди.

Хусусан, Конституциямизга мувофиқ, демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши асосий қонунимизда белгилаб берилди.

Конституциямизда энг олий қадрият сифатида асосий эътибор давлатга эмас, балки инсон манфаатларига қаратилди.

Шунинг учун ҳам инсонларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, уларнинг тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш, инсонга муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уни бахтли қилиш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Қонунимизнинг асосий тамойили бўлиб ҳисобланади.

Шуни таъкидлаш жоизки, миллий манфаатларимиз ва интилишларимизга асосланган халқаро ҳуқуқ нормалари билан қиёсланган муҳим ҳужжатни қабул қилиниши билан Ўзбекистон бутун дунёга инсон ҳуқуқларининг муқаддаслиги ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини, халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, ўз миллий бойликларига ўзи эгалик қилиши Бош Қонунимизда белгилаб қўйилди.

Конституциянинг 55-моддасига кўра, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

 Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли. Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.

Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Конституциямизга бундай норма киритилиши, ўз навбатида, бузилган ҳуқуқни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай усуллар билан, ўзгаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилмаган ҳолда ҳимоя қилишни ҳамда ҳар бир фуқаронинг ўзига тегишли бўлган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, Бош қомусимиз нафақат демократик тараққиётимизнинг кафолати, балки ижтимоий ҳаётимизда содир бўлаётган улкан ўзгаришларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланаши, инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни ошириши билан биргаликда, ҳуқуқий кафолатларни шакллантирди ва мустаҳкамлади.

 

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси 

Маъмурий судлар фаолиятида Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўлланилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади

Қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқ фаровонлигига эришиш мумкин. Мамлакат тараққиёти қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг амалдаги ифодасига ҳам узвий боғлиқ, бу инсон қадр-қиммати ҳимоясининг ҳуқуқий кафолатига айланади.

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш бугун давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, бу тамойил янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган.

Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга эканлиги уни барча қонунлардан устун туришини англатади.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ишончли ҳимоя қилиниши ва одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Статистик маълумотларга кўра Навоий туманлараро маъмурий суди томонидан 2024 йилнинг 9 ойи давомида жами 679 та маъмурий иш кўрилган бўлиб, мазкур ишлар бўйича жами 347 ҳолатда Конституция нормалари тўғридан тўғри қўллаган.

Суд амалиётидан кўринишича, маъмурий судлар томонидан Конституциянинг 55-моддасида белгиланган, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланишини кўрсатиб келаётган бўлса, низонинг туридан келиб чиқиб тегишлилигига кўра Конституциянинг 15,41,46,63,67 каби бошқа моддалари ҳам қўлланилмоқда.

Шунингдек, Конституциянинг 15-ва 54-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олиниши ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлигининг белгиланиши, ҳар бир фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга бевосита хизмат қилади.

Мазкур конституцион тамойиллар давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан судлар томонидан Конституция нормаларини ҳуқуқни қўллаш амалиётида бевосита тадбиқ этиб, Конституцияда белгиланган нормаларни аниқ кўрсатган ҳолда қарорлар қабул қилишини англатади.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 15-моддасида, суд маъмурий ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилишининг белгиланганлиги маъмурий суд ишларини юритишнинг муҳим бир принципи сифатида эътироф этилган.

Фуқароларнинг ҳар томонлама ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи Бош қомусимизнинг ҳар бир боби халқ манфаатини кўзлаб қабул қилинган, зеро унда халқ ҳуқуқлари жамиятда устун қўйилганлигини кўришимиз мумкин.

 

 

Азиза Рўзиева,

Навоий туманлараро маъмурий суди судьяси

Коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш

Коррупция ўзи нима? Коррупция бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Коррупция турли даврларда турли олимлар турли хил муносабат билдирган, хусусан, Никколо Макиавелли уни йўталга қиёслайди ва шундай дейди, “Коррупцияни ҳам йўталга ўхшаб аниқлаш қийин, аммо даволаш осон, лекин бу касални ўтказиб юборсангиз уни аниқлаш осон аммо даволаш қийин” дея таъриф беради. Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир, деб қайд этган.

