Искать:

“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИДА АДОЛАТЛИ ДАВЛАТНИ БАРПО ЭТИШ ҒОЯСИ

Ўзбекистонда кейинги даврда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Суд тизимидаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суд тизимини такомиллаштириш, уни том маънодаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига ва адолат қўрғонига айлантиришдир.

Жамиятда одил судловга эришилганлиги, бевосита адолат ўрнатилганлигини англатади, зеро “адолат” сўзининг луғавий маъноси одиллик ва ҳаққонийлик деган маъноларни беради. Шу сабабдан инсоният доимо адолатни қадрлаб яшаган. Одамзот қай маҳал ва қандай мавқеда бўлишидан қатъий назар, адолатсиз яшаши мушкул. Инсон фаолиятининг қайси бир бўлагини олиб қараманг, у адолатга, тўғриликка асосланмаса, мувозанат йўқолади, Адолат оёқ ости қилинган жойда разолат ҳукм суриб, жамият тубанликка юз тутади. Шундай экан, жамиятда адолатнинг таъминланишида суд ҳокимияти юксак ўринга эга.

Шу боис, Стратегияда ҳам халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш муҳим йўналиш ва асосий ғоялардан бири этиб белгиланганлиги бежиз эмас. Конституция ва қонунларнинг устуворлигига эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш Стратегияда суд ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мақсади этиб белгиланган.

Бу борада, озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш, маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизини электрон шаклда келиб тушишига эришиш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш, ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш, суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасининг камида 30 фоизини хусусий сектор ёрдамида ижро этишни йўлга қўйиш, 100 фоиз жиноят ишлари ва материалларнинг электрон шаклдаги нусхасини юритиш ва ушбу ишлар бўйича электрон ҳужжат алмашинувини таъминлаш, адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини камида 50 фоизга етказиш каби мақсадлар белгиланган.

Бир қарашда оддий сўз ёки иборалар сифатида туюладиган бу мақсад ва вазифалар замирида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш, “Инсон қадри учун” тамойили асосида инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини кафолатли ҳимоялаш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни устувор йўналишлари эканлигини англатади. Шу сабабдан Фармонга асосан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида энг устувор вазифа этиб белгиланиб, бу бўйича уларнинг биринчи раҳбарларига шахсий масъулият юклатилди, стратегияни амалга ошириш бўйича Республика комиссияси тасдиқланди.

 

Турғун Қаҳҳоров,

Навоий вилоят судининг судьяси.

Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан тарғибот ишилари амалга оширилмоқда

Учқудуқ туман “Айтим” маҳалла фуқаролар йиғинида Учқудуқ туман судлари раислари томонидан қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришлар хусусан, “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишга қаратилган тадбир ўтказилди.

Тадбирда дастлаб мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилганлиги, айниқса, ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилганлиги, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилганлиги борасидаги фикрлар айтиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида тўхталиб, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганлиги, ушбу Қонун судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ҳамда норозиликларнинг олдини олиш билан бир қаторда ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.

Шундан сўнг, туманда содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кредит ҳамда қарз ундириш масалалари, оилавий низолар ва алимент ундириш билан боғлиқ низолар бўйича маълумотлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган масалалари ва мурожаатлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

      Акмал Қурбонов, 
 жиноят ишлари бўйича

Учқудуқ туман суди раиси

Навоий вилоят судида “Уч авлод” маърифий тадбир бўлиб ўтди

Ҳар қандай шахснинг камол топишида устозларнинг ўрни беқиёс. Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турувчи йўлчи юлдуз кабидир. Улар туфайли шогирдлар ҳамиша муваффақиятга эришадилар.

Навоий вилоят судида «Уч авлод учрашуви» бўлиб ўтди. Унда  Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси устоз Убайдулла Мингбоев, суд тизимида узоқ йиллар ишлаган фахрийлар, фаолият юритаётган судьялар ва заҳирадаги бўлажак судьялардан иборат уч авлод вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Навоий вилоят маъмурий суди раиси А.Муродов кириш сўзи билан очиб, унинг аҳамияти хақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, сўз Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевга берилди. Маърузачи юртимизда фахрийларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик хақида сўз юритар экан, бугунги кунда судьяларга яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар борасида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунинг баробарида суд тизими фахрийларига кўрсатилаётган эътибордан улар ҳам мамнун эканликларини қайд этди. Одил судловни таъминлаш, қонун устуворлиги ва адолатнинг барқарор бўлиши судьялардан чинакам фидоий, халол ва қатъиятли бўлишни талаб этади. Шу маънода маърузачи кўпчилик ёш ва бўлажак судьялар фахрийлардан ибрат олиш кераклигига тўхталиб, ўзининг хаётий тажрибалари билан ўртоқлашди.

