Qidiruv:

Гиёҳвандлик учун жазоланди

Жамиятимизда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятларни содир этганларга нисбатан оғирроқ жазо чоралари кўрилаётганлигига қарамасдан, бу турдаги жиноятларни содир этаётганлар сони ошиб бормоқда.

А.Ш. 2024 йил 13 апрель куни Навоий вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбир давомида, ғайри қонуний йўллар билан бойлик орттиришни режалаштириб тезкор-тадбирда “шартли харидор” сифатида жалб қилинган шахсга, икки дона қоғоз бўлагига ўралган  қуруқ ҳолатдаги экспертиза хулосасига кўра соф вазни 1.54 граммга тенг бўлган, озгинадан кўпроқ миқдордаги, “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 400 000 сўм пуллар эвазига сотган вақтда ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Бундан ташқари, А.Ш. 2024 йил 13 апрель куни Навоий вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбир давомида, эгнидаги жинси шимининг чўнтагида, экспертиза хулосасига кўра бир дона қоғоз бўлагига солинган, соф вазни 0.68 граммга тенг бўлган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб сақлаб келаётганлиги аниқланган.

“Марихуана” гиёҳвандлик моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрь кунги 878–сонли Қарорига асосан, гиёҳвандлик воситалари туркумига кириб, қонунга хилоф равишда муомала қилиш тақиқланган.

А.Ш.нинг жиноят иши, 2024 йил 1 август куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилиб, у Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга шу моддага асосан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Алишер Сайдуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси.

Президент фармони билан судларда янги лавозим жорий этилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойилини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июнь куни “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сонли фармони қабул қилинди.

Юқоридаги фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилмоқда.

Фармонга асосан, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстансиясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш, тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш назарда тутилган.

Тергов судьясига жиноят материалларини, санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилмоқда.

Тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар:

қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш;

қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш;

фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш белгиланмоқда.

Ушбу тергов судьяси институти бугунги кунда Испания, Нидерландия, Бельгия, Латвия ва бошқа давлатларда ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда, шунингдек, ушбу институт жорий этилмаган давлатларда тергов судьяси институтини жорий этиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

 

Анвар Жумаев,

 

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.

МАЪМУРИЙ СУДЛАРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШДА ФУҚАРОЛАРУЧУН ЯРАТИЛГАН ҚУЛАЙ ШАРОИТЛАР

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Маъмурий судларнинг вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.

“2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришнинг асосий мақсадларидан бири сифатида маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш назарда тутилган.

Инсон манфаатларига қаратилган ислоҳотларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Фармони билан “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тасдиқланди. Мазкур стратегияда 5 та устивор йўналиш ва 100 та мақсад белгиланган бўлиб, 4-устивор йўналиш “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” деб номланди.

Ўз навбатида, мазкур устивор йўналишнинг 4.2-бўлими, “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар” деб номланиб, ундаги асосий мақсадлардан бири сифатида Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш эканлиги белгиланди. 2030 йилгача маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, ушбу мақсадга эришишнинг самарадорлик кўрсаткичи сифатида белгиланди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январдаги ЎРҚ-897-сонли Қонунига асосан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 10-моддасининг биринчи қисми 11-банд билан тўлдирилди. Унга кўра, жисмоний шахслар — ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод қилинди.

Бу билан фуқароларнинг маъмурий судларга мурожаат қилишларига қулайлик яратилиб, уларнинг судга мурожаат қилишларига тўсқинлик қилаётган омил бартараф этилди.

Акмал Муродов,

Навоий вилоят маъмурий судининг раиси.

Ҳуқубузарликлар содир этилган жойнинг ўзида муҳокама қилинди

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томондан касб-хунар мактабида сайёр суд мажлиси ўтказилди, унда 20 га яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга тегишли жазолар яъни жарима ва маъмурий қамоқ билан боғлиқ жазолар тайинланди.

