Искать:

ОИЛA-ЖAМИЯТНИНГ AСОСИЙ БУҒИНИ УНИ AСРAБ AВAЙЛAШ КЕРAК!

Хатирчи тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотинқизлар бўлими бошлиги М.Раҳмонова, Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси Б.Бабақулов ҳамда ёрдамчилари, отинойилар, маҳалла хотинқизлар фаоллари билан ҳамкорликда тумандаги «Галабек» маҳалласи биносида 12 та ажрим ёқасига келиб қолган оилалар муҳокама қилинди.

Кўрилган ишлардан 5 та оила яраштирилди, яна бир бора оила муқаддаслиги тушунтирилди, 7 та тарафларга ўйлаб кўриш ҳамда оиласини сақлаб қолиш учун муддат тайинланди.

Шунингдек йиғилганларга, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги Қонунлари билан Фуқаролик процессуал кодексига ва Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида жумладан, 2024 йил 01 январдан суд ишларини вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилиши, ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида қайта кўрилиши, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланиши, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилиши юзасидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги гапириб ўтилди.

 

 Баҳодир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.

“Судья ва ёшлар” учрашуви тафсилотлари

Жамиятимиз ҳаётида ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш фуқаролик жамиятига асосланган демократик тамойилларидан бири бўлиб, профессионал таълим тизимини ташкил этишдан ҳам кўзланган асосий мақсад, ўқувчиларнинг назарий билимлари асосида ҳуқуқий кўникма ва малакаларини шакллантиришдан иборат.

Шу аснода ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Навоий туманлараро маъмурий судининг судьялари томонидан Навоий шаҳридаги 15-умумий ўртатаълим мактабида “Судья ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Учрашувда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳада фуқароларга яратилаётган имкониятлар, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар ва уларнинг олдини олиш бўйича вилоятда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Аудитория ёшлардан иборат эканлиги инобатга олиниб, ижтимоий тармоқларда шавқатсизлик, диний экстремизм ва давлат тузумига қарши ғоялар акс этган материалларни тарқатиш, сақлаб олиш ҳам жиноят эканлиги тушунтирилди.

Шунингдек, ўқувчи ёшларга уларнинг қонунларимизда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ота-оналарнинг болаларга нисбатан ва болаларни ота-оналарига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари давлат томонидан ҳимояланганлиги, ушбу ҳуқуқлари бузилган тақдирда уни таклаш юзасидан мурожаат қилиш тартиби тушунтириб ўтилди. 

Тадбир сўнгида иштирокчилар суд-ҳуқуқ соҳасида ўзларини қизиқтираётган саволлар билан мурожаат қилди.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида давом этиб, якунида ёшларни суд-ҳуқуқ соҳасида ўзларини қизиқтираётган саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.

 

Фазлиддин Саноқулов,

Навоий туманлараро маъмурий судининг судьяси.

“Болаларга мос” Адлия тизими тушунчаси нима ва унинг амалиётда қўллаш самарадорлиги

Маълумки, навқирон авлод ҳар бир давлатнинг эртанги куни, жамиятда ўзгаришларга сабаб бўладиган, бунёдкорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этувчи муҳим куч , салоҳият ресурси ҳисобланади.

Фуқаролик ишлари бўйича суднинг судьялари болалар ҳуқуқлари ва манфаатларига таъсир этиши мумкин бўлган турли хилдаги ишларни яъни, ота-оналар алоҳида яшаган ҳолатларда улар ўртасидаги боланинг ким билан яшаши, боланинг ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан кўришиши, болага боғлиқ алиментлар, ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан кўришиши, алимент ундириш билан боғлиқ ишлар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, чеклаш ва  ота-оналик ҳуқуқини тиклаш, муаммоли низолардан фарзандликка олиш тўғрисидаги низоларни кўриб чиқадилар.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги «Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-208-сон Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2024 йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда «Оила судьялари» ташкил этилиши ҳам бежиз эмас.

