Иқтисодий судларда соддалаштирилган тартибда иш юритиш
Маълумки, иқтисодий судга иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ҳамда бошқа ишлар тааллуқли ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (кейинги ўринларда матнда ИПК деб юритилади)нинг 231-боби “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланади.
Хўш, қандай ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин.
ИПКнинг 2032-моддаси биринчи қисмига кўра, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.
Мазкур модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ, агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида учинчи шахснинг ишга киришиш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилган, ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган қарши даъво қабул қилинган бўлса ёхуд агар суд қуйидагилар хусусида, шу жумладан тарафлардан бирининг илтимосномасига кўра қуйидагилар хусусида хулосага келса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради:
1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлса;
2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;
3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса.
Агар юқорида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.
Корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризаси ушбу Кодекснинг 149-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак ҳамда даъво аризасига ИПКнинг 151-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.
Шунингдек, ИПКнинг 2034-моддасига асосан мазкур тоифадаги ишлар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.
Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
ИПКнинг 2035-моддасига асосан, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади ҳамда ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ишларни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриш, тарафларнинг қимматли вақтларини тежашга ҳамда уларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга хизмат қилади.
Дилшод Турдиев,
Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси