Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан тарғибот ишилари амалга оширилмоқда

Учқудуқ туман “Айтим” маҳалла фуқаролар йиғинида Учқудуқ туман судлари раислари томонидан қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришлар хусусан, “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишга қаратилган тадбир ўтказилди.

Тадбирда дастлаб мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилганлиги, айниқса, ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилганлиги, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилганлиги борасидаги фикрлар айтиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида тўхталиб, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганлиги, ушбу Қонун судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ҳамда норозиликларнинг олдини олиш билан бир қаторда ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.

Шундан сўнг, туманда содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кредит ҳамда қарз ундириш масалалари, оилавий низолар ва алимент ундириш билан боғлиқ низолар бўйича маълумотлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган масалалари ва мурожаатлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

      Акмал Қурбонов, 
 жиноят ишлари бўйича

Учқудуқ туман суди раиси