2017-йил 3-январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилинши – бу соҳада янги бир саҳифани очиб берди. Ушбу қонун ҳужжати қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга:

Биринчидан, унда Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг белгилаб қўйилганлиги бўлиб, бу соҳада тизимли ишлар олиб бориши Антикоррупцион ишларнинг тизим сифатида ташкил қилинишига ёрдам беради.

Иккинчидан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масаласига қонун ҳужжати доирасида алоҳида тўхталгани ва уни ташкил қилишнинг омиллари, амалга ошириш механизмларининг белгиланганлиги муҳим хусусиятлардан бири бўлди.

Учинчидан, коррупциянинг олдини олишга доир чоратадбирларнинг қонун ҳужжатида белгилаб берилганлиги хусусияти бўлиб, бу белгиланган чоратадбирлар, нафақат коррупцияга қарши қонунчилик ва жазо чоралари билан курашни, балки уни олдини олиш, бунинг учун эса фуқароларнинг ҳуқуқий онгни ва маданияти юксалтириш омилига кенг тўхтаб ўтилган.

Тўртинчидан, Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, бу борада қонунни қўллаш амалиётини амалга ошириш ҳақида турли тамойиллар ва ҳаракатларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталиб ўтилган.

Умуман олганда, бу қонун бугунги кунда олдимизга қўйган энг эзгу мақсадларимиз, миллий ғоямизда ифода қилинаётган Янги Ўзбекистон янгича дунёқарашни фуқароларимизда шакллатиришда муҳим ўрин эгаллайди.

Давлатимиз ривожланиши, коррупциянинг йўқолишида ҳар биримизнинг кичик ҳиссамиз орқали улкан натижаларга олиб келади.

 

У.Исмаилов,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси

 

Н.Зайниев,

Навоий вилоят маъмурий судининг судя катта ёрдамчиси

Одам савдоси қилмиши учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик

Инсон, шубҳасиз, энг олий мавжудот. Биз инсон деганда, энг аввало ота-она, устоз, фарзанд, ёру дўст каби улуғ зот ва неъматларни тушунамиз. Уларнинг борлиги ҳаётимиз мазмунидир, йўқлигини эса тасаввур ҳам қилаолмаймиз.

Минг афсуски, тараққиёт ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилгани сари жамиятимиздаги айрим қўштирноқ ичидаги одамларнинг онг ва маънавиятсизлиги ўзининг энг тубан ва жирканч нуқтасига яқинлашиб, ҳатто ўтиб ҳам кетмоқда. Бундай салбий даражадаги баҳога лойиқлар инсон дейишга ҳам арзишмайди. Чунки бундай тоифадагиларнинг маънавият ва инсонийлик даражаси бўлганида улар инсонга “товар” сифатида қарашмаган, бозорда сотиладиган маҳсулот каби жамиятнинг энг олий ва бебаҳо мавжудоти – инсонни бошқаларга пуллашмаган бўлар эди.

Албатта, Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Бош қомусимиз – Конституциямиз билан кафолатланади.

Одам савдоси иллати нафақат мамлакатимизни, балки жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ХХI асрнинг жиддий муаммоларидан биридир. Меҳнат миграцияси ҳамда ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб бермоқда.

Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.

2013 йил 30 июль куни БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.

Бугунги кунда кўплаб халқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган. 2008 йилда эса “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Миллий қонунчилигимизда одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги шахс эркинлигининг конституциявий кафолатларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси биринчи қисми диспозицияси мазмунига кўра, одам савдоси деганда, одамни олиш-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади.

Мазкур моддадаги қилмишлар содир қилинганлиги учун ушбу кодексда уч йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилган.

Юқорида келтирилган чора-тадбирлар, бизни ҳотиржам бўлишимиз учун етарли эмас, шу сабабли мамлакатимизда одам савдоси, хусусан, унинг трансмиллий кўринишларига қарши қатъий чоралар кўрилиши изчил давом эттирилмоқда.

Албатта, ушбу мақоламиз орқали, кимнингдир кўнглига озор бериш ёки уни камситиш ниятимиз йўқ.