Бундан ташқари, сўзга чиққан суд фахрийлари узоқ йиллик иш фаолияти давомида орттирган билим тажрибалари билан ўртоқлашди. Иш жараёнида рўй берган эсда қоларли ва ибратли воқеаларни сўзлаб беришди.

Устоз-шогирдлик анъанаси бардавомдир. Бугунги кунда Навоий вилоят судлари жамоаси ҳам эзгу анъанага содиқ қолган холда ўз фахрийларига иззат-икром кўрсатиб келмоқда.

Тадбир сўнгида эсдалик сифатида суд тизимида бенуқсон ишлаб, фахийлар рўйхатига олинган суд фахрийларига “Ўзбекистон суд фахрийси” гувоҳномалари топширилди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд

Бугунги кунда юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Бироқ шунга қарамасдан Ўзбекистонда 48 мингдан ортиқ шахсда ОИВ касаллиги аниқланган. Сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортган.

Мазкур турдаги касалликларни била туриб юқтириш ёки юқтириш хавфи остида қолдириш ушбу касалликка чалиниш суратининг тобора ошишига сабаб бўлмоқда.

Ушбу турдаги жиноятлар учун қонунчиликда қатъий жазо чоралари белгиланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
113-моддасига кўра, била туриб, бошқа шахсни таносил касаллигини юқтириш хавфи остида қолдириш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши;

ўзида таносил касаллиги борлигини била туриб, бу касални бошқа шахсга юқтириш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

била туриб, бошқа шахсни ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтириш хавфи остида қолдириш ёки унга ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтириш беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

Шахснинг касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида бошқа шахсга ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтириши базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланини белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 19 июндаги 03-23-547-23-сонли топшириқ хати ҳамда Навоий вилоят суди Раёсатининг
2023 йил 5 июлдаги РС-83-23-сонли қарори билан тасдиқланган Навоий вилоят судининг 2023 йил иккинчи ярмига мўлжалланган иш режасининг 3.4-банди ижросини таъминлаш мақсадида, жиноят судлари томонидан 2021-2022 йиллар ҳамда 2023 йил 1-ярми ярми давомида таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш (ЖК 113-моддаси) билан боғлиқ кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти умумлаштирилди.

Статистик маълумотларга кўра, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2021 йилда ЖКнинг 113-моддаси билан жами 4 нафар шахсга нисбатан 4 та иш кўриб тамомланган, барча жиноят ишлари бўйича айблов ҳукми чиқарилган бўлиб, 2 нафар судланувчига озодликни чеклаш, 2 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

2022 йилда ЖКнинг 113-моддаси билан жами 3 нафар шахсга нисбатан 3 та иш кўриб тамомланган, барча жиноят ишлари юзасидан айблов ҳукми чиқарилган бўлиб, судланувчиларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

2023 йилнинг биринчи ярми давомида ЖКнинг 113-моддаси билан жами 2 нафар шахсга нисбатан 2 та иш кўриб тамомланган бўлиб, 1 нафар шахсга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 1 нафар шахсга нисбатан эса озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Мазкур даврларда оқланган ёки иш юритиш ҳаракатдан тугатилган ишлар мавжуд эмас.

2021 йил давомида жами 3 нафар судланувчига нисбатан ЖК  
57-моддаси қўлланилган ҳолда санкцияда назарда тутилган жазодан енгилроқ жазо тайинланган бўлиб, 2 нафар судланувчининг оилавий шароити, 1 нафар судланувчининг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги сабаб бўлган.

2022 йилда 1 нафар ҳамда 2023 йил 1-ярми давомида ҳам 1 нафар судланувчига нисбатан ЖК 57-моддаси қўлланилган ҳолда санкцияда назарда тутилган жазодан енгилроқ жазо тайинланган бўлиб, бунга судланувчиларнинг қилмишидан чин кўнгилданн пушаймонликлари асос сифатида баҳоланган.

Умумлаштириш даврида судланганларга нисбатан шартли ҳукм қўлланилмаган.

Ҳисобот даврида тергов органи томонидан ЖКнинг бошқа моддалари билан келиб тушиб, ЖКнинг 113-моддасига қайта малакаланган жиноят ишлари мавжуд эмас.

