Qidiruv:

Оталик факти белгиланди

2025 йил 15 май куни фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судида аризачи А.Бнинг Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимига нисбатан оталик фактини белгилаш ҳақидаги аризаси бўйича фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди.

Иш ҳужжатларида мавжуд маълумотлардан аниқланишича, аризачи А.Б 30.11.2022 йилда Хатирчи тумани “Наврўз” МФЙда яшаган, ҳозирги кунда мархум бўлган В.Гга турмушга чиқиб, у билан қонуний никоҳдан ўтмасдан шаръий никоҳда яшагани, у билан 2023 йил 23 июнь кунига қадар бирга яшаб келиб, турмуш ўртоғи 2023 йил 23 июнь куни автоавария натижасида вафот этгани, шу вақтда ҳомиладор бўлгани, 2023 йил 03 сентябрь куни А.А исмли фарзанди туғилган, турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳ қайд этилмагани сабабли фарзандига оталиги белгиланмаган, шунинг учун фарзандига боқувчисини йўқотганлик учун нафақа ололмаган, фарзандини моддий таъминотида қийналиб қолгани учун мархум турмуш ўртоғининг фарзандига оталигини белгилатиб боқувчисини йўқотганлик учун нафақа олиш мақсадида судга мурожаат қилган, шунга кзра 2023 йил 03 сентябрда туғилган фарзанди А.Анинг отаси В.Г эканлиги фактини белгилаб беришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасига кўра, фуқаролар ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни суд аниқлайди. Оталикни тан олиш (белгилаш) фактини аниқлаш тўғрисидаги ишларни суд кўради. Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёки йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд бу фактларни аниқлайди.

Мазкур Кодекснинг 296-моддасига асосан юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш тўғрисидаги ишлар бўйича аризалар аризачи яшаб турган жойдаги судга берилади. Аризада муайян фактни аниқлаш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек, аризачининг тегишли ҳужжатларни олиш имкониятига эга эмаслигини ёхуд йўқолган ҳужжатларни тиклаб бўлмаслигини тасдиқловчи далиллар келтирилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 62-моддасига кўра, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин. Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 25 ноябрда қабул қилинган “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 8-сонли қарорининг 18-бандига асосан боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахс вафот этган ҳолда, суд оталик фактини, яъни боланинг ўша шахсдан келиб чиққанлиги фактини белгилашга ҳақли. 1968 йил 1 октябрдан кейин туғилган болаларга нисбатан оталик факти Оила кодексининг 62-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасини ишончли тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлгандагина белгиланиши мумкин.

Иш ҳужжатлари ва ишда аниқланган ҳолатларга кўра, Хатирчи туман “Наврўз” МФЙ вакиллари томонидан 25.07.2025 йилда имзоланган далолатномадан кўришича, фуқаро А.Б турмуш ўртоғи В.Г билан шаръий никоҳ бўйича эр хотин бўлиб яшагани, В.Г 2023 йил 23 июнда вафот этгани, 2023 йил 03 сентябрь куни уларнинг фарзанди А.А туғилгани, улар доимий бирга яшагани ва уларнинг ўрталарида бир нафар 2023 йил 03 сентябрда туғилган А.А исмли фарзанди борлиги кўрсатилган.

Иш ҳужжатларда мавжуд Пахтачи туман ФҲДЁ бўлими томонидан 2023 йил 23 июнда 4-1405-23-00459-сон ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидан аниқланишича, фуқаро В.Г 2023 йил 23 июнда автоавария натижасида вафот этганлиги кўрсатилган.

Иш ҳужжатлар ва судда аниқланган ҳолатларга кўра аризачи А.Б ва В.Глар бирга яшаган даврида улардан бир нафар 2023 йил 03 сентябрда А.А исмли фарзанди туғилган.

Тарафлар ўртасида никоҳ қайд этилмаганлиги сабабли фарзандининг фамилиясига она фамилияси қайд этилган.

Мазкур ҳолатлар ишга тақдим қилинган ҳужжатлар ва аризачининг кўрсатмалари билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Суд аризада келтирилган талабни муҳокама қилиб, мазкур ҳолатда аризачи А.Б ва унинг марҳум турмуш ўртоғи В.Г 2022-2023 йилларда фактик никоҳ муносабатлари бўлиб бирга турмуш кечирганлиги, уларнинг биргаликдаги турмушларидан бир нафар фарзанди туғилганлиги ҳамда В.Г томонидан ушбу боланинг оталиги тан олиниб, улар билан бирга яшаб таъминлаб турганлигини, бу ишга тақдим қилинган хужжатлар билан тўлиқ ўз тасдиғини топганлигини, бироқ В.Г вафот этиб кетганлиги сабабли туғилган фарзандининг оталиги белгиланмай қолганлигини, ушбу ҳолат юзасидан бирон-бир низо йўқлигини, бундай ҳолатда аризачининг аризаси асосли ҳисобланишини, аризачи мазкур ҳолатда ушбу фактни бошқа йўл билан тасдиқлаш имкониятига эга эмаслигини инобатга олиб, аризани қаноатлантиришни, 2023 йил 23 июнда вафот этган, ўзбек миллатига мансуб фуқаро В.Гнинг 2023 йил 03 сентябрда туғилган А.А исмли фарзандининг отаси эканлиги факти белгилашни, Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимида 05.09.2023 йилда 1-2108-23-03353-сон билан А.А исмли боланинг туғилганлиги қайд этилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувининг ота устунига отаси “В.Г, 10.01.1995 йилда туғилган” деб ўзгартириш киритишни лозим топди.

Бир сўз билан айтганда вояга етмаган А.Анинг қонуний ҳуқуқлари суд орқали тикланди.

 

Бабақулов Баходир,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси

Шартнома шартлари унинг тарафлари томонидан бажарилиши лозим

Ҳар бир тадбиркор ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатга киришиб, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишади. Қувонч билан эътироф этиш лозимки, мазкур муносабатлардаги аксарият мажбуриятлар тарафлар томонидан инсофли равишда тўлиқ ва сифатли адо этилади.

Афсуски, айрим ҳолатларда олинган мажбурият ижро этувчи томонидан бажарилмасдан эътиборсиз қолдирилади. Натижада бу тарафларнинг ўзаро муносабатига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, энг нозик жиҳат ҳисобланган ўзаро ишончнинг йўқолишига ҳамда тарафлар ўртасида низо пайдо бўлишига олиб келади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Эътиборингизни суд амалиётида кўрилган бир низога қаратмоқчиман.

Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси «REGISTON» хусусий корхонаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «SHIMOLIY PLATINA» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 28.854.933 сўм асосий қарз ва 14.427.466 сўм пеняни ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида 28.02.2022 йилда 62-сонли ва 01.01.2023 йилда 69-сонли олди-сотди шартномаси тузилган.

Шартнома шартига кўра, “ижрочи” шартномада келтирилган жадвалга мувофиқ ёқилғи маҳсулотларини етказиб бериши, “мижоз” эса ушбу маҳсулотларни қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Даъвогар томонидан шартномавий мажбуриятларини бажариш мақсадида ёқилғи маҳсулотлари жавобгарга етказиб берилган бўлиб, ҳисоб-фактуралар жавобгар томонидан эътирозсиз тасдиқланиб қабул қилинган ва қисман тўловлар амалга оширилган бўлсада, жавобгар томонидан 28.854.933 сўмлик қарздорлик тўланмасдан қолинган.

Қарздорлик суммасини тўлаб бериш юзасидан даъвогарнинг талабномалари жавобгар томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Натижада палата даъвогар манфаатида жавобгарга нисбатан қарздорлик суммасини ундириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилинган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгардан 28.854.933 сўм асосий қарз ундирилиб, даъвогар тадбиркорнинг манфаати суд йўли билан ишончли ҳимоя қилинди.

Жавобгар шартномавий мажбуриятини бажармаганлиги натижасида даъвогар фойдасига асосий қарздан ташқари, тўлов кечиктирилган кунлар учун ҳисобланган пеня ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ҳам тўлашга мажбур бўлди.

Энг асосийси эса, мазкур ҳолатлар тарафлар ўртасидаги доимий ҳамкорликка ва ўзаро ишончга ўзининг салбий таъсирини таъсир кўрсатди.

Зеро, Фуқаролик кодексининг 9-моддасида, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса — иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари кераклиги назарда тутилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, қонун талаблари асосида тузилган шартнома бўйича олинган мажбурият бажарилиши лозим. Мажбуриятнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли равишда бажарилиши ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишида, ҳамкорликнинг узоқ вақт давом этишида ҳамда бу орқали ўз тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ва кенгайишида муҳим омилдир.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар ҳамда Томди туман судлари томонидан ўтказилган сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Зарафшон шаҳридаги “Ёшлар маданият саройи” биносида жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди ҳамда жиноят ишлари бўйича Томди туман судлари томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик олдини олиш мақсадида фуқаролар ва уюшмаган ёшлар иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Сайёр суд мажлиси якунига уланиб кетган тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилинаётган барча ишлар, қабул қилинаётга қонунлар барчаси “Инсон қадри ва манфаатлари учун” эканлиги, буни ҳар-бир Ўзбекистон фуқароси ич-ичидан ҳис қилиши ва жиноятчиликка қарши биргаликда муросасиз курашиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Исоков Анвар,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси

 

Мирзаева Азиза,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси

 

Эргашева Дилобар,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг тергов судьяси

Навоий шаҳридаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари иштирокида ўтказилган давра суҳбати тафсилотлари

Ёшларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш мактаб давридан бошланса яхши натижага эриши мумкин. Ҳуқуқий билимга эга бўлган фуқаролар эса ҳуқуқбузарликка қўл урмайди.

Навоий вилоят маъмурий суди судьяси Д.Бобоноров томонидан Навоий шаҳридаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун очиқ дарс машғулоти ўтказилди.

Мулоқотларда ўқувчиларга суд тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берди.

Жумладан, маъмурий хукукбузарлик деганда конун хужжатларига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фукароларнинг хукуклари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз килувчи гайрихукукий, айбли (касддан ёки эхтиётсизлик оркасида) содир этилган хдракат ёки хдракатсизлик тушунилади. Маъмурий жавобгарлик тугрисидаги кодекс (бундан буён матнда МЖтК деб юритилади)да назарда тутилган хукукбузарлик учун маъмурий жавобгарлик, башарти бу хукукбузарлик уз хусусиятига кура жиноий жавобгарликка тортишга сабаб булмаган такдирда, амалга оширилади. Башарти маъмурий хукукбузарлик содир этган шахс ўз харакати ёки харакатсизлиги гайрихукукий эканлигини билган булса, унинг зарарли окибагларига кузи етган, юз беришини истаган булса ёки бу ок;ибатларнинг келиб чикишига онгли равишда йул куйган булса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик касддан содир этилган деб хисобланади. Башарти маъмурий хукукбузарлик содир этган шахс ўз харакати ёки харакатсизлиги зарарли окибатларга олиб келиши мумкинлигини олдиндан кўра билган бўлса хам, лекин калтабинлик билан уларнинг олдини олиш мумкин деб уйлаган бўлса, ёхуд бундай оқибатларнинг келиб чикиши мумкинлигини олдиндан куриши лозим ва мумкин бўлгани холда олдиндан кўра билмаган бўлса, бундай маъмурий хуқуқбузарлик эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган деб хисобланади. Маъмурий хукукбузарлик содир этган пайтда ун олти ёшга тулган шахслар, агар МЖтКда бошқача коида назарда тутилмаган булса, маъмурий жавобгарликка тортилади.

Маъмурий хукукбузарлик содир этган ун олти ёшдан ун саккиз ёшгача булган шахсларга нисбатан Волга етмаганлар ишлари буйича идоралараро комиссиялар тугрисидаги низомда назарда тутилган чоралар кулланилади. Мансабдор шахслар бошқарув тартибини, давлат ва жамоат тартибини сақлаш, табиий мухитни, ахоли соғлигини муҳофаза қилиш соҳасида белгиланган қоидаларга ва бажарилишини таъминлаш ўз хизмат вазифаларига кирадиган бошқа қоидаларга риоя этмаганлик билан боғлик, маъмурий ҳукукбузарлик содир этганликлари учун маъмурий жавобгарликка тортилишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонунининг талабларига кура, Ўзбекистон Республикасида суд хокимияти конун чикарувчи ва ижро этувчи хокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошка жамоат бирлашмаларидан мустакил холда иш юритади. Ўзбекистон Республикасида суд хокимияти факат судлар томонидан амалга оширилади. Хеч кайси бошка органлар ва шахслар суд хокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга хакли эмас. Ўзбекистон Республикасида суд тизими: Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди; Ўзбекистон Республикаси Олий суди; харбий судлар; Қоракалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шахар судлари; Қоракалпогистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шахар маъмурий судлари; фукаролик ишлари буйича туманлараро, туман, шахар судлари; жиноят ишлари буйича туман, шахар судлари; туманлараро, туман, шахар иктисодий судлари; туманлараро маъмурий судлардан иборатдир. Ўзбекистон Республикасида ишларнинг тоифаларига кўра судларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши мумкин. борилади.

Шундан сунг, судья Д.Бобоноров йиғилишда иштирок этган ўқувчилар билан суҳбатлашиб, қизиқтирган саволларига жавоб берди.

 

Бобоноров Давлат,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси

Нурота туман 8-сонли умумий ўрта таълим мактаби биносида ўтказилган давра суҳбати тафсилотлари

Жиноятга жазо муқаррарлиги ҳар қандай жамиятда муҳим аҳамият касб этувчи масаладир. Қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар хавфсизлигини кафолатлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш учун жиноят содир этган шахслар жазога тортилиши шарт. Шу билан бирга, жазонинг муқаррарлиги жиноятчиларни қайта тарбиялаш ва жамиятга мослаштириш имконини ҳам бериши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида жазонинг муқаррарлиги қонунда белгиланганлиги ва жиноят содир этган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, қайта тарбиялаш ва жамиятга мослаштиришга қаратилган жазони ижро этиш чоралари ҳам белгиланган.

Жиноятга жазо муқаррарлигини та’минлаш масаласи Ўзбекистонда ҳам долзарб аҳамият касб этади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш, қонун устуворлигини та’минлаш ва фуқаролар хавфсизлигини кафолатлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, жиноят қонунчилиги либераллаштирилди, жазо тизими такомиллаштирилди, жиноятчиларни қайта тарбиялаш ва ижтимоий мослашув механизмлари жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев та’кидлаганидек, “Жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда, энг аввало, жиноятга жазо муқаррарлиги принципига қатъий риоя этиш, қонун устуворлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга”.

Шундай экан, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш билан бир қаторда, жиноятчиларни қайта тарбиялаш ва ижтимоий мослашув тизимини такомиллаштириш талаб этилади. Бу борада бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ: Жиноятчилар билан ишлаш методикасини такомиллаштириш, уларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қайта тарбиялаш дастурларини ишлаб чиқиш лозим. Бунда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Жазони ижро этиш муассасаларида жиноятчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларга касб-ҳунар ўргатиш, та’лим ва психологик тренинглар ўтказиш зарур. Бу уларнинг жамиятга қайтганда ижтимоий мослашувини енгиллаштиради.

Жазони ўтаб чиққан шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиш муҳим. Уларни иш билан таъминлаш, уй-жой масаласини ҳал қилиш, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш каби чора-тадбирлар самарали бўлиши мумкин. Жиноятчилар орасида ма’навий-ахлоқий тарбия ишларини кучайтириш, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш лозим. Бунда диний ташкилотлар, маҳалла институтлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Жамиятда жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, сог’лом муҳитни яратиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш зарур. Зеро, жиноятнинг олдини олиш унга жазо беришдан кўра муҳимроқдир. Албатта, жиноятга жазо муқаррарлиги ва жиноятчиларни ресотиализатсия қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар Ўзининг самарасини кўрсатиши учун вақт ва тизимли ёндашув талаб этилади. Шу боис, бу йўналишда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчиликнинг яқин ҳамкорлигини таъминлаш муҳимдир.

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан судъя А.Раҳимов қуйидагиларга тўхталиб ўтди:

Мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир олиб борилаётган ислоҳотлар ушбу соҳани институтсионал ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу жараёнда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси, нуфузли халқаро ташкилотларнинг тавсия ва таклифлари инобатга олиниб келинмоқда. Жумладан, мазкур ғоятда муҳим йўналишда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар билан бирликда ушбу соҳада фаолият юритадиган давлат ва жамоатчилик ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилди. Буни парламент, парламент омбудсмани, ННТлар ролининг оширилгани, оммавий ахборот воситаларининг фаоллашгани, давлат органлари ҳисобдорлигининг ортганлиги, очиқлик ҳамда ошкоралик принципларининг таъминланишидаги такомиллашув ва шу каби бошқа ислоҳотлар мисолида кўриш мумкин.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, ташкил этилаётган институтларнинг ихтисослашуви ҳам тобора такомиллашиб бормоқда. Жумладан, Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институти, тадбиркорлар ҳуқуқларини тизимли ва ихтисослашган ҳолда ҳимоясини ташкил қилиш мақсадида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) институтининг ташкил қилиниши бунга яққол далилдир. Шу билан биргаликда, фуқароларнинг давлат органлари билан муносабатда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни самарали ташкил қилишни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида маъмурий судлар ташкил қилинди. Маълумки, маъмурий судларнинг асосий вазифаси, бу – фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборат.

Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликда амалга ошириш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда давлатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факултатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТнинг Олий комиссари бошқармасига аъзо бўлганлиги инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро талабларни бажаришга сидқидилдан киришганлигини кўрсатади. Ўзбекистон халқаро нормаларга мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари таълими соҳасидаги Бутунжаҳон дастурида фаол иштирок этиб келяпти.

“Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш консепсияси” ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракат дастурининг ижроси юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари аҳоли орасида умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва риоя қилиш тамойилларини оммалаштиришга, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини таъминлаш жараёнига кенг жалб этилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчиликнинг такомиллаштирилиши бу борада олиб борилаётган сиёсат ва ислоҳотларни амалга оширишда алоҳида ўрин тутади. Жумладан, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияда суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, Конституция устуворлиги, қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, суд жараёнига тортишув тамойилларини татбиқ этиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар мажмуи қабул қилинди.

Шунингдек, судларда ишларни кўриб чиқишда адолатни, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун “Электрон одил судлов” тизими жорий этилди. Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими, Адвиcе.уз ҳуқуқий маълумотлар тизимининг имкониятларини кенгайтириш ҳамда фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар хизматини кўрсатувчи “Мадад” нодавлат-нотижорат ташкилотини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.

Суд-ҳуқуқ соҳасида маъмурий, жиноий, жиноят-протсессуал ва жиноят ижроия қонунчилиги такомиллаштириб борилмоқда ҳамда инсонпарварлик тамойилига янада мослаштирилмоқда. Афв этиш ва жамоат бирлашмаларининг кафиллиги остида шахсларни жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. Қорақалпоғистон Республикасининг Жаслиқ қўрғонида жойлашган ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясининг ёпилиши муҳим инсонпарвар воқелик бўлди. Қабул қилинаётган чора-тадбирлар натижасида озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сони 2,5 баравар камайди.

Шу билан бир қаторда суд жараёнларида тенглик ва тортишув тамойилларини тўлиқ жорий қилиш, адвокатурани мустақил, ишончли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлантириш, малакавий юридик ёрдам сифатини ҳамда адвокат касбининг нуфузини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида ихтисослашган ҳуқуқшуносларни тайёрлаш тизими такомиллаштирилди. Фуқароларни тенгсизликнинг ҳар қандай кўринишларидан ҳамда аҳолининг заиф қатлам вакилларини камситишлардан ҳимоя қилиш тизими йўлга қўйилди. Инсон ҳуқуқлари ва гендер масалалари бўйича узлюксиз таълим тизимини ривожлантириш, жамиятда қонунга ҳурматни шакллантиришнинг замонавий усуллари жорий этиб борилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчиликнинг такомиллаштирилиши Омбудсман фаолиятини ҳам самарали амалга оширишга замин яратмоқда. Сўнгги йилларда Омбудсман фаолиятининг мамлакатимиздаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ислоҳотларда сезиларли даражада ривожланаётганлигини кўришимиз мумкин. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши ҳамда унинг амалда олий қадриятга айланиши Омбудсман фаолиятининг асосларидан бирига айланиб, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш унинг фаолиятида асосий ўринни эгаллади.

Мамлакатимизда 2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам инсон ва унинг қадр-қиммати, ҳуқуқий манфаатлари ва эркинликлари бош мезон қилиб олинган ҳамда бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларимизнинг асосий ҳужжати бўлди.

Шунингдек, жамоатчилигимиз ва халқимиз билан кенг муҳокамаларда билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган ва Референдум орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид нормалар сони 3,5 баробарга ошди ва инсон ҳуқуқи ва эркинликларига оид бу нормалар Бош қомусимизнинг қарийб 50 фоиздан ортиғини ташкил қилди.

Асосий қонунимизга “Миранда қоидаси”, “Хабиес корпус” институти каби янги ҳимоя воситалари киритилди. Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларнинг изчиллигини, ортга қайтмаслигини кўрсатади. Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда демократик янгиланишлар йўлида илдам одимлаётган Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, энг аввало, халқимизни рози қилиш ҳамда инсон қадрини улуғлашга қаратилган, десак адашмаган бўламиз.

Бугунги кунда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига доир қонунларимиз етарли даражада халқаро нормаларга мувофиқ такомиллаштирилди ҳамда қабул қилинган қонунларимизнинг тўлиқ ижроси ва қонун устуворлигини таъминлаш барчамизнинг асосий вазифамиз бўлиб қолиши керак.

Шундан сўнг, судя А.Раҳимов йиғилишда иштирок этган ўқитувчи ва ўқувчиларни билан суҳбатлашиб, қизиқтирган саволларига жавоб берди.

 

Раҳимов Абубакр,

Навоий туманлараро маъмурий судининг раиси

Иқтисодий судларда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал Кодекси (кейинги ўринларда ИПК деб юритилади)нинг 25-моддасида иқтисодий судга тааллуқли ишлар кўрсатилган бўлиб, унга кўра иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш (бундан буён матнда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш деб юритилади) тўғрисидаги ишлар иқтисодий судга тааллуқли ҳисобланади.

ИПКнинг 205-моддасига асосан, суд юридик шахсларнинг ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқларининг юзага келиши, ўзгартирилиши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлайди.

Суд:

юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг кўчмас мулкка ўз хусусий мулки сифатида эгалик қилиши ва ундан фойдаланиши фактини;

юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг маълум вақтда ва маълум жойда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги фактини;

агар юридик шахснинг ҳужжатда кўрсатилган номи, якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми юридик шахснинг таъсис ҳужжатида кўрсатилган номига, якка тартибдаги тадбиркорнинг паспортида ёки идентификацияловчи ID-картасида ёхуд туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган фамилиясига, исмига, отасининг исмига тўғри келмаса, иқтисодиёт соҳасида амалда бўлган ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатнинг юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга тегишлилиги фактини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради.

Суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам, агар қонунчиликда уларни аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, аниқлаши мумкин.

Кодекснинг 206-моддасига кўра, юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга, фақат ўзида ушбу фактларни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларни олиш ёки тиклаш имкони бўлмаган тақдирда ва, агар қонунчиликда тегишли фактларни аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, ҳақлидир.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза аризачининг жойлашган ери ёки яшаш жойи бўйича судга берилади, бундан кўчмас мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга оид юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалар ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактлар мустасно бўлиб, улар кўчмас мулк жойлашган ердаги судга берилади.

Шунингдек, ушбу тоифадаги ишларни кўришда суд қонунчиликда ушбу фактни аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган-тутилмаганлигини, аризачида зарур ҳужжатларни олиш ёки тиклаш учун бошқа имконият бўлган-бўлмаганлигини текширади, аризачи иқтисодиёт соҳасида фаолиятни амалга ошириши муносабати билан ушбу факт унинг учун юридик аҳамиятга эга бўлган оқибатларни келтириб чиқаришини ёки чиқармаслигини белгилайди, талаб этилаётган фактнинг аниқланиши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига таъсир этиши ёки этмаслигини, ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққан-чиқмаганлигини аниқлайди.

Агар юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги иш бўйича суд муҳокамасида ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққанлиги аниқланса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги аризани ИПКнинг 107-моддасининг 7-бандига асосан кўрмасдан қолдиради ва бу ҳақда ажрим чиқаради.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.

Суд томонидан юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилганда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида аниқланган факт баён этилади.

Суднинг юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори тегишли органлар томонидан шундай фактни қайд этиш учун ёки аниқланган факт муносабати билан юзага келадиган ҳуқуқларни расмийлаштириш учун асос бўлади ва ушбу органлар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг ўрнига ўтмайди.

 

 

Турдиев Дилшод,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси

Судья иштирокида очиқ дарс ўтказилди

Ёшларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш мактаб давридан бошланса яхши натижага эриши мумкин. Ҳуқуқий билимга эга бўлган фуқаролар эса ҳуқуқбузарликка қўл урмайди.

Навоий вилоят маъмурий суди судьяси Ғ.Абдухолиқов томонидан Конимех туманидаги 9-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўн биринчи синф ўқувчилари учун очиқ дарс машғулоти ўтказилди.

Мулоқотларда ўқувчиларга суд тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берди.

Жумладан, суд ҳокимиятининг одил судловни таъминлашдаги ўрни, судларда кўриладиган ишлар тоифаси, судга мурожаат қилиш тартиби ва “my.sud.uz” электрон платформаси орқали масофавий интерактив хизматлардан фойдаланиш тушунтирилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик тушунчаси ва унинг учун жавобгарлик, фуқаролик ҳуқуқи асослари бўйича маълумот берилиб, ўқувчиларнинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича фикр-мулоҳазалари эшитилди.

 

Абдухолиқов Ғалим,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси

Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганда иш берувчининг ходимни ёзма равишда огоҳлантириш муддати ва ушбу муддатни пулли компенсация билан алмаштириш тартиби

Меҳнат қонунчилигига асосан иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ходимни қуйидаги муддатларда ёзма равишда огоҳлантириши шарт:

1. Ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёхуд таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарорига биноан тугатилганлиги, технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгаришига, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқаришига боғлиқ бўлган ташкилот ходимларининг сони ёки штати ўзгарганлиги, ташкилот раҳбарига, унинг ўринбосарларига, бош бухгалтерга ва ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси раҳбарига нисбатан ташкилот мулкдорининг ўзгарганлиги муносабати билан бекор қилинганда камида икки ой олдин.

2. Ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги туфайли бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги муносабати билан бекор қилинганда камида икки ҳафта олдин.

3. Ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) муносабати билан бекор қилинганда камида уч кун олдин.

Иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ходимни огоҳлантириш муддатларини огоҳлантириш муддатининг давомийлигига мувофиқ келадиган пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақлидир. Ходимга огоҳлантириш муддатига мутаносиб пулли компенсация тўлаш иш берувчини қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловларни амалга ошириш мажбуриятидан, шунингдек ўзга тўловларни, агар улар меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса, амалга оширишдан озод этмайди. Ходимни огоҳлантириш муддати ичида, бундан меҳнатга оид муносабатларни унинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) муносабати билан тугатиш тўғрисидаги огоҳлантириш мустасно, ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади. Ходимни огоҳлантириш муддатига ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврлари, шунингдек унинг давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарган вақти киритилмайди, бундан меҳнатга оид муносабатларнинг ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилганлиги муносабати билан тугатилиши мустасно.

 

Жумаев Анвар,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси

Савдо-саноат палатасида ўтказилган семинар тафсилотлари

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Джумаев ва фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси А.Хамраевлар томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят бошқармаси биносида “Судларда яраштириш тартиб-таомиллари ҳамда кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими мазмун-моҳияти” мавзусида соҳа мутахассислари билан семинар ўтказилди.

Ушбу семинарда банклар (банк филиаллари)нинг ҳуқуқшунослари ҳамда медиаторлар иштирок этдилар.

Мамлакатимизда бозор иқтисодиётига асосланган муносабатлар жадал ривожланиб борар экан, субъектлар ўртасида турли низолар вужудга келиши табиий. Хўжалик юритувчи субъектлар, айниқса тадбиркорлик субъектлари учун иқтисодиёт соҳасида юзага келган низони узоқ вақт давом этадиган суд жараёнлари орқали ҳал этиш уларга хамма вақт ҳам фойда келтирмайди.

Бугунги кун амалиётидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, низони, зиддиятларни бартараф этишда низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларидан фойдаланиш шу жумладан медиацияни қўллаш тарафларнинг муаммоларни ҳал этишнинг самарали усули бўлибгина қолмай, суд жараёнларини соддалаштиришда ҳамда судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда катта аҳамият касб этмоқда.

Судларда низолашилаётган тарафларни муросага келтириши, уларни яраштириш орқали низони ҳал этиш суднинг асосий вазифаларидан бири бўлиб, бу биринчидан низолашилаётган тарафларнинг ярашув муносабати билан ўзаро ҳамкорлиги, дўстлик муносабатлари сақланиб қолса, иккинчидан тарафларни судга бўлган ҳурмати ва ишончини ошишига хизмат қилади.

Мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида берилган мол-мулкка нисбатан кредиторлар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш, гаровга қўйилган мол-мулкни аукцион орқали сотиш жараёнларини соддалаштириш, шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятларни суддан ташқари тартибда ундириш амалиётини такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга амалиётда кредит (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятларни қарздор томонидан ўз вақтида ва (ёки) лозим даражада бажарилишини, кредиторнинг гаров билан таъминланган талаблари қондирилишини, суд тартибида ва суддан ташқари тартибда ундирувни гаров нарсасига қаратишни, гаровга олувчининг гаров нарсасига бўлган ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 1060-сонли Қонуни орқали Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига, «Гаров тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу Қонун кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштиришга, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришга ва кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилади.

Хусусан, «Гаров тўғрисида»ги Қонунига 26-моддаси тўртинчи қисми тўлдирилиб, 1) агар гаров билан таъминланган, қарздор томонидан қопланмаган мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса; 2) агар гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишининг кечикиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши жуда арзимас деб ҳисобланиши белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига янги
7461-модда киритилиб, унга кўра, кредитни муддатидан олдин суд тартибида ундиришда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кредитор дастлаб қарзнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш учун судга мурожаат қилиши мумкинлиги, бунда агар қарз олувчи муддати ўтган қарзни тўлиқ тўламаган тақдирда, кредитор кредитнинг қолган барча суммасини муддатидан олдин қайтариш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди.

Ўз навбатида, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун 56-моддаси еттинчи қисмининг иккинчи жумласи “Қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган мол-мулк ушбу мол-мулк билан таъминланган қарзни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича реализация қилинмаган тақдирда, давлат ижрочиси ундирувчига мол-мулкни такрорий аукцион савдоларидаги ёки савдо ташкилотлари томонидан қайта реализация қилиш чоғидаги бошланғич сотиш нархидан 25 фоиз камроқ суммада баҳоланган ҳолда ўзида қолдиришни таклиф қилиши тўғрисида”ги норма билан таҳрирланди.

Қонуничилигимиздаги ушбу янгиликлар кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштиришга, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришга ва кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилади.

 

Джумаев Бекзод,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг раиси

 

Хамраев Акрам,

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг раиси

Юртимизда болалар ҳуқуқлари кафолатланган

Шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Энг муҳими, бу ҳуқуқий асосларнинг мазмун-моҳиятига бола ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги миллий ва умуминсоний ғоялар баб-баравар сингдирилди.

Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мазкур Конвенция талабларига қатъий риоя этиб келмоқда.

Мазкур ҳужжатда инсониятнинг узвий бўлаги сифатида тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган.

Сўнги йилларда юртимизда бола ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Конституциямизнинг 77-моддасига биноан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради.

Конституциямизнинг 78-моддасига асосан, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир. Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги ва «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар амал қилиб келинмоқда.

Булардан ташқари, 2024 йил 14 ноябрда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида» қонуни қабул қилиниб, 2025 йил 15 майдан кучга кириши белгилаб қўйилди.

Болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган институт яқин вақтга қадар мавжуд эмасди. Шу маънода, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари-Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилиши маъқулланганлиги ниҳоятда муҳимдир.

Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган шахс бола деб тан олинади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари_ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, ҳомийлар ёки васийлар ҳимоя қилади.

Лекин маълум ёшдаги болалар айрим ҳуқуқларини мустақил амалга ошириши мумкин.

Жумладан, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини кўриб чиқиш кафолатланган. Бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Яна бир мисол: айтайлик, ўн саккизга ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўламаганда ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган. Бундай ҳолларда, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.

Конвенциянинг 3-моддасида, болани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд, маъмурий бошқарув ва қонунчилик органлари томонидан қарорлар қабул қилишда боланинг энг устун манфаатлари кўзланиши тавсия қилинган.

ЮНИСЕФ тавсиясига кўра, бола манфаатларида судларга киритилган даъволар бож ва бошқа тўловлардан озод қилиниши мақбул ҳисобланади.

Шу маънода, юртимизда болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат  қилишда даъвогар давлат божи тўловлардан озод этилиши билан боғлиқ берилган имтиёз ҳам халқаро андозаларга тўла муносибдир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу-ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларни йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади».

 

Умаров Нурбек,

Навоий вилоят судининг судьяси

Skip to content