Шунингдек, сайёр судда бир қатор муаммоли ҳолатлар бутун жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниб, ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олиш чоралари ҳақид, келгусида шахсларнинг ушбу хатти-ҳаракатлари учун тегишлича жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши тўғрисида тўхталиб ўтилди.

Бу каби сайёр суд мажлисларини жамоатчилик орасида ўтказилишидан мақсад, қонун устуворлиги ва қилмиш учун жавобгарлик муқаррарлигини кўрсатган ҳолда келгусида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш чоралари кўрилишидан иборат.

 

Курбонов Акмал,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.

Учқудуқда тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланди

Сир эмаски сўнги йилларда тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият берилмоқда. Хусусан, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича ҳар йили очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-200-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йил 11 июль куни Учқудуқ туман судлари, туман ҳокимлиги, туман адлия бўлими ҳамда Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят бошқармасининг Учқудуқ туман вакили ҳамкорлигида тумандаги Нуронийлар масканида туманда фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлик субъектлари билан сайёр учрашув ўтказилди.

Мазкур учрашувда 15 нафар тадбиркорлар иштирок этиб, шундан 8 нафар тадбиркорнинг фаолияти давомида юзага келаётган муаммолари ва мурожаатлари тингланди.

Жумладан, қабул жараёнида иштирок этган ЯТТ Тўраева Муниранинг, кичик тадбиркор О.Маманованинг, “Бексултон Феруз” МЧЖ рахбари Б.Рашидовнинг ва “Чарос Жасмина Ширин кулчалари” ОК рахбари А.Қурбоновларнинг электр энергия ва газ тармоқларига уланиш бўйича қилган мурожаатларига батафсил тушунтиришлар берилди ҳамда ушбу мурожаатларни қонунда белгиланган тартибда ҳал қилиш бўйича тумандаги электр ва газ таъминоти корхоналари рахбарларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, сайёр учрашувда қатнашган “Учқудуқ деҳқон бозори” МЧЖ рахбари О.Мухаммедов, бозор ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан инфратузилма йиғимлари ўз вақтида тўланмасдан келинаётганлиги сабабли улар бўйича судга даъво аризаси киритиш масаласида мурожаат қилди ва МЧЖ рахбарига тегишли шартнома ва бошқа асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда судга мурожаат қилишнинг процессуал тартиблари тушунтирилди.

Шу билан бирга, қабулда иштирок этган “Шаҳзодбек Платинум Плюс” МЧЖ рахбари судга даъво аризаси киритиш масаласи бўйича мурожаат қилиб, унга кўра тумандаги Мактабгача ва мактаб таълими бўлими шартнома асосида сотиб олган маҳсулотлар учун пул маблағларини 2023 йилдан буён кўчириб бермаётганлигини маълум қилди ва МЧЖ рахбарига судга мурожаат қилишнинг процессуал тартиблари тушунтирилди.

Бундан ташқари, туман судида ҳам фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини ҳар куни қабул қилиш йўлга қўйилган бўлиб, қабулга келган барча мурожаатчиларга тегишли тушунтиришлар бериб келинмоқда.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси.

Навоий вилоят судида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва кенг жамоатчилик учун матбуот анжумани ҳамда очиқ эшиклар куни ўтказилди

Мутбуот анжуманида Навоий вилоят судлари ҳамда вилоят маъмурий судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида 2024 йил 1-ярми давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда келгусидаги режалар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берилди.

Шунингдек, анжуманда бугунги кунда суд саҳасида оммавий ахброрт воситаларининг ўрни муҳимлиги ва келгусида ҳам судлар фаолияти аммавий ахборот воситалари олдида очиқ бўлиши таъкидланди.

Йиғилиш якунидан иштрокчилар ўзларини қилиқтирган саволлар билан суд раисларига мурожаат қилишди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Очиқ мулоқотлар тадбиркорларга янада шижоат бағишлайди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 30 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-200-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадда Навоий вилоят маъмурий суди раиси А.Муродов ва Навоий вилоят суди раиси ўринбосари Т.Абдраманов, Зарафшон шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда 2024 йил 9 июл куни Зарафшон шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлик субектлари иштирокида сайёр учрашув ўтказилди.

Мазкур учрашувда Зарафшон шаҳридаги 50 дан ортиқ тадбиркор иштирок этди. Сайёр учрашув давомида 11 нафар тадбиркорларнинг ўз фаолияти давомида учраётган муаммо ҳамда таклифлари эшитилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 28-банди талабига кўра, молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг 90 календар кун ичида аризада кўрсатилган ташқи савдо контрактлари бўйича тўлиқ миқдорда активлар репатриасия қилиниши таъминланган тақдирда — иш юритиш тугатилиши ва мажбурий ундириш бўйича кўрилган барча чоралар бекор қилиниши назарда тутилганлиги, бироқ, бандда белгиланган 90 кунлик муддат жуда ҳам қисқа бўлиб, мазкур муддат ичида чет элдаги қарздорликларни суд орқали ундириш имкони мавжуд эмаслиги сабабли тадбиркорлар иқтисодий ночор ҳолатга тушиб қолаётганлиги билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги билдириб ўтилиб, мазкур ҳолатларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликка тегишли таклифлар билдириш лозимлигини баён этишди.

Жойларда тадбиркорлик субектлари билан учрашувлар тизимли давом эттирилиб, учрашувлар давомида билдирилган таклифлар ҳамда фикр-мулоҳазалар таҳлилий ўрганиб борилиши таъминланади.

 

Темур Абдраманов,

Вилоят суди раиси ўринбосари.

 

Шерзод Ғофуров.

 

Заафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида суд раислари Зарафшон шаҳридаги кичик саноат зонасида бўлишди

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 30-майдаги  “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-200-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан тадбиркорлик субектлари билан учрашувлар ўтказиш гарафиги тасдиқланган.

Айни шу мақсадда, Навоий вилоят маъмурий суди раиси А.Муродов, Навоий вилоят суди раиси ўринбосари Т.Абдраманов, шаҳар ҳокими биринчи ўринбосари билан ҳамкорликда табдиркорларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш мақсадида Зарафшон шаҳар кичик ва ёшлар саноат зонасида бўлишди.

Мазкур саноат зонасида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида уларнинг муаммолари, хусусан айни бир ер майдони учун ҳам тадбиркорга, ҳам дирексияга солиқ ҳисобланаётганлиги, мазкур ҳолатни олдини олиш юзасидан тегишли қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги мурожаатлари тингланиб, бу борада ваколатли идораларга таклифлар киритилиши маълум қилинди.

 

Темур Абдраманов,

Вилоят суди раиси ўринбосари.

 

Шерзод Ғофуров.

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Суд раислари “Навоий” эркин иқтисодий зонасидаги йирик тадбиркорлик субъектлари билан учрашди

Мамлакатимизда бизнесни ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш – амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг асосий йўналиши ҳисобланади. Зеро, тадбиркорлик ривожи – юртимиз ва иқтисодиётимиз тараққиёти гаровидир.

Шу боис ҳам Президентимиз томонидан ҳар йили тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот ўтказиб келинмоқда.

Шу йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотга тайёргарлик ўзгаза рухда ташкил этилмоқда.

Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2024 йил 30 майда ПҚ-200-сон Қарори қабул қилинди.

Шунингдек, очиқ мулоқотга тайёргарлик ишлари бўйича тузилган ишчи гуруҳлар ҳамда барча давлат бошқарув органлари тадбиркорлик субъектлари билан жойларда ҳамда тадбиркорларнинг ҳудудларига борилган ҳолда ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан Навоий вилоят маъмурий суди раиси ҳамда вилоят суди раисининг ўринбосари, иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси томонидан “Навоий” эркин иқтисодий зонасидаги йирик тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ўтказилиб уларнинг муаммо ва таклифлари тингланди.

