Искать:

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИ ТЎЛОВ ҚОБИЛИЯТСИЗЛИГИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллардан бошлаб иқтисодиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тобора чуқурлашиб, бугунги кунда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада аҳоли иш билан таъминланиб, халқ фаровонлиги юксалиб бормоқда.

Аммо, барча ҳолларда ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиш кўзланган натижаларни бермайди. Чунки, шахс бундай фаолият билан шуғулланар экан, албатта у ҳар бир қиладиган ҳаракатни олдиндан пухта уйлаб кўриши, тадбиркорлик билан боғлиқ қонун ҳужжатларини чуқур ўрганиши, солиқ қонунчилигига риоя қилиши ҳамда шартномавий муносабатларда иштирок этишда ўз мажбуриятларини бажариши лозим. Акс ҳолда, у кўзланган фойдани ололмасдан қолиши, мулкий ва молиявий зарар кўриши, ҳатто банкротлик ҳолатига тушиб қолиши ҳам мумкин.

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (бундан кейин матнда Қонун деб юритилади) юридик ва жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкротлик соҳасидаги муносабатларини тартибга солади ва бу тоифадаги ишлар иқтисодий судларига тааллуқлидир.

Қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланади.

Қарздор жисмоний шахс, крeдитoр, шунингдек давлат солиқ хизмати ва бошқа ваколатли органлар жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги aризa билан судгa мурожаат қилиши мумкин.

Ушбу Қонун 9-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда, агар жисмоний шахс барча мажбуриятларининг умумий суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз бараварини ташкил этса, бундай ҳолат юзага келган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай жисмоний шахс ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиши керак.

Суднинг жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги aризaни қаноатлантириш ва унинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб-таомилини жорий этиш ҳақидаги ажрими, агар бундай ариза ушбу Қонуннинг 196-моддасида назарда тутилган асосларга кўра берилган бўлса, агар жисмоний шахснинг тўлoвгa қобилиятсизлиги аломатлари исботланган ҳамда ушбу Қонуннинг 200-моддасида назарда тутилган ҳoлатлaрдaн лоақал биттаси сoдир бўлса, чиқарилади. Молиявий бошқарувчи қарздор жисмоний шахс ёки кредиторлар ёхуд ваколатли давлат органи ёки суд бошқарувчиларининг жамоат бирлашмаси таклиф этган номзодлар орасидан суд томонидан тайинланади.

Шунингдек, Қонун билан жисмоний шахснинг гaрoв билaн тaъминлaнгaн талаблари, крeдитoрлaр йиғилишининг жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишга доир мутлақ ваколатлари, жисмоний шахснинг қaрзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб-таомилини жoрий этиш oқибaтлaри, қарздор жисмоний шахснинг ваколатларини чеклаш, жисмоний шахсни банкрот дeб тoпиш ва унинг мол-мулкини сотиш ва ўзига хос хусусиятлар, крeдитoрлaр билaн ҳисoб-китoблaрни тамомлaш вa жисмоний шахсни мaжбуриятлардaн oзoд этиш ҳақида батафсил тушунтириш берилган.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун жисмоний шахслар томонидан қийинчилик кўриб, банкрот ҳолатга тушиб қолганда уларга яратилган имкониятлар, имтиёзлар ва преференциялардан кенг қўламда фойдаланган ҳолда ўз мажбуриятларини бажаришлари ва амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда тўловга қобилиятсизлик ҳолатидан чиқиб кетишга имконият яратади.

 

 

Жакеев Сабит,

Навоий вилоят судининг судьяси

Хусусий мулк даҳлсизлигининг қонуний кафолати таъминланди

2025 йил 15 май куни фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг биносида очиқ суд мажлиси бўлиб, унда даъвогар Б.Книнг жавобгар Б.Бга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган биноларни бузиш ва ер майдонидан чиқариш ҳақидаги даъвоси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди.