Чунки кейинги йилларда оилавий низолар билан боғлиқ даъво аризаларининг ҳам сонини ошишига сабаб бўлмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди томонидан 2023 йилда оилавий муносабатларга доир низоларни ошганлигини кузатишимиз мумкин.

Айниқса, бу жараёнда бола ҳуқуқлари таъминланиши кафолатланиши, уларнинг энг яхши манфаатлари таъминланишида фуқаролик суди судьялари муҳим роль ўйнайдилар.

Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларда ривожланган давлатларда  масалан Хитой суд тизимида сунъий интеллект, робот судья, робот адвокатдан фойдаланилаётганлиги ҳақида хабарлар бериляпти. Барча омма ҳам бу  жараёнларни яъни бу технологиядан фойдаланиш  самарасини кузатиб бормоқда.

Ўзбекистон қонунчилиги оилавий низоларни суд мажлисида кўриб чиқиш маъсулияти биз судьяларнинг зиммамизга юкланган. Яширмайман. Бир оила барбод бўлган деб топилиб,  эр ва хотин никоҳдан ажратилса, болалар етим қолса, ёхуд норасида болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини бегоналар томонидан эмас балким уларнинг ўз туғишган ота-оналари томонидан бузилиши каби муносабатларни кўриб, ҳиссиётларни жиловлаб болалар манфаатига доир қарор қабул қилиш ҳар бир судьядан машаққатли масъулиятни талаб қилиши муболаға эмас албатта.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, болалар судда қатнашиш ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ва уларни ҳимоя қила олиш юзасидан бугунги кунда айрим муаммоларга дуч келишмоқда. Бу борадаги муаммолар катталарникига ўхшаши яъни ҳуқуқларни билмаслик, юридик хизматдан фойдаланиш учун маблағ талаб қилиниши билан бирга, улар вояга етмаганлиги сабабли қўшимча равишда ҳуқуқий ва ижтимоий тўсиқларга дучор бўладилар. Вояга етмаган шахс сифатида ўз ҳуқуқ манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи ўз ўзидан уларнинг ота-онаси ёки қонуний вакилига боғлиқ  бўлиб қолади.Болаларнинг кўпчилигида ўз ҳуқуқ ва эҳтиёжларини талаб қилиш юзасидан ҳуқуқий билим, таълим, ривожланганлик ва давлат идорасидаги шахслар билан муомала қилиш тажрибаси  етишмайди.

БМТнинг “Бола ҳуқуқлари  тўғрисида”ги Конвенцияси (БҲК) кенг қамровда болаларнинг фуқаролик,маданий,иқтисодий,сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқларини белгилаб беради. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ратификация қилинган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

Ҳозирги даврда болани ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқлари тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш мамлакатлар ҳуқуматларининг мажбуриятларига айланди. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ва болалар ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар ва меъёрий ҳужжатлар бунга тўлиқ асос бўла олади.

Глобал миқёсда олиб қараганда, юридик жараёнларнинг “болаларга мос” бўлишини таъминлашга бўлган эҳтиёжнинг ошаётганлиги тан олиниб, бунинг натижасида болалар ҳуқуқ ва манфаатлари янада кучли ҳимояланиши кўзда тутилган.

“Болаларга мос” адлия тизими (Болаларга мос адлия бўйича Европа Кенгаши Қўлланмаси) орқали Ўзбекистон Республикаси  болалар ҳуқуқ эгалари сифатида, ўз ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиниши ва бу ҳуқуқлар бузилганда тегишли ҳимоя воситаларига эга бўлишларини таъминлаш лозим.

Фуқаролик судлари болалар учун очиқ, тушунарли ва ишончли бўлиши, суд тартиби ва жараёнларини болаларнинг ёши, ривожланганлиги ва махсус эҳтиёжларни инобатга олиб мослаштирган ҳолда болаларнинг мазмунли иштирокини яратиш, яъни ҳар фуқаролик судларида махсус жиҳозланган она ва бола хоналарини ташкил қилиш, психолог ва маълум билимларга эга мутахассислардан фойдаланишлари, болаларни эшитишлари, уларнинг қарашларини жиддий қабул қилишлари ҳамда ўз фикрини ифода эта олмайдига ёшдаги болаларнинг ҳам манфаатлари ҳимояланишини таъминлашлари лозим.