Хусусан, суд раислари ҳудуддаги “Benkam” МЧЖ ҚК рахбарият билан биргаликда корхонаниниг ишлаб чиқариш фаоияти билан яқиндан танишиб, уларнинг солиқ, божхонага оид муаамо ва таклифлари ўрганилди.

Шунингдек, суд раислари томонидан тадбиркорлик субъектларига суд-ҳуқуқ соҳасида юзага келиши мумкин бўлган масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларни ҳал этиш чоралари кўрилди.

 

Тимур Абдраманов,

Вилоят суди раиси ўринбосари.

 

Хамидулло Саъдуллаев,

Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси.

Мажбурият бажарилиши мажбурий(ми)?

Ҳар бир тадбиркор ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатга киришиб, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишади. Қувонч билан эътироф этиш лозимки, мазкур муносабатлардаги аксарият мажбуриятлар тарафлар томонидан инсофли равишда тўлиқ ва сифатли адо этилади.

Аммо, мажбуриятларнинг ҳаммаси ҳам шу тарзда бажариладими?

Афсуски, айрим ҳолатларда олинган мажбурият ижро этувчи томонидан бажарилмасдан эътиборсиз қолдирилади. Натижада бу тарафларнинг ўзаро муносабатига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, энг нозик жиҳат ҳисобланган ўзаро ишончнинг йўқолишига ҳамда тарафлар ўртасида низо пайдо бўлишига олиб келади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Эътиборингизни суд амалиётида кўрилган бир низога қаратмоқчиман.

Хусусан, «Н.Л» хусусий корхонаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «О.Ш» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 66.827.000 сўм асосий қарз, 33.413.500 сўм пеня, жами 100.240.500 сўм ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида 2021 йил 14 январда 8-сонли ҳамда 2021 йил 12 апрелда 73-сонли темир бетон маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган.

Даъвогар томонидан шартномавий мажбуриятларини бажариш мақсадида тегишли ҳисоб-фактуралар билан темирбетон маҳсулотлари жавобгарга етказиб берилиб, шартномавий мажбуриятлар даъвогар томонидан лозим даражада бажарилган бўлсада, шартномада белгиланган мажбуриятлар жавобгар томонидан қисман бажарилиб, қабул қилиб олинган маҳсулотлар учун 152.600.000 сўм тўлов амалга оширилиб, 66.827.000 сўмлик қарздорлик тўланмасдан қолинган.

Ваҳоланки, шартноманинг 4.4-бандига кўра, олдиндан тўлов шартнома қийматининг 15 фоизини ташкил этиши, қолган тўлов маҳсулот қабул қилиб олинган кундан 5 банк кунида амалга оширилишига келишилган.

Қарздорлик суммасини тўлаб бериш юзасидан даъвогарнинг талабномалари жавобгар томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Натижада даъвогар томонидан жавобгарга нисбатан қарздорлик суммасини ундириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилинган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгардан даъвогар фойдасига мавжуд қарздорлик суммалари ундириб берилиб, даъвогар тадбиркорнинг манфаати суд йўли билан ишончли ҳимоя қилинди.

Жавобгар шартномавий мажбуриятини бажармаганлиги натижасида даъвогар фойдасига асосий қарздан ташқари, тўлов кечиктирилган кунлар учун ҳисобланган пеня ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ҳам тўлашга мажбур бўлди.

Энг асосийси эса, тарафлар ўртасидаги доимий ҳамкорликка путур етди, ўзаро ишонч йўқолди.

Зеро, Фуқаролик кодексининг 9-моддасида, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса — иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари кераклиги назарда тутилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, қонун талаблари асосида тузилган шартнома бўйича олинган мажбурият бажарилиши шарт. Мажбуриятнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли равишда бажарилиши ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишида, ҳамкорликнинг узоқ вақт давом этишида ҳамда бу орқали ўз тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ва кенгайишида муҳим омилдир.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Skip to content