Хатирчи туманидаги “Саховат маркази” биносида Навоий вилоят судининг судьяси Г.Худойбердиева, фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси Б.Бабақулов, жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси Х.Тўхтаев, туман прокуратураси ёрдамчи прокурори Б.Давронов, туман адлия бўлими бош мутахассиси А.Сатторовлар билан биргаликда “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизлар билан сайёр қабул ўтказилди.
Мазкур ҳудудда яшовчи, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ҳуқуқий мулоқот ўтказилиб, уларнинг муаммолари тингланди. Учрашув давомида бандлик, моддий ёрдам пули олиш тартиби, мерос масалалари, алимент ундириш, уй-жойни расмийлаштириш, бола пули олиш, кам таъминланган оилалар рўйхатига кириш билан боғлиқ 20 га яқин мурожаатлар қабул қилинди, ҳар бир мурожаат тааллуқлилиги бўйича Навоий вилоят суди судьяси, адлия бўлими, прокуратура ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакиллари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди, суд ҳуқуқ соҳасига тааллуқли барча мурожаатлар бўйича жойида тушунтиришлар берилиб, қолган мурожаатлар тааллуқлилиги бўйича масъул орган ходимлари томонидан ҳал этилиши тартиби тушунтирилди.
Тадбир иштирокчиларига Навоий вилоят судининг судьяси Г.Худойбердиева томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган “Аёллар дафтари”ни юритиш бўйича вақтинчалик тартибнинг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган аммо сайёр қабулга келиш имкониятига эга бўлмаган хотин-қизлар хонадонига борилиб, улар билан суҳбат ўтказилди.
Суҳбат давомида уларнинг муаммолари тингланди, ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож аёлларнинг мурожаатари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Жумладан, Хатирчи туман “Ғалабек” МФЙда яшовчи фуқаро Ф.Жиянова турмуш ўртоғи ногиронлиги бўлгани боис, унга ногиронлик нафақаси тайинлашда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди.
Ф.Жияновага шахсни ногирон деб топиш тиббий – меҳнат эксперт комиссияси томонидан(ТМЭК) амалга оширилиши, шахс ногирон деб эътироф этилганида, меҳнатга лаёқатлиликнинг бузилиши даражасидан келиб чиққан ҳолда ногиронликнинг биринчи, иккинчи, учинчи гуруҳлари белгиланиши тушунтирилиб, ногиронликни белгилаш учун Ф.Жиянова турмуш ўртоғининг барча ҳужжатлари ТМЭКга йўналтирилди.
Гулнафис Худайбердиева
Навоий вилоят суди судьяси