Иш ҳужжатларида мавжуд маълумотлардан аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хузуридаги Мажбурий ижро бюроси Хатирчи туман бўлими давлат ижрочисининг 2024 йил 16 январдаги қарорига асосан гаровга қўйилган Б.Бга тегишли бўлган, умумий ер майдони 1287.0 кв.м, умумий майдони 15.0 кв.м, фойдали майдони 8.36 кв.м, хоналар сони 2 тадан иборат, кадастр рақами 21:07:01:01:01:4109 бўлган, (26.000.000 сўмга баҳоланган) “Омборхона” биноси сотувга чиқарилган.

2024 йил 9 сентябрь куни ўтказилган электрон-онлайн савдолари натижалари бўйича расмийлаштирилган ОА-1211634-сонли баённомага кўра аукцион ғолиби Б.К кадастр рақами 21:07:01:01:01:4109 бўлган мазкур мулкни 95.160.000 сўмга сотиб олган.

Мажбурий ижро бюроси Хатирчи туман бўлими давлат ижрочисининг 2024 йил 11 ноябрь кунидаги қарорига асосан электрон-онлайн савдоси орқали сотилган кўчмас мулк, Хатирчи туман, “Мустақиллик” МФЙда жойлашган “Омборхона” биноси даъвогар Б.Кга топширилган.

Хатирчи туман, “Мустақиллик” МФЙда жойлашган умумий ер майдони 1287.0 кв.м, умумий майдони 15.0 кв.м, фойдали майдони 8.36 кв.м, хоналар сони 2 тадан иборат “Омборхона” биноси ва унга тегишли 1287,0 кв.м ер майдони даъвогар Б.Книнг номига Давлат кадастр палатаси Хатирчи туман филиали томонидан 18.11.2024 йилда рўйхатдан ўтказилган ва унга мулк ҳуқуқи берилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасига кўра мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

Ўзбекистон Респрубликаси Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

Суд юқорида қайд этилган қонун талаблари ва ишда аниқланган ҳолатларни эътиборга олиб, жавобгар даъвогарнинг ўз мулкига эгалик қилиш ва фойдаланишга доир ҳуқуқларини бузиб келгани, ер майдонини бўшатиб бермагани сабабли, даъвонинг жавобгарни ер майдонидан чиқариш ҳақидаги талабини қаноатлантиришни, жавобгар Б.Бни даъвогар Б.Кга тегишли бўлган “Мустақиллик” МФЙда жойлашган умумий ер майдони 0,1287 га (1287.0 кв.м ) ер майдонидан чиқаришни, Хатирчи туман “Мустақиллик” МФЙда жойлашган умумий ер майдони 0,1287 га (1287.0 кв.м) ер майдонида қурилган ноқонуний қурилишларни жавобгар Б.Бнинг ҳисобидан  бузиб бартараф этиш ҳақидаги хулосага келди.

Бир сўз билан айтганда хусусий мулк даҳлсизлигининг қонуний кафолати таъминланди.

 

Бабақулов Баходир,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси

Оталик факти белгиланди

2025 йил 16 май куни фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судида аризачи А.Снинг Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимига нисбатан оталик фактини белгилаш ҳақидаги аризаси бўйича фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди.

Иш ҳужжатларида мавжуд маълумотлардан аниқланишича, аризачи А.С 30.11.2022 йилда Хатирчи тумани “Маданият” МФЙда яшаган, ҳозирги кунда мархум бўлган Ж.Қга турмушга чиқиб, у билан қонуний никоҳдан ўтмасдан шаръий никоҳда яшагани, у билан 2024 йил 08 августь кунига қадар бирга яшаб келиб, турмуш ўртоғи 2024 йил 08 августь куни автоавария натижасида вафот этгани, шу вақтда ҳомиладор бўлгани, 2023 йил 03 сентябрь куни А.А исмли фарзанди туғилган, турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳ қайд этилмагани сабабли фарзандига оталиги белгиланмаган, шунинг учун фарзандига боқувчисини йўқотганлик учун нафақа ололмаган, фарзандини моддий таъминотида қийналиб қолгани учун мархум турмуш ўртоғининг фарзандига оталигини белгилатиб боқувчисини йўқотганлик учун нафақа олиш мақсадида судга мурожаат қилган, шунга кзра 2023 йил 03 сентябрда туғилган фарзанди А.Анинг отаси Ж.Қ эканлиги фактини белгилаб беришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасига кўра, фуқаролар ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни суд аниқлайди. Оталикни тан олиш (белгилаш) фактини аниқлаш тўғрисидаги ишларни суд кўради. Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёки йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд бу фактларни аниқлайди.

