Искать:

Сайёр қабул ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 31 январь куни Навоий шаҳридаги “Ватан” маҳалла фуқаролар йиғини биносида суд раислари маҳалладаги фуқароларнинг муаммолари жойида ўрганиш мақсадида сайёр қабул ва янги қобул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан тарғибот тадбири ўтказдилар.  

Мазкур қабул давомида бир нечта фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилган бўлса, қолганларига тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Йиғилишда таъкидландики, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш билан бирга уларнинг масъулиятини ошириш, суд қарорларидан норози бўлган тарафнинг суд қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Фуқаролик ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан,“Суд қарорларини қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган ва 2024 йилнинг 1 январь кунидан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси қонуни билан суд қарорларини қайта кўриш соҳасида муҳим ўзгартиришлар амалга оширилди.

Қонунчиликка киритилган мазкур янгиликка кўра туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, шунингдек апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинишини ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонунчиликда белгиланган аввалги тартибга кўра, апелляция  тартибида кўрилмаган иш бўйича суд ҳужжати устидан норози тарафда кассация шикояти бериш ҳуқуқи мавжуд эмас эди. Бу эса, қайсидир сабабларга кўра апелляция шикоятини бериш муддатларини ўтказиб юборган тарафни суд ҳужжати устидан шикоят бериш ҳуқуқини чеклаб қўяр эди.

Эндиликда суд ҳужжатидан норози бўлган тараф ўз ҳоҳиши бўйича  қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан апелляция шикояти билан, қонуний кучга киргач кассация шикояти билан мурожаат этиш  ваколатига эга бўлди.

 

Акбар Хамидов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси.

Меҳнат шартномасига оид янги нормаларнинг судлар томонидан қўлланишига тааллуқли ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимизда бугунги кунда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалда кафолатли таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Кейинги йиллар мобайнида суд ҳокимиятини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда муҳофаза қилувчи чинакам мустақил органга айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги меъёрлар қатъий белгилаб қўйилди.

Бу, ўз навбатида, меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни кўришда судлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

Маълумки, 2022 йил 28 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида 294 та модда мавжуд бўлса, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 581 та моддадан иборатдир.

Айтиш керакки, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўймаслик каби муҳим ёндашувлар асосий тамойил сифатида белгиланди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини тузиш ва ушбу шартнома асосида юзага келган муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этишга оид янги норма киритилганидан келиб чиқиб, Олий суд Пленуми қарорига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Аввало Пленум қарорининг 4-бандида судлар якка тартибдаги меҳнатга оид муносабат билан фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган муносабатларни бир-биридан фарқлаши лозимлиги, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилганда фуқаро ташкилот билан меҳнат муносабатларига киришмаслиги, унинг тарафлари ходим ва иш берувчи эмас, балки ижрочи ва буюртмачи ҳисобланиши;

— шунингдек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида назарда тутилган кафолатлар фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномада назарда тутилмаслиги, тарафларнинг муносабатлари Меҳнат кодекси билан эмас, балки Фуқаролик кодекси билан тартибга солиниши;

— жисмоний шахс билан Меҳнат кодексининг 11-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ тузилган шартнома якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилиши ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

Пленум қарорининг 5-бандида ҳарбий хизматчининг меҳнатга доир ҳуқуқларини тиклаш, шу жумладан, хизматга тиклаш тўғрисидаги даъволар “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддаси ҳамда ушбу қонун билан тасдиқланган “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низомнинг 4-моддасига асосан ҳарбий суднинг судловига тааллуқли экани ҳақида тушунтиришлар берилди. Бу ўз навбатида, суд амалиётида ҳарбий хизматчиларни хизматга тиклаш юзасидан тааллуқлилик масаласидаги тушунмовчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.

Маълумки, эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида ишга тиклаш низолари бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб судга мурожаат қилиш учун бир ой муддат белгиланган эди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ушбу муддат уч ой этиб ўзгартирилди. Ушбу ҳолат ҳам ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилиш учун муҳим аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан Пленум қарорининг 6 ва 7-бандларида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим иш жойида бўлмагани ёки ҳужжатларни олишни рад этганлиги муносабати билан унга меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериш имконияти бўлмаган тақдирда, иш берувчи кейинги иш кунидан кечиктирмай ходимга меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёхуд меҳнат дафтарчаси почта орқали юборилишига розилик бериши зарурлиги ҳақида билдиришнома юбориши шартлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, Пленум қарорининг алоҳида бандлари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари мустаҳкамланди. Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида ушбу асослар 6 тани ташкил қилган бўлса, айни пайтда улар 11 та эканига эътибор қаратилиб, ҳар битта асосга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, суд амалиётида меҳнат шартнома­сини бекор қилишда эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 97-моддаси (тарафларнинг келишуви билан) ва 99-моддасида (ходимнинг ташаббуси билан) қайд этилган нормалар юзасидан кўплаб низолар келиб чиқарди. Шу сабабли янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига меҳнат шартномасини тарафларнинг келишуви билан бекор қилишда тарафларнинг келишуви меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилиши шартлиги ҳақида янги норма киритилди.

Бундан ташқари ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилгани факти, унинг содир этилишида ходимнинг айби, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш мақсадида иш берувчи томонидан хизмат текшируви тайинланиши мумкин.

Хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги қарордан норози бўлган ходим якка тартибдаги меҳнат низолари учун белгиланган тартибда судга шикоят қилишга ҳақли эканлиги ҳақида Пленум қарорининг 31-бандида батафсил тушунтириш берилди.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига ташкилот мулкдорининг алмашгани, унинг қайта ташкил этилгани, ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги ўзгаргани муносабати билан:

• ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши;

• янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши;

• иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши асослари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш каби қатор янги нормалар киритилганидан келиб чиқиб, Пленум қарорининг 44, 45 ва 46-бандларида зарур тушунтиришлар берилди.

Айтиш керакки, меҳнат шартномаси тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган асослар билан ҳам бекор қилиниши мумкин. Бинобарин, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, бекор қилиш асосларига ҳам қўшимча янги меъёрлар киритилди.

Жумладан, қонунчиликка мувофиқ, меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришга монелик қиладиган ҳолатлар юзага келгани ҳамда ташкилотни тугатиш ёки иш берувчи бўлган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тугатиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга киргани муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби ҳақида Пленум қарорининг 53 ва 54-бандларида тушунтиришлар берилди.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу Пленум қарори судлар фаолиятида ягона амалиётни шакллантиришга кўмак берувчи муҳим ҳужжат сифатида ўзининг самараларини амалда кўрсатади.

 

Улуғбек Исмаилов,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси. 

Д И Қ Қ А Т,  Т А Н Л О В !

Навоий вилоят суди вилоятдаги туманлараро, туман (шаҳар) судларидаги мавжуд бўш иш ўрин (вакант лавозим)ларига кадрлар захирасини шакллантириш юзасидан олий юридик ва олий ахборот-коммуникация технологиялари маълумотига эга бўлган номзодлар бўйича танлов эълон қилади.

1. Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судида девонхона мудири лавозими (1 нафар 1 ставка)

 

2. Жиноят ишлари бўйича Конимех туман судида архивариус лавозими(1 нафар 1 ставка)

 

3. Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судида архивариус лавозими (1 нафар 1 ставка)

 

4. Жиноят ишлари бўйича Томди туман судида тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси лавозими (1 нафар 1 ставка)

 

5 Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судида судья ёрдамчиси лавозими (2 нафар 1,75 ставка)

 

6. Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судида архивариус лавозими (1 нафар 1 ставка)

 

Керакли ҳужжатлар:

1. Номзоднинг аризаси;

2. Номзоднинг маълумотномаси (объективка) ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома; (ҳам электрон юбориш зарур  nav.kadr@sud.uz)

3. Сўровнома;

4. Таржимаи ҳол;

5. Диплом ёки чет элда ўқиганлик тўғрисидаги дипломга эса, дипломни тан олинаганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;

6. Шахсни тасдиқлович ҳужжат (паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта гувоҳномаси) нусхаси;

7. Охирги иш жойи бўйича тасдиқланган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма (бундан биринчи марта ишга кираётган шахслар мустасно);

8. Тавсифнома (Ишламаган бўлса ўқиш жойидан Тавсифнома);

9. 3,5х4,5 расм 4 дона;

10. Соғлиғи ҳақида тиббий маълумотнома (086-шакл);

11. Ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар учун тегишинча ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома;

12. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами.

Бўш иш ўрин (вакант лавозим)лари бўйича кадрлар захирасига ариза ва унга тегишли ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги муддати: 2024 йил 5 февраль, соат 18:00.

Навоий вилоят судининг кадрлар бўлими

Судья ва ёшлар учрашуви ўтказилди

Навоий вилоят суди судьялари Х.Турсунов, Н.Умаров ва С.Жакеевлар томонидан 2024 йил 29 январь куни Навоий шаҳрида жойлашган 5-сонли умумий ўрта таълим мактабида 11-синф ўқувчилари билан давра суҳбати ўтказилди.

Ўтказилган давра суҳбати давомида ёшларга Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган конституцияси тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди, жумладан, Конституциянинг 1-моддасига кўра, Ўзбекистон-бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги,  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга ҳамда тўғридан-тўғри амал қилиши,  шахсни ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши ва ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги ва бошқа шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, асосий иқтисодий, ижтимоий, маданий ва сиёсий ҳуқуқлари конституция билан кафолатланганлиги борасида маълумотлар бериб ўтилди. 

Шу билан бирга, судьялар томонидан ўқувчиларни ҳуқуқ борасида қизиқтираётган бошқа саволларига ҳам батафсил жавоблар бериб ўтилди.

 

Нурбек Умаров,

Навоий вилоят суди судьяси.

Савдо-саноат палатасининг Навоий вилоят ҳудудий бошқармасида ҳуқуқшунослар иштирокида семинар машғулоти ўтказилди

Вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқушунослари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида Савдо саноат палатасида ўтказилган семинар йиғилишининг кун тартибидаги масалааси суд қарорларини қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати амалдаги процессуал кодексларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ёритиб беришдан иборат бўлди.

Хусусан,“Суд қарорларини қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган ва 2024 йилнинг 1 январь кунидан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси қонуни билан суд қарорларини қайта кўриш соҳасида муҳим ўзгартиришлар амалга оширилди.

Қонунчиликка киритилган мазкур янгиликка кўра туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, шунингдек апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинишини ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Семинарда янги тартибга кўра одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг судма-суд юришига барҳам берилганлиги, бунда биринчи инстанция судининг қарори ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Вилоят судида ташкил этилган апелляция ёки кассация ҳамда тафтиш инстанцияларининг қароридан норози бўлинган тақдирда, суд қароридан норози бўлган тарафнинг шикояти бўйича ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқилиш масаллари муҳокам қилинди.

Энг муҳими шундаки, эндиликда юқори турувчи судлар томонидан қўйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилиниб, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилди.

Қонунчиликда белгиланган аввалги тартибга кўра, апелляция тартибида кўрилмаган иш бўйича суд ҳужжати устидан норози тарафда кассация шикояти бериш ҳуқуқи мавжуд эмас эди. Бу эса, қайсидир сабабларга кўра апелляция шикоятини бериш муддатларини ўтказиб юборган тарафни суд ҳужжати устидан шикоят бериш ҳуқуқини чеклаб қўяр эди.

Эндиликда суд ҳужжатидан норози бўлган тараф ўз ҳоҳиши бўйича қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан апелляция шикояти билан, қонуний кучга киргач кассация шикояти билан мурожаат этиш  ваколатига эга бўлди.

Одил судлов соҳасига тафтиш институтининг киритилиши ва суд қарорини тафтиш тартибида кўриш ваколатларини ўрта буғин судлари ҳисобланган вилоят судлари ва унга тенглаштирилган судларга берилиши, тафтиш инстанцияси томонидан ишни кўришда қўйи судларнинг моддий ва процессуал қонун нормаларига риоя этилганлиги ҳолатини тўлиқ тафтиш қилиш орқали кўриб чиқиб, суд қарорларига қонуний баҳо берилиши билан биргаликда, судда иши кўрилаётган тарафларнинг Тошкент шаҳрида жойлашган Олий судга бориши билан боғлиқ вақтини ва харажатларини ҳам тежайди.

Шу билан биргаликда мазкур институтни қонунчиликка тадбиқ этилиши орқали Олий суднинг марказлашган ваколатларини қўйи судларга ўтказилиши билан, ўрта буғин судларининг одил судловни таъминлашдаги ваколатларини кенгайтириш билан биргаликда уларга қонуний ва асосли қарор қабул қилиш каби масъулиятни ҳам юклайди.