Энг муҳими,  болалар билан боғлиқ низоларни қисқа муддатларда ва кечиктиришларсиз кўриб чиқилишини таъминлаш орқали суд тажрибасини болаларга мослаштириш жоиздир.

 

 Гулнафис Худайбердиева,

Навоий вилоят суди судьяси.

Бола ҳуқуқ ва манфаатлари давлат ҳимоясида

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги «Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-208-сон Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2024 йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда «Оила судьялари» ташкил этилиши ҳам бежиз эмас.

Чунки кейинги йилларда оилавий низолар билан боғлиқ даъво аризаларининг ҳам сонини ошишига сабаб бўлмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди томонидан 2023 йилда оилавий муносабатларга доир низоларни ошганлигини кузатишимиз мумкин.

Айниқса, бу жараёнда бола ҳуқуқлари таъминланиши кафолатланиши, уларнинг энг яхши манфаатлари таъминланишида фуқаролик суди судьялари муҳим роль ўйнайдилар.

 Ота-она бўлиш ҳар бир инсонга чексиз бахт, умид ва ишонч олиб келади, шу билан бирга, улар зиммасига юксак масъулият ҳам юклайди. Ўз навбатида, бола туғилиши билан ота-она олдида ўзига хос ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келадики, булар — болани тарбиялаш, таълим бериш, яхши яшаш шароити билан таъминлаш, унга ғамхўрлик қилиш кабиларда намоён бўлади. Ота-оналар ўз болаларини тарбиялашда уларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиши, қийнаши таъқиқланади, умуман, инсон шаъни ва қадр-қимматига нолойиқ хатти-ҳаракатлардан, иллатлардан холи бўлиши зарур. Чунки ота-оналик нафақат Яратганнинг инояти, балки жамият олдидаги улкан бурчдир.

Лекин, ҳамма ота-оналар ҳам ўз зиммаларидаги вазифаларни тўлиқ амалга оширяпти, деб бўлмайди. Давлатимиз томонидан бола ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш зарурлиги қайта-қайта таъкидланишига, бу борада қатор чора-тадбирлар белгиланишига қарамай, ота-она деган муқаддас номга доғ тушираётганлар, уни суиистеъмол қилаётганлар, афсуски, орамизда топилади.

Оила кодексида ота-оналик мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлик ёки умуман бажармаганлик учун ҳуқуқий санк­циялар: ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш (79-модда), ота-оналик ҳуқуқини чеклаш (83-модда), фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш (171-модда), алимент­ни суд тартибида ундириш (136-модда) кабилар белгиланган.

Мамлакатимиз қонунчилигида, жумладан, Оила кодексининг 79-моддасида вояга етмаган ёки вояга етган, аммо меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларга алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши, Жиноят кодексининг 122-моддасида меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун ота ёки онага жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш — бу ота-оналик мажбуриятларини бажармаган ёки бажаришдан бош тортган шахсларга нисбатан қонунда белгиланган бошқа асосларга мувофиқ суд тартибида белгиланадиган оила ҳуқуқий жазо чораси саналади. Ота-оналик мажбуриятлари деганда, юқорида таъкидлаганимиздек, қонунда белгиланган тартибда ота-оналар томонидан қилиниши шарт бўлган ҳаракатлар тушунилиб, уларга болани тарбиялаш, таъминлаш, сақлаш, ҳимоя қилиш, соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий-ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, боланинг таълим олишини таъминлаш кабилар киради.

Бизнингча, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш тушунчасини қуйидаги ҳолатлар билан изоҳлаш мумкин:

– ота-она ўз болаларини тарбиялаши шартлиги мажбурияти бузилса (Оила кодексининг 73-моддаси);

– ота-она ўз болаларининг соғ­лиғи, жисмоний, руҳий, маънавий-ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш мажбурияти бузилса (ушбу модда);

– ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги мажбурияти бузилса (96-модда).

Жумладан  шаҳар прокурорининг фуқаро С.Ига нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатган фуқаролик ишини мазмунан кўриб чиққанимизда, бу шахс томонидан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари қўпол равишда бузиб келинганлиги маълум бўлди.

Фуқаро И.С. бир неча марта огоҳлантирилишига қарамай, оналик мажбуриятларини бажармаган, ўзи ҳеч қаерда ишламай, уч ярим яшар фарзандини қўшниларига ташлаб, ҳафталаб келмаган, уйига мунтазам маиший бузуқ шахсларни олиб келиб, бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатган, умуман, ўз фарзандининг тар­бия­сига совуққонлик билан қараган. Мазкур ҳолатлар гувоҳ сифатида сўралган ўша ҳудуддаги ички ишлар нозири, қўшниларнинг кўрсатмалари, шунингдек, манфаатдор шахс сифатида  васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг берган хулосаси билан тўлиқ тасдиқланган. Натижада, юқоридаги ҳолатлар ишдаги бош­қа материаллар асосида исботлангани асос қилиниб, суд прокурор даъвосини қаноатлантириш ҳақидаги ҳал қилув қарорини чиқарган.

Шу ўринда юқоридаги фуқаролик суд ишига сабаб бўлган омил нима, наҳотки фуқаро уларни ўз вақтида англаб етмаган, деган савол туғилади. Ачинарлиси, кўпчилик ҳолларда аксарият ота-оналар ўз зиммаларидаги мажбуриятларни яхши англасалар-да, лекин унга амал қилмаслиги оқибатида уларга нисбатан қонуний жавобгарлик белгиланмоқда. Шунинг учун юқоридаги каби ҳолатларни ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш деб малакалаш, бунинг учун, албатта, ушбу ҳаракатлар ҳақиқатан ота ёки она томонидан содир этилгани, уларнинг хулқ-атворида айбнинг мавжудлиги ва бу ҳаракатларни қасддан содир этгани, ота-оналик мажбуриятлари узлуксиз равишда бажарилмагани эътиборга олинади.

Ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт­лиги ҳақида қонунчилигимизда тегишли нормалар кўрсатиб ўтилган (жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддаси, Оила кодексининг 96-моддаси). Ота-онанинг вояга етмаган фарзандига алимент тўлаш мажбу­рия­ти эса уларнинг болага нисбатан ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда моддий жиҳатдан таъминлаш мажбурияти саналади. Алимент — бола ота-онасининг бирга ёхуд алоҳида туриши, ўзаро никоҳда экани ва боланинг улар ёки улардан бири билан бирга яшаш-яшамаслигидан қатъи назар, тўланиши керак. Айрим ҳолларда ота-оналар бу мажбуриятни келишув асосида ҳамда никоҳ шартномасида белгиланган усуллар орқали бажарадилар.

Узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхонадан ёки бош­қа даволаш, тарбия, аҳолини ҳимоялаш муассасаларидан олишдан бўйин товлаганлик деганда, қайд этилган ташкилотларнинг таклифидан кейин ҳам боласини олиб кетмаслик тушунилади ва бу тегишли комиссия томонидан расмийлаштирилади. Бу ўринда болани олишдан бўйин товлаш — ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қи­лишга асос бўладиган бошқа ҳо­латлар ичида ота-онанинг хулқ-атворини кўрсатувчи асосий жиҳатлардан бири саналади. Болани олишдан бўйин товлаш оғзаки ҳамда ёзма шаклда бўлиши мумкин, лекин барча ҳолларда бу тилхат орқали расмийлаштирилади. Болани юқоридаги муассасалардан олишдан бўйин товлаш сабабларини қасддан (боланинг вояга етмаган ота-она томонидан туғилганлиги, никоҳсиз ёки ногиронлиги) ҳамда эҳтиётсизликдан (ота-онанинг ногиронлиги, узоқ муддатли хасталиги, гиёҳвандлик, алкоголли касалликлар, уй-жойнинг йўқлиги, ҳеч қаерда ишламаслиги ва ҳ.) деб туркумлаш зарур бўлади.

Ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш деганда, бу ҳуқуқлардан болаларнинг манфаатига зид равишда фойдаланиш, масалан, ўқишга, жамоат топшириқларини бажаришга тўсқинлик қилиш, тиланчиликка ундаш, спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга ўргатиш, жиноят содир қилишга, жиноий йўл билан даромад топишга жалб қилиш кабилар тушунилади.

 Масалан, она Г.М. ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш оқибатида бир неча марта маҳалла вакиллари, таълим муассасасининг огоҳлантиришига қарамай, болаларининг манфаатларига зид равишда уларни мактабга ўқишга юбориш ўрнига кўчада, бозорда тиланчилик қилишга ундаган, натижада болаларининг кўчада оч-наҳор, юпун ҳолатда юришларига, баъзан йўлакларда қаровсиз ҳолда ухлаб қолишига сабабчи бўлган. Ушбу ҳолатлар иш материаллари асосида исботланиб, болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси   судга берган даъво аризаси қаноатлантирилган.

Бундай ҳолларда ота-онанинг муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлгани тегишли тиббиёт муассасасининг хулосаси билан тасдиқланган бўлиши керак.

Судларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар кўрилишида даъвони ким қўзғатганидан қатъи назар, Оила кодексининг 80-моддасида белгиланганидек, прокурор, шунинг­дек, васийлик ва ҳомийлик органи иштирок этиши шарт.

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги даъво боланинг яқин қариндошлари, вояга етмаган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти қонун билан зиммасига юклатилган органлар ва муассасалар, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим муассасалари ва бошқа муассасалар, шунингдек прокурор томонидан тақдим этилиши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўрилади.

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишларни кўришда суд ота-онадан (уларнинг биридан) боланинг таъминоти учун алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

ОКнинг 84-модасига кура Ота-оналик ҳуқуқи чекланган ота-она болани шахсан тарбиялаш ҳуқуқидан, шунингдек болали фуқаролар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Ота-оналик ҳуқуқининг чекланиши ота-онани болага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Ота-онаси (улардан бири)нинг ўзига нисбатан ота-оналик ҳуқуқи чекланган бола турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади, шунингдек ота-она ва бошқа қариндошлари билан туғишганлик фактига асосланган мулкий ҳуқуқларини, шу жумладан мерос олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Ота-она иккаласининг ота-оналик ҳуқуқи чекланган тақдирда бола васийлик ва ҳомийлик органи қарамоғига олиб берилади.

 Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар бир шахс ота-оналикнинг муқаддас туйғу, болалар эса ҳаётнинг буюк неъмати эканини унутмаслиги, бу нафақат юксак инсоний масъулият, балки Конс­титуцияда белгиланган бурчи экани, унга риоя қилишга мажбурлигини теран ҳис қилиши шарт. Ўз навбатида, судлар томонидан бола ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда оила манфаатлари, оналик, оталик ва болалик муҳофазаси, болаларнинг эртанги тақдири ҳисобга олиниши лозим. Шу билан бирга, судлар мазкур тоифадаги низоларни мазмунан ҳал қилишда фуқаролик ишларини юритишнинг ихчам усулларидан фойдаланиши, ишларни кўришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри татбиқ этилиши самарадорлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг одил судловга нисбатан ҳурматини кучайтиришга эришиш асосий мақсадга айланмоғи даркор.

 Баркамол фарзанд соғ­лом оилавий муҳитда вояга етади. Бунга эришиш учун, биринчи навбатда, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз, авваламбор, ота-оналарнинг онгини, уларнинг фарзандларига бўлган муносабатини ўзгартиришимиз, лозим бўлса, ота-оналарнинг ўзини тарбиялашимиз керак.