Фақатгина одам савдоси, хусусан ҳимоясиз бола ва ожиза аёлни ушбу иллат қурбони бўлиши инсонийликка хос бўлмаган иллат эканлигини яна бир бора тушунтириш, барчани огоҳликка чақириш, бундай жиноятларни олдини олиш учун ўз маънавиятимиз ва инсонийликка ҳос бўлган эзгу туйғуларимизни шакллантириб бориш, билиб-билмай бу қабиҳ йўлга кирмоқчи бўлганларни тўғри йўлга бошлаш, одам савдоси каби жирканч жиноят билан шуғулланиб юрганларни аниқлаш, уларга қатъий қонуний жавобгарлик ва жазо чораларини кўрилишини таъминлашда эса биргаликда курашишимиз кераклигини таъкидлаш мақоламизнинг бош мақсадидир.

 

Ғофуров Шерзод

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси

Конституция – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг гаровидир

Барчага маълумки, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги конституцияси қабул қилинди.

Ўзбекистонда 2023 йилда янги тахрирда Конституция қабул қилиниши масаласи кўтарилганда, унда инсон ҳуқуқларини янада кенгайтириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш механизмини, инсон ҳуқуқларини таъминлашда давлат маъсулиятини кучайтириш зарурати мавжудлигидан келиб чиқилди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг муқаддимасида “Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда ушбу Конституцияни қабул қиламиз ва эълон қиламиз” деб кўрсатилиши, Конституциянинг асосий мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилганлигини англатади.

Дарҳақиқат, Конституциядаги нормаларга диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, унда инсон манфаатлари давлат манфаатларидан устун қўйилганлигини кўришимиз мумкин бўлади.

Биргина мисол, Конституция 20-моддасининг бешинчи қисмида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” деб кўрсатиб ўтилди. Бу қоида баъзи бир ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун нормаларида келтирилган бўлса-да, бошқа қонун нормаларида назарда тутилмаган эди. Бундай қоиданинг Конституцияга киритилиб, Конституциявий норма сифатида қабул қилиниши, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаати ҳамма нарсадан устун эканлигини англатади.

Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари анча кенгайтирилди. Янги ҳуқуқлар ва қоидалар белгиланди. Буни аввалги “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” боби, “Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар” деб ўзгартирилганида ҳам кўриш мумкин. Аввалги Конституцияда инсон хуқуқлари учун 23 та модда ажратилган бўлса, янги тахрирдаги Конституцияда 34 та модда мавжуд бўлди. Инсон ҳуқуқларига тааллуқли моддалардаги нормалар 37 тадан 98 тага кўпайди. Бу дегани фақат янги моддалар қўшилиб қолинмай, янги нормалар билан ҳам бойитилди.

Ўлим жасоси тақиқланиши, инсонни шаъни ва қадр-қиймати дахлсиз эканлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган холда хибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки уни озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги, шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслиги, уни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб туриш сабаблари тушунтирилиши шартлиги, айбсизлик призумцияси аниқ белгиланганлиги, айбсизликка оид барча шубхалар, уларни бартараф этиш имконияти тугаган бўлса айбланувчи, судланувчи ёки махкумнинг фойдасига ҳал қилиниши, хар ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувохлик беришга мажбур эмаслиги агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ва жазоланиши мумкин эмаслиги каби нормаларнинг конституцияга киритилганлиги инсонпарвар давлат йўлидан бораётганимизни англатади.

Конституциянинг 54-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.

Давлат инсон ҳамда фуқарониниг Конституция ва қонунларида мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” – деб мустаҳкамланганлиги, давлатнинг ўз зиммасига катта маъсулиятни олганлигини англатади. Бу норма давлатнинг мақсади асосида, маъсулиятини Конституциявий даражада мустаҳкамлайди.

Конституция 55-моддасининг учинчи қисмида, “Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади” деб кўрсатилган бўлиб, ушбу норма ҳам конституция – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг гарови эканлигидан далолат беради.

 

 

Муродов Акмал,

Навоий вилоят маъмурий судининг раиси

Хатирчи туманида ташкил этилган сайёр қабул тафсилотлари

Шу аснода Навоий вилоят суди раҳбарияти томонидан жойларда доимий равийшда сайёр қабуллар ўтказиб келмоқдалар.

Навбатдаги ана шундай сайёр қабуллардан бири Хатирчи тумани Тиббиёт коллежи биносида ўтказилди.

Сайёр қабулда жами 10 нафар фуқаролар қабул қилинган бўлиб, қабул қилинган фуқароларнинг 4 таси жиноят ишлари бўйича, 3 таси фуқаролик ишлар бўйича, 1 таси маъмурий ишлар бўйича ва 2 таси иқтисодий ишлар бўйича мурожаат қилган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 1 таси қаноатлантирилган бўлса, қолган 9 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Бу каби оммавий сайёр қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, фуқароларни узоқ вақт давомида ўз ечимини топмай келаётган суд-ҳуқуқ соҳасига доир муаммоларига қонуний ечим топиш орқали халқимизни рози қилиш ва қонун устуворлиги таъминлаш орқали одил судловга эришишидан иборатдур.

 

Ихтияр Касимов,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари

Халқ дардига ҳамнафас бўлмоқ бугунги куннинг талаби

Шу аснода Навоий вилоят суди раҳбарияти томонидан жойларда доимий равийшда сайёр қабуллар ўтказиб келмоқдалар.

Навбатдаги ана шундай сайёр қабуллардан бири Кармана тумани “Ҳазора” МФЙ биносида ўтказилди.

Сайёр қабулда жами 5 нафар фуқаролар қабул қилинган бўлиб, қабул қилинган фуқароларнинг 2 таси жиноят ишлари бўйича, 2 таси фуқаролик ишлар бўйича, 1 таси маъмурий ишлар бўйича мурожаат қилган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 1 таси қаноатлантирилган бўлса, қолган 4 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Бу каби оммавий сайёр қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, фуқароларни узоқ вақт давомида ўз ечимини топмай келаётган суд-ҳуқуқ соҳасига доир муаммоларига қонуний ечим топиш орқали халқимизни рози қилиш ва қонун устуворлиги таъминлаш орқали одил судловга эришишидан иборатдур.

 

Ихтияр Касимов,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари

Халқнинг дарду-ташвишини тинглаб уларга ечим топиш, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни жойида ҳал қилиш бугунги кунда ҳар бир давлат идорасининг ўз олдига қўйилган вазифалардан бири ҳисобланади

Шу аснода Навоий вилоят суди раҳбарияти томонидан жойларда доимий равийшда сайёр қабуллар ўтказиб келмоқдалар.

Навбатдаги ана шундай сайёр қабуллардан бири 2024 йил 21 ноябрь куни Конимех тумани Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида ўтказилди.

Сайёр қабулда жами 7 нафар фуқаролар қабул қилинган бўлиб, қабул қилинган фуқароларнинг 5 таси жиноят ишлари бўйича, 1 таси фуқаролик ишлар бўйича, 1 таси иқтисодий ишлар бўйича мурожаат қилган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 1 таси қаноатлантирилган бўлса, қолган 6 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Бу каби оммавий сайёр қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, фуқароларни узоқ вақт давомида ўз ечимини топмай келаётган суд-ҳуқуқ соҳасига доир муаммоларига қонуний ечим топиш орқали халқимизни рози қилиш ва қонун устуворлиги таъминлаш орқали одил судловга эришишидан иборатдур.

 

Ихтияр Касимов,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари

Олис ҳудудга суд раисларининг ташрифи

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Учқудуқ туман судлари раислари томонидан Учқудуқ туманидаги “Алтинтау” овул фуқаролар йиғинида сайёр қабул ва ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Дастлаб тадбирда сўзга чиққан суд раислари томонидан, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, судларнинг вазифаси, судлар томонидан қандай тоифадаги ишлар кўрилаётганлиги борасида атрофлича тушунтиришлар берилди.

Хусусан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.

Тадбир иштирокчиларига ўтган қисқа даврда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган тарихий ўзгаришларга қўл урилганлиги, мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида белгиланганлиги, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгиланганлиги борасидаги фикрлар айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, сайёр учрашувда суд раислари томонидан туман ҳудудида сўнгги вақтларда содир этилаётган жиноятлар, кредит ва солиқ қарзини ундириш бўйича кўрилган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.

Тадбир якунида овул фуқаролар йиғини аҳолисига ўзларини қизиқтирган барча саволлар юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси 

Skip to content