Шунингдек, тергов органлари томонидан ЖКнинг 113-моддаси билан келиб тушиб, ЖКнинг бошқа моддаларига қайта квалификация қилинган ишлар мавжуд эмас.

 

Рохила Худайбердиева,

вилоят суди судьяси 

 

ТИЛ – МИЛЛAТНИНГ ЗИЙНAТИ

Юртимизда давлат тил байрами кенг нишонланаётган шу паллаларда она тилимиз ҳақида юракдаги гаплар, қалб тубидаги сўзлар ҳар бир ўзбекка ўзгача бурч ва масъулият юклайди. Волида каби буюк, фарзанд каби суюкли бўлган ўзбек тили нақадар нафис ва мунис…

Тил ҳар бир миллатнинг енг азиз бойлиги, унинг маънавий қиёфаси, маданияти, ички дунёсини акс еттирувчи муҳим восита саналади. Маърифатпарвар бобомиз Aбдулла Aвлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинайи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деган ҳикматли сўзлари ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Тил-миллатнинг зийнати, тилда миллатнинг ўтмиши, бугуни, ертаси мужассамлашади, шу тилда гаплашувчиларнинг ўзлиги намоён бўла боради. Немис тилшуноси Вилгелм фон Гумболдт, менинг миллатим тилининг доиралари, менинг дунёқарашимнинг доираларини билдиради, деганда ўз она тили билан қанчалар фахрланишини изҳор қилганини сезиш мушкул емас.

Навоий вилоят судида ўтказилган маърифат соатида она тилимизга кўрсатилаётган юксак эътироф борасида сўз юритилди. Унда Навоий давлат университети Ўзбек тилшунослик кафедраси доцентилари, подагогика фанлари номзоди Холбиби Қурбонова ва филология фанлари доктори Насиба Ярашева иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган Н.Ярашева тилимиз ривожланиш тарихи билан таништирар экан, асрлар, даврлар ўтиши билан кўплаб тиллар истеъмолдан чиқиб, ўлик тилга айланган, лотин, оромий, қадимги юнон, келт, шумер, аккад, хетт тиллари кабилар тўғрисида тўхталиб, улар қатори бир пайтлар юртимиз ҳудудида муомалада бўлган қадимги хоразмий, сўғд, бохтарий (бақтрий) тилларини ҳам келтириш мумкинлигини, турли босқинлар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар, авлодлар, дин ва мафкуралар алмашуви сингари омиллар тилларнинг тақдирида ҳал қилувчи рол ўйнагани, бу жараён бугунги кунда ҳам давом етаётгани, ҳар икки ҳафтада 1 та тил ўлик тилга айланаётгани, бу ҳолат ҳар бир тил егаларини сезгирликка чақириши лозимлигини таъкидлади.

Шу ўринда айтиш керакки, ўзбек тилига мансуб бўлган туркий тиллар оиласига 30 дан зиёд тил киради, уларда ер юзида 250 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Олимларнинг фикрича, бугун туркий тиллар орасида фақат олтита тилнинг ҳолати барқарор деб баҳоланган. Булар давлат тили мақомига эга бўлган ўзбек, турк, озарбайжон, қозоқ, туркман, қирғиз тилларидир.

Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги мавқейи тобора юксалмоқда. Дунё миқёсида ўзбек тилида гаплашувчиларнинг умумий сони 50 миллионга етади. Википедия маълумотларига кўра, ўзбек тили сўзлашувчилар сони бўйича дунёда 27-ўринда туради. Aгар дунёда 6909 та, яхлитлаб 7000 га яқин тил ва лаҳжа мавжудлигини эътиборга олсак, бу яхши кўрсаткич.

Ўзбек тили давлат тили мақомига ега бўлган 100 та тилдан биридир. Ҳолбуки, дунёда бундай юксак мақомга ега бўлмаган, аммо юз миллионлаб кишилар сўзлашадиган тиллар ҳам бор. Ўзбек  тили қўшни давлатларда ҳам муомаладаги асосий тиллардан саналади. Хусусан, қўшни Тожикистонда ва Қирғизистонда ўзбеклар туб миллат вакилларидан кейинги ўринда туради. Aфғонистонда эса ўзбек тили пушту ва даврий тилларидан кейинги учинчи расмий тил саналади.

Бугун ўзбек тили дунё ахборот маконида ҳам ўз ўрнига эга тиллар қаторидан ўрин олган, ўнлаб йирик халқаро ахборот маҳкамалари, радио ва телеканаллар ўз материалларини ўзбек тилида ҳам тарқатишмоқда. Википедия, Гугл, Фейсбук сингари йирик мессенжерлар, ижтимоий тармоқлар, интернет платформаларида ўзбек тилининг мавқейи ошиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга, туркий тиллар, хусусан, ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбек тили қадимий ва бой тарихга ега бўлиб, унинг шаклланишида милоддан олдинги ва милоддан кейинги дастлабки асрларда минтақамиз ҳудудида яшаган бақтрийлар, сўғдийлар, хоразмийлар ҳамда бошқа елат ва миллатлар ўз таъсирини кўрсатгани ҳақида мавжуд илмий манбалар далолат беради.

Ўзбек тилининг ҳар томонлама тараққий топиши ва адабий тил сифатида майдонга чиқишида қадимий туркий тил катта ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаш табиийдир.

Шу борада Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Aҳмад Югнакий, Aтоий, Саккокий, Лутфий каби илму фан ва адабиёт намояндаларининг хизмати ва қолдирган мероси муҳим ўрин егаллаганини қайд етиш жоиз.

Ўзбек адабий тили айниқса Aмир Темур ва темурийлар даврида ривожланишнинг янги, юксак босқичига кўтарилди. Буюк шоир ва мутафаккир Aлишер Навоий умумбашарият маданий хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум етди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммадризо Огаҳий, Бобораҳим Машраб, Муқимий, Фурқат каби ўнлаб мумтоз адиб ва алломаларимизнинг ижодида она тилимизнинг луғат бойлиги, бадиий имкониятлари, унинг гўзаллиги ва нафосати янада ёрқин намоён бўлганини таъкидлаш лозим.

Мустамлака тузумининг тазйиқларига қарамасдан, ўз ҳаётини халқимизнинг маънавий камолотига, она тилимизнинг равнақ топишига бағишлаган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Aбдулла Aвлоний, Aбдурауф Фитрат, Aбдулҳамид Чўлпон, Aбдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарварларнинг улкан хизматларини, бу йўлда ҳақиқий ватанпарвар, юртпарвар, миллатпарвар сифатида из қолдирган зиёли инсонларнинг номларини ел-юртимиз доимо ҳурмат билан эслайди.

1989-йил 21-октябрда ўзбек тилига “Давлат тили” мақомининг берилиши ўзбек тили тараққиёти учун туб бурилиш ясади. Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган қонунни қабул қилинишида Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Aбдуғаниевич Каримовнинг сиёсий иродаси катта ўрин тутди.

Мустақиллик йилларида ўзбек тилининг қадри яна баланд бойиди. Давлатимиз мустақиллиги айнан она тилимизда жаҳонга еълон қилинди; мамлакатимизнинг Aсосий қонуни — Конституциямиз ўзбек тилида яратилди, юртимиз бўйлаб ва халқаро майдонларда Давлат мадҳиямиз она тилимизда янграмоқда.

Шунингдек, 1990-йили Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш давлат дастури тўғрисида”ги қарори, 1993-йилда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий етиш тўғрисида”ги қонун, 1995-йили “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳрири, 1996-йили ушбу қонунни амалга оширишга қаратилган давлат дастурига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва шу каби бошқа ҳужжатлар қабул қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Ҳозирги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий- ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.

Давлатимизда китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар ўзбек тили равнақига бевосита хизмат қилмоқда.

Юзлаб боғчалар, мактаблар, олий ўқув юртлари, янги газета ва журналлар, теле-радио каналлар, нашриётлар, маданий-маърифий муассасалар, кутубхоналар она тилимизда фаолият юритмоқда.

2016-йилда Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбек тили ва уни ўқитиш масаласида янги ўқув дастурлари яратилмоқда, дарслик ва қўлланмалар, рисола ва монографиялар нашр етилмоқда, илмий анжуманлар, оммавий ахборот воситаларида ўзбек тилининг бугуни ва истиқболи ҳақида амалий таклиф ва ташаббуслар билдирилмоқда.

Пойтахтимиз марказида яратилган “Aдиблар хиёбони”нинг адабиётимизнинг буюк намоёндалари, ўзбек тилининг чинакам жонкуярлари хотирасига бағишлангани айниқса эътиборлидир.

Она тилимиз ва миллий адабиётимизни улуғлаш, унинг бой хазинаси, таровати ва нафосатини ёш авлодимизга етказиш мақсадида, юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари ташкил этилди. Муҳаммад Ризо Огаҳий, Ишоқхон Ибрат, Aбдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Еркин Воҳидов, Aбдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида энг аввало ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганиш учун барча шароитлар яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан
“Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Вазирлар Маҳкамасида давлат тилини ривожлантириш департаментининг ташкил қилинди, бундан буён
21-октябрь мамлакатимизда она тили байрами сифатида кенг нишонланиши давлатимиз томонидан она тилимиз – ўзбек тилига ҳурмат ва этиборнинг амалдаги ифодасидир.

2020-йилнинг 23-сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади. Бу чинакам тарихий ҳодиса эди. Президентимиз ўз тилимизда бутун дунёга мустақил мамалакатнинг ўз тилида дунёга айтар сўзи борлигини намоён қилди.

Бугунги кунда халқаро майдонда обрў-этибори тобора юксалиб бораётган Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этишда она тилимиз ҳам катта ҳисса қўшмоқда.

Ўзбек тили Aмерика Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Германия, Франсия, Швеция, Россия, Украина, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Aфғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон каби давлатламинг 60 га яқин университетлари ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий изланишлар олиб бораётган чет еллик олим ва тадқиқотчилар сони йил сайин кўпаймоқда.

Мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналари қошида “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари ташкил етилмоқда.

Президентимиз юртимизда 3-ренессансни яратиш масаласини кун тартибига қўйдилар. Aминмизки, орадан йиллар ўтиб юртимизда 3-уйғониш даври бўлади ва ўзбек тилида яратилган илм-фан ривожи яна дунё тамаддунига катта ҳисса қўшади. ўзбекнинг янги Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Aлишер Навоийлари дунёга ўзбекнинг тафаккурини, зиёсини таратади.

Тадбир якунида вилоят суди судьялари давлат тилининг аҳамияти, мақоми, иш юритишда нималарга эътибор бериш ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Шу ўринда ХХ аср бошида олти тилли – ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган Исъҳоқхон Ибратнинг мана бу ҳикматли сўзларини эслас жоиз “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиши учун сайҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Навоий шаҳрида Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов иштирокида “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ташкил этилди

Барча соҳалар каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда, тадбиқ этилаётган бу ўзгаришлар албатта инсон хуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Шу жумладан, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 869-сонли Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун аҳамиятини ижрочиларга етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б.Исламов томонидан тадбирлар режаси ижроси юзасидан Йўл харитаси тасдиқланган.

Хусусан, Навоий шаҳрида Олий суд раиси ўринбосари И.Муслимов иштирокида Ўзбекистон Республикасининг 869-сонли қонуни мазмун-моҳиятини таништиришга бағишланган тадбир ўтказилди.

Унда прокуроратура, ИИБ, ИЖҚКД терговчилари, Божхона бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ ва Адлия бошқармаси ходимлари, адвокатлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Мазкур қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга оширишда меъёрий ҳужжат бўлиб ҳисобланиши таъкидланди, эндиликда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 4972, 499 ва 511-моддаларида назарда тутилган процесс иштирокчилари биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан белгиланган тартибда апелляция ёки кассация тартибида шикоят беришга ёки протест билдиришга, шунингдек тафтиш тартибида шикоят (илтимоснома) беришга ёхуд протест билдиришга ҳақлидир. Бунда улар ўз важларини тасдиқлаш учун қўшимча материалларни тақдим этиши мумкин кўра, қонуний кучга кирмаган суд қарори устидан 10 сутка ичида апелляция шикояти (протести), қонуний кучга кирган суд қарорлари устидан кассация ҳамда тафтиш тартибида шикояти (протести) беришлари мумкин.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судларнинг туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича апелляция ва кассация инстанциясида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари кўриб чиқилади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқилади:

жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судлар томонидан туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг биринчи инстанция бўйича чиқарилган ва айни шу судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судлар томонидан биринчи инстанция тариқасида кўрилган ишлар бўйича апелляция ёки кассация тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлар, ажримлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида такроран кўриб чиқилиши мумкин.

Янги қонун суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштирди.

Суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифати, тарафларнинг одил судловга эришиш даражаси янада оширилади.

Семинар якунида қонунчилигимиздаги бу ўзгаришлар 2024 йил
1 январдан кучга кириши билдирилиб, иштирокчилар саволларига жавоб берилди.

 

Дилобар Эргашева,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси

Перейти к содержимому