Конституция – давлатимизнинг бош
қонуни, мамлакатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори, инсон ҳуқуқ ва
эркинликларининг кафолатидир.
Конституция ҳар бир давлат тараққиётининг пойдевори
бўлган ҳуқуқий, сиёсий ва мафкуравий ҳужжат – мамлакатнинг асосий қонуни ҳисобланади.
Айтиш
жоизки, Конституциямиз мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осуда,
фаровон ҳаётини таъминлашнинг муҳим асосидир.
Конституция асосида инсон қадри улуғланадиган демократик ҳуқуқий давлат ва
адолатли фуқаролик жамиятини қуриш мақсадида кенг қамровли янгиланишлар
ва ислоҳотлар амалга оширилди, бу борада бой тажриба тўпланди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Янги Ўзбекистон
стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий
давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва
жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Конституцияда энг муҳим жиҳатлари инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатларини
таъминлаш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда демократик ҳуқуқий давлат қуриш билан боғлиқ ўзгаришлар киритилди.
Хусусан,
Конституциямизга мувофиқ, демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги,
шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши асосий қонунимизда
белгилаб берилди.
Конституциямизда энг олий
қадрият сифатида асосий эътибор давлатга эмас, балки инсон манфаатларига
қаратилди.
Шунинг учун ҳам инсонларнинг
муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, уларнинг тинчлиги ва миллий
тотувлигини таъминлаш, инсонга муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уни бахтли қилиш,
қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Қонунимизнинг асосий тамойили бўлиб
ҳисобланади.
Шуни таъкидлаш жоизки, миллий
манфаатларимиз ва интилишларимизга асосланган халқаро ҳуқуқ нормалари билан
қиёсланган муҳим ҳужжатни қабул қилиниши билан Ўзбекистон бутун дунёга инсон
ҳуқуқларининг муқаддаслиги ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини,
халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, ўз миллий бойликларига ўзи эгалик
қилиши Бош Қонунимизда белгилаб қўйилди.
Ҳар
кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда
белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб
чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар ким Ўзбекистон
Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар
давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган
бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга
мурожаат этишга ҳақли. Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор
шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли
етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.
Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини,
ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Конституциямизга
бундай норма киритилиши, ўз навбатида, бузилган ҳуқуқни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай усуллар билан,
ўзгаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига
дахл қилмаган ҳолда ҳимоя қилишни ҳамда ҳар бир фуқаронинг ўзига тегишли бўлган
шахсий, сиёсий, иқтисодий,
ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ва
давлат ҳаётида фаол иштирок этишини
таъминлашга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Бош
қомусимиз нафақат демократик тараққиётимизнинг кафолати, балки инсон қадрини
улуғлаш йўлида ҳаётимизда содир бўлаётган улкан ўзгаришларнинг ҳуқуқий асоси
бўлиб ҳисобланади.
Дилшод Турдиев,
Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси