Турмуш қурган икки ёш фарзанд кўриб тезроқ ота-оналик бахтига муяссар бўлишни ҳоҳлашади. Лекин, афсуски ота-оналик бахти узоқ чўзилаётган бўлса, баъзилар фарзанд кўришда бесабрлик қилиб, ота-она, қариндош-уруғлар ва ён-атрофдагиларнинг гап-сўзларига кириб, ҳаттоки оилани бузиб юборишгача боришади.
Бундай ҳолатда аксинча йўл тутадиган оилалар ҳам борлиги қувонарли ҳолат. Хусусан, улар томонидан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни асраб олиниши, нафақат ўша оилага қувонч олиб кириши балки, оиланинг мустаҳкамланиши, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг бир оилада униб-ўсиб, камол топишига, жисмонан соғлом ва маънан етук бўлиб улғайишига замин яратади.
Ушбу тоифадаги ишлар яъни, фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикасининг қонун нормаларига, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал ва Оила кодекслари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорлари асосида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.
Фарзандликка олишнинг сир сақланиши қонун билан ҳимояланган бўлиб, ишда иштирок этувчи шахслар уларга маълум бўлган фарзандликка олиш билан боғлиқ маълумотларни сир сақлашлари зарурлиги, фарзандликка олиш сирини фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши ошкор қилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида жиноий жавобгарлик белгиланган.
Фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатини кўзлаб йўл қўйилади.
Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.
Фарзандликка олинувчининг соғлиғи ҳақидаги маълумотлар ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, педиатр, невропатолог, хирург( ортопед-травматолог), офтальмолог, отоларинголог, логопед томонидан тузилган ва соғлиқни сақлаш тизимида белгиланган тартибда тасдиқланади.
Шунингдек, ўн ёшга тўлган болани ишга қатнашишга жалб қилиш масаласини ҳал этишда суд Оила кодексининг бола ҳар қандай суд муҳокамаси даврида сўзлашга ҳақлилигини назарда тутувчи қоидалардан келиб чиқиб, боланинг судда иштироки унга нохуш таъсир этиши мумкинлигини кўрсатувчи асослар мавжуд деб ҳисоблаганда, суд ушбу масала бўйича васийлик ва ҳомийлик органининг фикрини аниқламоғи лозим.
Жорий йилнинг олти ойи давомида Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари томонидан фарзандликка олиш билан боғлиқ жами 89 та фуқаролик
иши кўриб тамомланган бўлиб, шундан 83 та иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарилиб, 82 та иш бўйича аризалар қаноатлантирилган, 1 та иш бўйича ариза қаноатлантиришдан рад қилинган, 6 та иш бўйича аризалар кўрмасдан қолдирилган.
Хусусан, аризачи “А” манфаатдор шахс “Б” ва “В”га нисбатан фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиб, унда турмуш ўртоғи “Б” билан 2013 йил 21 июнда қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурганлигини, ўрталарида фарзанд бўлмаганлиги сабабли келишган ҳолда 2022 йил 17 апрель куни туғилган “Д”ни фарзанд қилиб олишга қарор қилганлигини билдириб, туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувига онаси “А” деб ўзгартириш киритишни ва боланинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган жойи, туғилган санасини ўзгаришсиз қолдиришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра аризачининг фарзандликка олиш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилган.
Мазкур ҳолатда суд манфаатдор шахсларнинг фарзандини фарзандликка беришга ўз ҳоҳиши билан розилигига, туман Болаларни ҳимоя қилиш шўбасининг хулосасига, шунингдек, прокурорнинг фикрига таянган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига асосан, фарзандликка олувчилар ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаётган ёки уларни лозим даражада бажармаётган, шунингдек, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилаётган, фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлаётган, муттасил ичкиликбозликка ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлсалар фарзандликка олиш бекор қилиниши лозим.
Фарзандликка олинувчининг хулқ-атвори фарзандликка олувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказаётган, уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф солаётган бўлса, фарзандликка олинувчи вояга етганидан кейин фарзандликка олиш бекор қилинишига йўл қўйилади.
Суд бошқа асосларга кўра ҳам боланинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда фарзандликка олишни бекор қилишга ҳақлидир.
Мазкур ҳолатлар бўйича суд амалиётидан кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.
Хусусан, аризачи “А” ўғли “В” ва келини “С” га нисбатан 2018 йил 24 май куни туғилган набираси “Б”ни фарзандликка олиш тўғрисида судга даъво ариза билан мурожаат қилган, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, аризачининг аризаси қаноатлантирилган.
Орадан икки йил вақт ўтиб даъвогар “С” судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда қайнонаси “А” кечки сменада ишлаётганлиги сабабли, фарзандликка олинган “Б” қаровсиз қолиб кетаётганлигини, қайнонаси “А” билан бирга яшаган вақтида фарзандликка олинган “Б”га она сифатида ўзи қараб келганлигини, ҳозирги кунда ўзаро келишмовчиликлар сабабли турмуш ўртоғи ва қайнонаси билан бирга яшамаётганлигини, қайнонаси “А” ўз зиммасига олган мажбуриятларни лозим даражада бажармасдан келаётганлиги сабабли суднинг ҳал қилув қарори билан белгиланган фарзандликка олишни бекор қилишни ҳамда боласининг туғилганлиги тўғрисидаги дастлабки далолатнома ёзувига асосан боланинг фамилияси “Х”, ота исмини “Х”, ота устунига “ Х”, она устунига “Х” деб ўзгартириш киритишни сўраган.
Биринчи инстанция судида, даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантиришдан рад қилинган.
Мазкур суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб даъвогар томонидан келтирилган апелляция шикояти боланинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Навоий вилоят судининг ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилган ва 2018 йил 24 майда туғилган “Б”нинг жавобгар “А” томонидан фарзандликка олиниши бекор қилинган.
Биринчи инстанция суди низони ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 169-моддасидаги фарзандликка олишни бекор қилиш учун асослар мавжуд эмаслиги билан чекланган. Кодекснинг 169-моддасида кўрсатилган асослар тугал эмаслиги, унда суд бошқа асосларга кўра ҳам боланинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда фарзандликка олишни бекор қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Судлов ҳайъати бундай хулосага келишда, боланинг манфаатларини, у фарзандликка берилган бўлсада, биологик онаси билан бирга яшаганлигини, бувиси эса болани фарзандликка олгани фақатгина расмий асос эканлигини, она эса шу сабабли боласини фарзандликка берилганлигини англаб етмаганлигини, бола ҳозирда уч ёшга кирганлигини, укаси онаси билан кетганлигини, болани фарзандликка олганлиги сабабли бувиси онасига бермаганлигини, бола мурғак ёшида онаси билан айро яшаётганлигини, укаси билан бирга айрилмаган ҳолда тарбияланиши мақсадга мувофиқ эканлигини, биологик онасининг у билан бирга яшамаётганлиги болада онага нисбатан соғинч ҳиссини юзага келтириб, келгусида уни ҳар томонлама камол топишига салбий таъсир қилиши мумкинлигини инобатга олган.
Аслида ҳолат ўрганилганда қозоқ миллатига мансуб оилаларда кўп ҳолларда тўнғич фарзандлар бобо-бувисига фарзанд қилиб берилиши маълум бўлди.
Бу ҳолатни баъзида вояга етган фарзандлар ҳам тўлиқ англаб етмайдилар, чунки, ота-оналари билан бирга яшаб камол топсаларда, ҳужжатларда бобо-бувини фарзанди ҳисобланадилар.
Шу сабабли бундай тоифадаги ишлар синчковлик билан текширилиб, биринчи ўринда боланинг манфаати ҳисобга олинади.
Вояга етмаганларнинг ким билан, қандай шароитда ва қандай муҳитда тарбияланиши ва униб-ўсиши айрим ҳолларда суд қарорларига ҳам боғлиқ бўлиб қолади.
Бундай вазиятларда судлар қонуний, асосли, адолатли ва одилона қарор қабул қилиши лозим бўлади.
Зеро, ёш авлодни ватанга садоқат ва маънан етук қилиб тарбиялаш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан биридир.
Зарнигор Мизомова
Навоий вилоят судининг судья ёрдамчиси