Мазкур Кодекснинг 296-моддасига асосан юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш тўғрисидаги ишлар бўйича аризалар аризачи яшаб турган жойдаги судга берилади. Аризада муайян фактни аниқлаш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек, аризачининг тегишли ҳужжатларни олиш имкониятига эга эмаслигини ёхуд йўқолган ҳужжатларни тиклаб бўлмаслигини тасдиқловчи далиллар келтирилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 62-моддасига кўра, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин. Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 25 ноябрда қабул қилинган “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 8-сонли қарорининг 18-бандига асосан боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахс вафот этган ҳолда, суд оталик фактини, яъни боланинг ўша шахсдан келиб чиққанлиги фактини белгилашга ҳақли. 1968 йил 1 октябрдан кейин туғилган болаларга нисбатан оталик факти Оила кодексининг 62-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасини ишончли тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлгандагина белгиланиши мумкин.

Иш ҳужжатлари ва ишда аниқланган ҳолатларга кўра, Хатирчи туман “Маданият” МФЙ вакиллари томонидан 25.07.2025 йилда имзоланган далолатномадан кўришича, фуқаро А.С турмуш ўртоғи Ж.Қ билан шаръий никоҳ бўйича эр хотин бўлиб яшагани, Ж.Қ 2024 йил 08 августда вафот этгани, 2023 йил 03 сентябрь куни уларнинг фарзанди А.А туғилгани, улар доимий бирга яшагани ва уларнинг ўрталарида бир нафар 2023 йил 03 сентябрда туғилган А.А исмли фарзанди борлиги кўрсатилган.

Иш ҳужжатларда мавжуд Пахтачи туман ФҲДЁ бўлими томонидан 2024 йил 08 августда 4-1405-23-00459-сон ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидан аниқланишича, фуқаро Ж.Қ 2024 йил 08 августда автоавария натижасида вафот этганлиги кўрсатилган.

Иш ҳужжатлар ва судда аниқланган ҳолатларга кўра аризачи А.С ва Ж.Қлар бирга яшаган даврида улардан бир нафар 2023 йил 03 сентябрда А.А исмли фарзанди туғилган.

Тарафлар ўртасида никоҳ қайд этилмаганлиги сабабли фарзандининг фамилиясига она фамилияси қайд этилган.

Мазкур ҳолатлар ишга тақдим қилинган ҳужжатлар ва аризачининг кўрсатмалари билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Суд аризада келтирилган талабни муҳокама қилиб, мазкур ҳолатда аризачи А.С ва унинг марҳум турмуш ўртоғи Ж.Қ 2022-2023 йилларда фактик никоҳ муносабатлари бўлиб бирга турмуш кечирганлиги, уларнинг биргаликдаги турмушларидан бир нафар фарзанди туғилганлиги ҳамда Ж.Қ томонидан ушбу боланинг оталиги тан олиниб, улар билан бирга яшаб таъминлаб турганлигини, бу ишга тақдим қилинган хужжатлар билан тўлиқ ўз тасдиғини топганлигини, бироқ Ж.Қ вафот этиб кетганлиги сабабли туғилган фарзандининг оталиги белгиланмай қолганлигини, ушбу ҳолат юзасидан бирон-бир низо йўқлигини, бундай ҳолатда аризачининг аризаси асосли ҳисобланишини, аризачи мазкур ҳолатда ушбу фактни бошқа йўл билан тасдиқлаш имкониятига эга эмаслигини инобатга олиб, аризани қаноатлантиришни, 2024 йил 08 августда вафот этган, ўзбек миллатига мансуб фуқаро Ж.Қнинг 2023 йил 03 сентябрда туғилган А.А исмли фарзандининг отаси эканлиги факти белгилашни, Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимида 05.09.2023 йилда 1-2108-23-03353-сон билан А.А исмли боланинг туғилганлиги қайд этилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувининг ота устунига отаси “Ж.Қ, 10.01.1995 йилда туғилган” деб ўзгартириш киритишни лозим топди.

Бир сўз билан айтганда вояга етмаган А.Анинг қонуний ҳуқуқлари суд орқали тикланди.

 

Бабақулов Баходир,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси

Оналик ҳуқуқининг қонуний кафолати таъминланди

2025 йил май ойининг 30 куни фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи  туман судининг биносида очиқ суд мажлиси бўлиб, унда даъвогар Қ.Гнинг жавобгар К.Нга нисбатан фарзандини ўз тарбиясига олиб бериш ҳақидаги даъвоси бўйича юритилган фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди.

Аниқланишича тарафлар Қ.Г ва К.Н 2015 йил 15 ноябрь куни Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган, турмушларидан икки нафар 29.09.2017 йилда туғилган А.А ва 13.11.2020 йилда туғилган Б.Б исмли фарзандлари бор.

Тарафлар ўзаро оилавий келишмовчиликлар сабабли 2024 йил июль ойидан бери бирга яшамасдан, уларнинг икки нафар вояга етмаган фарзандлари отасининг қарамоғида қолган.

Даъвогар Қ.Г суддан икки нафар вояга етмаган фарзандларини ўзининг тарбиясига олиб беришни сўрамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 75-моддасига кўра, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас, болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим, ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас, болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилади, агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир, ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади, ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади, бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.

Иш ҳужжатларида мавжуд Хатирчи туман Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўъбасининг 2025 йил 06 февраль кунидаги №07-05/01-07-08/11-сонли хулосасида, вояга етмаган 29.09.2017 йилда туғилган А.А ва 13.11.2020 йилда туғилган Б.Бни онаси Қ.Гнинг тарбиясига олиб бериш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланган.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 73-моддага кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт.

Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 75-моддасига кўра, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб ҳал  этилади.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра даъвогар ўзининг тарбиясига олиб беришни сўраётган фарзандлари А.А бола бўлиб, унга онасининг тарбияси ва парвариши зарурлиги, Б.Б ҳали ёш бўлиб онасининг қарови ва ғамхўрлиги кераклиги, шунингдек даъвогар Қ.Г оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмагани, унинг фарзандари билан она-бола муносабатлари узилмаганлиги маълум бўлди.

“Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 1998 йил 11 сентябрь кунидаги 23-сонли Олий суд Пленуми қарорининг 3-бандида кўрсатилишича суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори чиқариши лозим. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олади.

Суд юқорида қайд қилинган қонун талаблари ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъвоси асосли эканлиги боис, 29.09.2017 йилда туғилган А.А ва 13.11.2020 йилда туғилган Б.Б ҳали ёшлиги, А.Анинг қиз бола экани, уларга онасининг тарбияси ва ғамхўрлиги муҳим эканлиги, даъвогарнинг фарзандларини тарбиялаш ҳуқуққа эга эканлигини эътиборга олиб, шунингдек вояга етмаган болаларнинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда, даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришни, 29.09.2017 йилда туғилган А.А ва 13.11.2020 йилда туғилган Б.Бни жавобгар К.Ндан даъвогар Қ.Гнинг тарбиясига олиб беришни, вояга етмаган А.А ва Б.Бнинг яшаш манзили Хатирчи туман “Кўксарой” МФЙ Чоштепа қишлоғи онаси Қ.Г яшаб турган уй-жой манзили бўйича белгилашни лозим топди.

Бир сўз билан айтганда суд қарорига асосан оналик ҳуқуқи кафолати таъминланди.

Бабақулов Баходир,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси

Эҳтиётсизликнинг оғир оқибати

Даъвогар М.Ю судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда қизи марҳума А.Б 2024 йил 24 декабрда жавобгар Ф.Рнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши натижасида содир этилган йўл транспорт ҳодисаси натижасида ҳалок бўлгани, суд Ф.Рни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмига мувофиқ айбдор деб топиб, унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлагани, жавобгар Ф.Рнинг содир этган жинояти натижасидан моддий ва маънавий зарар кўрганлигини билдириб, жавобгардан етказилган моддий зарар учун 23.000.000 сўм, маънавий зарар учун 500.000.000 сўм товон ундириб беришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича жавобгар Ф.Р 2024 йил 20 июль куни 06:30 ларда Нуробод тумани “Жарқудуқ” МФЙ худудидан ўтувчи 4R-54 “Каттақўрғон-Ингичка” автомобиль йўлининг 23 км.да бошқарувида бўлган “Нексия-3” русумли, 85О112МА давлат белгили автомашинасини “Каттақўрғон” йўналишида бошқариб бориб, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, бошқарувида бўлган “Нексия-3” русумли автомашина тезлигини ошириб, йўлнинг ўнг қия бурилиш жойига келиб руль бошқарувни йўқотиши оқибатида автомашина йўлнинг ўнг қисмига ағдарилиб кетиб, йўл транспорт ҳодисаси содир қилган ва бунинг натижасида йўловчи А.Б олган оғир тан жароҳатлари сабабли шифохонада вафот этишига сабабчи бўлган. 

Жавобгар Ф.Рга нисбатан жиноят ишлари бўйича Нуробод Хатирчи туман судининг 2024 йил 26 сентябрь кунидаги ҳукмига кўра у Ўз.Р ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва унга Ўз.Р ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмига асосан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1021-моддасига кўра, маънавий  зарар  уни  етказувчининг  айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан  қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 28.04.2000 йилдаги 7-сонли “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорининг 13-бандига кўра маънавий зарарнинг миқдорини белгилашда судлар жабрланувчининг унга етказилган маънавий зарарнинг оғирлигига берган субъектив баҳосини, шунингдек даъвогарга етказилган маънавий ва жисмоний азобларнинг даражасини кўрсатувчи объектив маълумотларни, зарар етказувчи ва жабрланувчининг айб даражалари ва зарар етказувчи шахснинг моддий аҳволи ва бошқа эътиборга молик ҳолатларини ҳисобга олишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 999-моддасига кўра фаолияти теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган юридик шахслар ва фуқаролар (транспорт ташкилотлари, саноат корхоналари, қурилишлар, транспорт воситаларининг эгалари ва бошқалар) ошиқча хавф манбаи етказган зарарни, агар зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида юзага келганини исботлай олмасалар, тўлашлари шарт.

Иш ҳужжатларида мавжуд маълумотлардан аниқланишича жавобгар Ф.Р томонидан “Нексия-3” русумли 85О112МА давлат белгили автомашинада содир этилган йўл транспорт ҳодисаси фуқаро Ш.Тга тегишли автомашинада содир этилган бўлиб, судда аниқланган ҳолатларга кўра Ш.Т автомашинасини Ф.Рга ихтиёрий равишда ташлаб кетган, ишда автомашина эгасининг тасарруфидан ғайриҳуқуқий тортиб олингани бўйича далил исботлар мавжуд эмас.

Юқорида қайд этилган қонун талабларига кўра суд даъвони қисман қаноатлантиришни лозим топди.

Жавобгар Р.Фдан даъвогар Ю.Мнинг фойдасига етказилган моддий зарар учун 2.200.000 сўм, жавобгарлардан даъвогар Ю.Мнинг фойдасига етказилган маънавий зарар учун 50.000.000 сўм товон солидар тартибда ундиришга қарор қабул қилинди.

Бир сўз билан айтганда жавобгарнинг эҳтиётсизлиги шундай оғир оқибатларга олиб келганлигидан бошқалар ҳам хулоса чиқариши, автоуловни бошқарганда ўз тақдирига ҳам бошқалар тақдирига ҳам бефарқ бўлмаслиги керак деб ҳисоблаймиз.

 

Бабақулов Баходир,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси

Мажбурият масъулияти

Ҳар бир тадбиркор ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатга киришиб, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишади. Қувонч билан эътироф этиш лозимки, мазкур муносабатлардаги аксарият мажбуриятлар тарафлар томонидан инсофли равишда тўлиқ ва сифатли адо этилади.

Афсуски, айрим ҳолатларда олинган мажбурият ижро этувчи томонидан бажарилмасдан эътиборсиз қолдирилади. Натижада бу тарафларнинг ўзаро муносабатига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, энг нозик жиҳат ҳисобланган ўзаро ишончнинг йўқолишига ҳамда тарафлар ўртасида низо пайдо бўлишига олиб келади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Эътиборингизни суд амалиётида кўрилган бир низога қаратмоқчимиз.

Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси «REGISTON» хусусий корхонаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «SHIMOLIY PLATINA» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 28.854.933 сўм асосий қарз ва 14.427.466 сўм пеняни ундиришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида 28.02.2022 йилда 62-сонли ва 01.01.2023 йилда 69-сонли олди-сотди шартномаси тузилган.

Шартнома шартига кўра, “ижрочи” шартномада келтирилган жадвалга мувофиқ ёқилғи маҳсулотларини етказиб бериши, “мижоз” эса ушбу маҳсулотларни қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Даъвогар томонидан шартномавий мажбуриятларини бажариш мақсадида ёқилғи маҳсулотлари жавобгарга етказиб берилган бўлиб, ҳисоб-фактуралар жавобгар томонидан эътирозсиз тасдиқланиб қабул қилинган ва қисман тўловлар амалга оширилган бўлсада, жавобгар томонидан 28.854.933 сўмлик қарздорлик тўланмасдан қолинган.

Қарздорлик суммасини тўлаб бериш юзасидан даъвогарнинг талабномалари жавобгар томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Натижада Палата даъвогар манфаатида жавобгарга нисбатан қарздорлик суммасини ундириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилинган.

Иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгардан 28.854.933 сўм асосий қарз ундирилиб, даъвогар тадбиркорнинг манфаати суд йўли билан ишончли ҳимоя қилинди.

Жавобгар шартномавий мажбуриятини бажармаганлиги натижасида даъвогар фойдасига асосий қарздан ташқари, тўлов кечиктирилган кунлар учун ҳисобланган пеня ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ҳам тўлашга мажбур бўлди.

Энг асосийси эса, мазкур ҳолатлар тарафлар ўртасидаги доимий ҳамкорликка ва ўзаро ишончга ўзининг салбий таъсирини таъсир кўрсатди.

Зеро, Фуқаролик кодексининг 9-моддасида, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса — иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари кераклиги назарда тутилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, қонун талаблари асосида тузилган шартнома бўйича олинган мажбурият бажарилиши лозим. Мажбуриятнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли равишда бажарилиши ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишида, ҳамкорликнинг узоқ вақт давом этишида ҳамда бу орқали ўз тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ва кенгайишида муҳим омилдир.

 

Абдраманов Тимур Бийсенбаевич,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси

 

Тошмуродов Лутфулла,

Навоий вилоят суди судьяси

Сайёр тарзда ўтказилган қабул

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.01.2025 йилдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори билан 2025 йилда «Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш» устувор вазифа этиб белгиланган.

Мазкур Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ҳамда фуқароларнинг судларга бўлган мурожаатларини улар учун қулай бўлган жойда қабул қилинишини таъминлаш мақсадида Зарафшон шаҳридаги “Алишер Навоий” МФЙда Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди тергов судьяси Д.Эргашева, Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров, Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси Ш.Очилов томонидан ҳуқуқий тарғибот тадбири ва сайёр учрашув ташкил этилиб, аҳолининг мурожаатлари тингланди ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, ўтказилган мазкур тадбир жараёнида маҳалла ҳудудида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, бунга имкон берган омиллар, мазкур қилмишлар учун жавобгарлик ва жазо чоралари хусусида батафсил маълумот берилиб, ушбу ҳуқуқбузарликларни олдини олиш учун амалга оширилиши лозим бўлган чоралар, хусусан аҳоли, айниқса ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, ёшларни касбга йўналтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиб, оилавий ажримларнинг олдини олиш чораларини кўриб бориш зарурлиги билдириб ўтилди.

 

Эргашева Дилобар,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг тергов судьяси

 

Ғофуров Шерзод,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

 

Очилов Шерали,

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг раиси

Навоий вилоят судида ўтказилган семинар тафсилотлари

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2024 йилнинг 30 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-968-сон Қонун қабул қилинди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 50-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.

Прокурор давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Агар фуқаро соғлиғининг ҳолати, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаса, прокурор фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судларига даъво аризасини (аризани) — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига эса — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ёки уларнинг ўринбосарлари тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролик ишлари бўйича судларига даъво аризасини (аризани) тақдим этишга ҳақли.

Ушбу Қонун қабул қилингунга қадар, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин эди.

Эндиликда эса киритилган ўзгартиришга мувофиқ, прокурор айнан қандай тоифадаги ишларда иштирок этиши мумкинлиги аниқ кўрсатиб берилди.  

Ушбу қабул қилинган Қонун жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Касимов Ихтияр Уралович

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

 

Ҳамидов Феруз,

Навоий вилоят судининг судьяси

СУДЬЯЛАР НЕГА МАКТАБГА БОРДИ?

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлаш йўлида қатор ишлар амалга оширилди, ёш авлод
таълим-тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз вояга етмаганлар ишларига алоҳида эътибор бериш зарурлигини таъкидлаб, жумладан, шундай деган эди: «Биз вояга етмаганлар, аёллар ва катта ёшдагиларнинг жазо тизимини қайта кўриб чиқишимиз керак. Аминманки, бу соҳада либераллаштириш жараёни ҳали давом этади. Тан олиш керак, ёшлар орасидаги жиноятчиликнинг сабаби – кўпинча биз катталар масъул бўлган уларнинг тарбиясида йўл қўйилган камчиликларнинг натижасидир».

Давлатимизда барча жиноят ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонунларининг нормаларини янада либераллаштириш юзасидан изланишлар олиб бориш, шу жумладан, вояга етмаганларнинг жиноят ишларини юритиш тўғрисидаги қонун меъёрларини янада такомиллаштириш, жиноят ишларини юритишда учрайдиган турли камчиликларга барҳам бериш бугунги куннинг талабидир.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг раиси Б.Алиқулов ва судья Д.Пардаева томонидан Навоий шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактабида “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни олдини олиш масалалари” юзасидан мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари билан учрашиб, суҳбат ўтказилди.

Ушбу суҳбатда, вояга етмаганлар ўртасида тарбиявий ишларни кучайтириш ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш, ёшлар билан маънавий-маърифий йўналишдаги ишларни янада жонлантириб, уларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш борасидаги вазифалар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Чунончи, ҳар бир давлатнинг, жамиятнинг, халқнинг азалий
орзу-интилишларини рўёбга чиқарадиган буюк куч–униб-ўсиб келаётган ёшлардир.

Суҳбат сўнггида судьялар ўқувчиларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

 

Алиқулов Баходир,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг раиси

 

Пардаева Дилобар,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг судьяси

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги

Ўзбекистонда вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинганлиги болаларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини таъкидлаб: хусусан, комусимизнинг 44-моддаси иккинчи хат бошида, болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади; 77-моддасида Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар; 78-моддасида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.

Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади; 79-моддасида давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.

Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

 

Қодиров Шуҳрат,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Жакеев Сабит,

Навоий вилоят судининг судьяси

Перейти к содержимому