Искать:

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан ўтказилган сайёр суд ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Ўзбекистон маҳаллалар уюушмаси Навоий вилоят бошқармаси биносида  жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик олдини олиш мақсадида сайёр суд мажлиси ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган ишлар кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Шунингдек,  жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси  Б.Алиқулов маҳаллалар уюушмаси раҳбарияти, прокуратура ходимлари, адвокатлар, маҳалла раислари ва фуқаролари иштирокида  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳақида сўз юритиб, ушбу Фармон келгусида Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Баходир Алиқулов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг раиси

Навбаҳор туманида ўтказилган тарғибот тадбири тафсилотлари

Нурота туман ҳокимлиги биносида Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг раиси Б.Джумаев, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг раиси А.Хамраевлар томонидан тумандаги корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати давомида суд ҳуқуқ соҳасида қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун моҳияти ва аҳамияти тўғрисида маърузалар қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интелект технологияларни жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-теҳника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-140-сонли Фармонининг мазмун моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.

Мазкур Фармон билан судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида келгусида суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш «Рақамли суд» концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш белгиланмоқда.

Фармоннинг 3-бандига кўра, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида «Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш белгиланмоқда. «Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш доирасида:

-судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилади;

мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади;

ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади;

тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади;

суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади;

суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади;

сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади;

суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.

Фармонга кўра,  2025 йил якунига қадар, тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида «Рақамли суд» концепцияси асосида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган суд мажлиси заллари ташкил этиш, икки ой муддатда «Рақамли суд» концепцияси доирасида кўриладиган низолар бўйича ишлар тоифасини тасдиқлаш ҳамда  тажриба натижалари асосида «Рақамли суд» концепциясини 2026-2027 йилларда босқичма-босқич республиканинг барча судларида татбиқ этиш белгиланди.

Шунингдек, мазкур фармон билан иқтисодий судларни мақбуллаштириш орқали туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини тугатиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган.

Иқтисодий судлар тузилмасини мақбуллаштиришг орқали уларнинг фаолияти самарадорлиги ошади ва ягона суд амалиёти шаклланади.

Фармоннинг 6-бандига кўра:

– 2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш;

-2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратиш;

– 2026 йил 1 январдан бошлаб «my.sud.uz» интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш;

– 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш;

– 2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги «Шахсий кабинет» платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш белгиланган.

Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратилади, оворагарчиликларнинг олди олинади, уларнинг вақти ва пул маблағларини тежалади ҳамда одил судловнинг самарадорлиги, шаффофлиги ва холислиги таъминланади.                                                          

 Джумаев Бекзод Абдувохидович,

                                               Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Хамраев Акрам Абдурашидович

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси

Навбаҳор туман судлари томонидан ташкил этилган тарғибот тадбирида иштирокчиларга Президент Фармонининг мазмун моҳияти ҳақида тушунтириш берилди

Суд тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш, судларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш ҳамда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонда, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш, Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш, иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш, “Рақамли суд” концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш белгиланди.

Мазкур Фармонинг мазмун-моҳиятини, аҳолига, корхона ва ташилотлар, ўқув муассасалари ходимлари эътиборига етказиш мақсадида жорий йил 2 сентябрь куни Навбаҳор туманидаги 2-полтехникумда таълим муассасаси ходимлари ва ўқувчилари билан жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди, Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди ва фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди судьялари иштирокида учрашув ўтказилди.

Тадбирда йиғилганларга Фармоннинг мазмун-моҳияти, шунингдек, коррупция, одам савдоси ва аёлларга нисбатан таъзйиқ каби жиноятларга қарши курашиш ва жиноятларни олдини олиш чоралари юзасидан тушунтириш берилди.

 

Алишер Сайдуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

 

Бекзод Джумаев,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг раиси

 

Алишер Бахромов,

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг судьяси

Перейти к содержимому