Хулоса қилиб айтганда, одил судлов соҳасида амалга оширилган мазкур ислоҳотлар суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштириш ҳамда суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ҳамда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Турғун Қаҳҳоров,

Хуршид Турсунов,

Навоий вилоят судининг судьялари.

2023 йил давомида Навоий вилояти жиноят судлари томонидан амалга оширилган ишлар салмоғи

2023 йил давомида Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жами 2272 нафар шахсга нисбатан 1695 та жиноят иши тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят ишлари 97 та ёки 5,7 фоизга кўпайган, шахслар эса 137 тага ёки 6,4 фоизга кўпайган.

Тамомланган ишлардан 1861 нафар шахсга нисбатан 1316 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, ҳукм чиқарилган ишлар 161 тага ёки 13,9 фоизга  ошган.

Жами тамомланган ишларнинг барчаси туман (шаҳар) судларида кўрилган.

Шу даврда 410 нафар шахсга нисбатан 378 та иш тугатилган. Шундан 362 нафар шахсга нисбатан 342 та жиноят иши ЖК 661-моддасига асосан тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.

Ушбу даврда 229 нафар аёлларга нисбатан 204 та жиноят иши кўрилган. Иш сони 11 тага ёки 5,6 фоизга, шахс сони 5 тага ёки 2,2 фоизга ошган.

826 нафар ёшларга нисбатан 666 та жиноят иши судлар томонидан мазмунан кўриб ҳал этилган бўлиб, шундан 40 та жиноят иши бўйича 52 нафарини вояга етмаганлар ташкил этган. Вояга етмаганлар бўйича шахс сони 14 тага ёки 36,8 фоизга, иш сони эса 11 тага ёки 39,7 фоизга  ошган.

Ушбу даврда 74 нафар 60 ёшдан ошганларга нисбатан 74 та жиноят иши кўрилган. Шахс сони 16 тага ёки 27,5 фоизга, иш сони эса 17 тага ёки 29,8 фоизга  ошган.

2023 йил давомида жами 7 та жиноят иши бўйича 11 нафар шахс судлар томонидан оқланган бўлиб, шундан 1 та жиноят иши бўйича 1 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 6 та жиноят иши бўйича 10 нафар шахс вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан оқланиб, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфатлари тикланган.

Судлар томонидан кўрилган ишлардан

Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш 76 та, 15 тага ёки 24,5 фоизга;

–пора бериш 101 та, 45 тага ёки 80,3 фоизга;

электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш жинояти  23 та, 13 тага ёки 1,3 бараварга;

Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш жинояти 6 та, 3 тага ёки 100 фоизга ошган бўлса;

Судлар томонидан кўрилган ишлардан

Маъмурий назорат қоидаларини бузиш–15 та, 9 тага ёки 37,5 фоизга;

Қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш– 82 та, 20 тага ёки 19,6 фоизга;

Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш 270 та, 23 тага ёки 7,8 фоизга камайган.

Судлар томонидан 2023 йил давомида жиноят содир этган шахсларга жазо тайинлаш ва уларни ахлоқан тузалиш йўлига ўтказишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органилари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор берилган.

Хусусан, ушбу даврда 10 нафар ёшларга Ёшлар иттифоқининг тегишли кенгашлари томонидан кафиллик хатлари асосида;

5 нафар шахсга нисбатан маҳалла фуқаролари йиғинининг кафиллик хати асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

2023 йил давомида 31.792 нафар шахсга нисбатан 26.841 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилган. Шундан, 18.553 нафар шахсга нисбатан 16.622 та иш бўйича жазо тайинланган бўлса, 13.239 нафар шахсга нисбатан 10.219 та иш ҳаракатдан тугатилган.

Ҳаракатдан тугатилган ишларнинг 267 таси МЖтКнинг 271-моддасининг 1-бандига асосан, яъни маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқлиги сабабли тугатилиб, 317 нафар фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлари тикланган. 

Кўриб тамомланган ишлар 4.028 тага ёки 17,6 фоизга, шахслар 3.662 тага ёки 13.0 фоизга ошган.

Жами кўриб чиқилган 1695 та жиноят ишидан 70 таси оммавий-ахборот воситалари (Тв, веб-сайт, газета, журнал) орқали ёритилди.

Навоий вилоят судида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими ташкил этилганлиги боис, оммавий-ахборот воситалари билан ҳамкорлигимизни янада жадаллашди, суд процессларини кўпроқ халққа етказиш чоралари кўрилмоқда.

Келгусида ҳам ҳар бир судья ва суд ходимлари одил судловни амалга оширишга, айниқса фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътиборини қаратади.

 

Абдулло Аллаев,

Навоий вилоят суди раиси.

Хатирчи туман Ободонлаштириш бошқармасининг ишчи, ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари тикланди

Даъвогар Хатирчи туман адлия бўлимининг фуқаро Ш.О.нинг манфаатида жавобгар Хатирчи туман Ободонлаштириш бошқармасига нисбатан тўланмай қолган иш ҳақларини ундириш ва мажбурият юклатиш ҳақидаги даъво аризаси 2024 йил январь ойининг 12 куни судда кўриб чиқилди.

Аниқланишича, Хатирчи туман Ободонлаштириш бошқармасидан фуқаро О.Ш.га 2020 йилда 1.126.934 сўм, 2021 йилда 1.351.264 сўм, 2022 йилда 1.215.290 сўм, 2023 йилнинг 10 ойи давомида 1.185.320 сўм, жами 4.878.808 сўмлик иш ҳақлари ундириб берлмаган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 01 апрелдаги 91-сон қарори 1-иловасида Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар Ободонлаштириш бошқармалари ҳамда департаментлар, ихтисослаштирилган бошқармалар, шуннгдек махсус эксплуатация-монтаж бўлинмалар ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тармоқ тариф сеткасининг 12-бандида қабристон назоратчилари учун ҳақ тўлаш бўйича тармоқ тариф сеткаси 4 разряд қилиб белгиланган.

Шунингдек, мазкур қарор ижроси бўйича туман молия бўлимидан мутахассис жалб қилиниб ўрганилганда ўз тасдиғини топиб, 1 разряд кам тўланиб келингани оқибатида 33 нафар қабристон назоратчиларига 2020 йил давомида 37 млн 188 минг, 2021 йил давомида 44 млн 591 минг, 2022 йил давомида 4 млн 104 минг, 2023 йилнинг ўтган даври давомида эса 39 млн 115 минг сўмлик иш ҳақлари, жами 161 млн сўм пул маблағлар тўланмасдан келган.

Суд юқорида қайд этилган қонун талаблари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, даъвогар Хатирчи туман адлия бўлимининг даъво аризасини қисман қаноатлантирилиб, жавобгар Хатирчи туман Ободонлаштириш бошқармасидан фуқаро О.Ш.нинг фойдасига тўланмасдан қолган жами 4.878.808 сўм иш ҳақи ундириб берилди.

Бундан ташқари, туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан 1 разряд кам тўланиб келингани оқибатида 33 нафар қабристон назоратчиларига 2020 йил давомида 37 млн 188 минг, 2021 йил давомида 44 млн 591 минг, 2022 йил давомида 4 млн 104 минг, 2023 йилнинг ўтган даври давомида эса 39 млн 115 минг сўмлик иш ҳақлари, жами 161 млн сўм пул маблағлар ундириб берилди.

Баҳодир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.

 

Зарифжон Утамуродов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси.

 

 

Хатирчи туман тиббиёт ходимларининг тўланмай қолган иш ҳақлари ундириб берилди

Даъвогар Хатирчи туман адлия бўлимининг фуқаро С.М.нинг манфаатида жавобгар Хатирчи туман тиббиёт бирлашмасига нисбатан тўланмай қолган иш ҳақларини ундириш ҳақидаги фуқаролик иши жорий йилнинг 12 январь куни фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судида кўриб чиқилди.

Аниқланишича, Хатирчи туман тиббиёт бирлашмасидан фуқаро М.С.га 2020 йилда 1.461.134 сўм, 2021 йилда 1.587.824 сўм, 2022 йилда 1.718.387 сўм, 2023 йилнинг ўтган даврида 1.559.000 сўм, жами 6.326.345 сўмлик иш ҳақлари тўлаб берилмаган.

Вахоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 сентябрдаги 292-сон “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ташкилотлари тузилмасини янада оптималлаштириш ва соғлиқни сақлаш тизими тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси таҳлил этилгани, мазкур қарорнинг 6-иловасида туман тиббиёт бирлашмалари ва унинг таркибидаги ОП ва ОШПларнинг хўжалик бекалари лавозимида фаолият юритувчи ходимларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 25% миқдорида устамалар тўлаб борилиши назарда тутилган.

Шунингдек, мазкур қарор ижроси бўйича туман молия бўлимидан мутахассис жалб қилиниб ўрганилганда ўз тасдиғини топиб, туман тиббиёт бирлашмалари ва унинг таркибидаги ОП ва ОШПларнинг хўжалик бекаларига 2020 йил давомида 26 нафар ходимга 35.029.361 сўм, 2021 йил давомида 29 нафар ходимга 45.751.126 сўм, 2022 йил давомида 35 нафар ходимга 60.672.635 сўм, 2023 йил давомида 38 нафар ходимга 60.610.000 сўм иш ҳақлари тўлаб берилмаган.

Суд юқорида қайд этилган қонун талаблари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, даъвогар Хатирчи туман адлия бўлимининг даъво аризасини қаноатлантиришни, жавобгар Хатирчи туман тиббиёт бирлашмасидан фуқаро М.С.нинг фойдасига тўланмасдан қолган жами 6.326.345 сўм иш ҳақини ундириб берилди.

Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмалари ва унинг таркибидаги ОП ва ОШПларнинг хўжалик бекаларига 2020 йил давомида 26 нафар ходимга 35.029.361 сўм, 2021 йил давомида 29 нафар ходимга 45.751.126 сўм, 2022 йил давомида 35 нафар ходимга 60.672.635 сўм, 2023 йил давомида 38 нафар ходимга 60.610.000 сўм иш ҳақлари тўлаб берилиши суд қарори билан таъминланди.

 

Баҳодир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.

 

Зарифжон Утамуродов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси.

ОИЛA-ЖAМИЯТНИНГ AСОСИЙ БУҒИНИ УНИ AСРAБ AВAЙЛAШ КЕРAК!

Хатирчи тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотинқизлар бўлими бошлиги М.Раҳмонова, Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси Б.Бабақулов ҳамда ёрдамчилари, отинойилар, маҳалла хотинқизлар фаоллари билан ҳамкорликда тумандаги «Галабек» маҳалласи биносида 12 та ажрим ёқасига келиб қолган оилалар муҳокама қилинди.

Кўрилган ишлардан 5 та оила яраштирилди, яна бир бора оила муқаддаслиги тушунтирилди, 7 та тарафларга ўйлаб кўриш ҳамда оиласини сақлаб қолиш учун муддат тайинланди.

Шунингдек йиғилганларга, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги Қонунлари билан Фуқаролик процессуал кодексига ва Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида жумладан, 2024 йил 01 январдан суд ишларини вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилиши, ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида қайта кўрилиши, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланиши, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилиши юзасидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги гапириб ўтилди.

 

 Баҳодир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.

“Судья ва ёшлар” учрашуви тафсилотлари

Жамиятимиз ҳаётида ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш фуқаролик жамиятига асосланган демократик тамойилларидан бири бўлиб, профессионал таълим тизимини ташкил этишдан ҳам кўзланган асосий мақсад, ўқувчиларнинг назарий билимлари асосида ҳуқуқий кўникма ва малакаларини шакллантиришдан иборат.

Шу аснода ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Навоий туманлараро маъмурий судининг судьялари томонидан Навоий шаҳридаги 15-умумий ўртатаълим мактабида “Судья ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Учрашувда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳада фуқароларга яратилаётган имкониятлар, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар ва уларнинг олдини олиш бўйича вилоятда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Аудитория ёшлардан иборат эканлиги инобатга олиниб, ижтимоий тармоқларда шавқатсизлик, диний экстремизм ва давлат тузумига қарши ғоялар акс этган материалларни тарқатиш, сақлаб олиш ҳам жиноят эканлиги тушунтирилди.

Шунингдек, ўқувчи ёшларга уларнинг қонунларимизда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ота-оналарнинг болаларга нисбатан ва болаларни ота-оналарига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари давлат томонидан ҳимояланганлиги, ушбу ҳуқуқлари бузилган тақдирда уни таклаш юзасидан мурожаат қилиш тартиби тушунтириб ўтилди. 

Тадбир сўнгида иштирокчилар суд-ҳуқуқ соҳасида ўзларини қизиқтираётган саволлар билан мурожаат қилди.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида давом этиб, якунида ёшларни суд-ҳуқуқ соҳасида ўзларини қизиқтираётган саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.

 

Фазлиддин Саноқулов,

Навоий туманлараро маъмурий судининг судьяси.

Перейти к содержимому