Жамиятда ота-онанинг масъулиятини ошириш, эртанги кун эгалари бўлмиш ёш авлодни маънавий етук қилиб тарбиялашда уларнинг зиммаларида улкан вазифалар борлигини улар ҳис қилган ҳола  тушунишлари жоиздир.

Чунки бу борада давлатимизнинг ўз олдига қўйган мақсади ва маслаги битта — у ҳам бўлса,  ҳар бир ота-онанинг оиладаги масъулиятини кучайтириш, уларда жавобгарлик ҳиссини тарбиялашдан иборатдир.

Судьяларимиз эса болаларга мос тизимни қўллаш сари қадам ташлаб, болаларнинг энг яхши манфаатларини таъминлаш юзасидан ўз тажрибаларини мунтазам бойитишлари, давлат сиёсатининг энг муҳим шартидир.

 

 Гулнафис Худайбердиева,

Навоий вилоят суди судьяси. 

Учқудуқда қонунчиликдаги янгиликлар, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти тушунтирилди

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Жумаев, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ тумани суди раиси А.Қурбоновлар томонидан Учқудуқ туманидаги 10-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш такомиллаштирилиши муносабати билан иқтисодий процессуал, жиноят процессуал, фуқаролик процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида банк ҳамда солиқ инспекцияси ходимлари иштирокида тарғибот тадбири амалга оширилди.

Дастлаб тадбирда сўзга чиққан суд раислари томонидан, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида фикрлар айтиб ўтилди.

Шунингдек, киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга тўхталиб эндиликда, туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибда, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинганлиги тингловчилар эътиборига етказилди.

Тадбир иштирокчиларига туманда содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар, кредит ва солиқ қарзини ундириш бўйича кўрилган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган масалалари ва мурожаатлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси

Кассация ва тафтиш шикоят (протест)лари ҳам эндиликда вилоят судлари томонидан кўрилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли Фармонининг 3-бандида  Олий суд томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги билан биргаликда жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ҳамда  вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди.

Мазкур Фармондан келиб чиқиб, 2023 йил 25 декабрда “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартириш ва  қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (кейинги ўринларда Иқтисодий процессуал кодекс) 282-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақли.

Олдинги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодексининг 282-моддасига кўра, апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти берилар эди. Эндиликда, тарафларга апелляция бериш муддати ўтган бўлсада кассация шикоятини вилоят судлари номига киритиш имкониятини беради.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 283-моддасига кўра, кассация шикоятлари (протестлари) тегишли туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.

Олдинги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодексининг 283-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан берилган кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади. Яъни эндиликда ўрта бўғин ҳисобланган вилоят судларида кассация шикояти (протести) кўриб чиқиладиган бўлди. Бу эса тарафларга бевосита вилоятнинг ўзидан судга қатнашиш, ўзининг важлари ҳамда далилларини судга тақдим этишда енгилликлар яратади.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 285-моддасига асосан, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.

Олдинги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодексининг 285-моддасига кўра, кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин эди.

 Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексининг 309-моддасига асосан, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади. Мазкур кодекснинг 310-моддасига асосан, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд кассация ёки тафтиш тартибидаги шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишни кассация ёки тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига иш билан бирга юбориши шарт. 

Киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар одил судловдан фойдаланиш имкониятини «Янги Ўзбекистон-янги суд» принципи доирасини янада кенгайтиришга, фуқаролар ва юридик шахс вакилларининг оворагарчилигини олдини олишга, уларга енгилликлар яратиш, узоғини яқин қилишга, одил судлов сифатини ҳамда судлар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Бекзод Джумаев,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси

Коррупция -инсоний сифатларга путур етказадиган иллат

Коррупция инсонни турли хил йўл билан ўз домига туширадиган иллатлардан биридир. Бу иллат инсоннинг инсонийлик сифатларига путур етказади, унинг фикрлаш тарзи ва савиясини салбий томонга ўзгартиради. Порахўрлик ўзгалар ҳақини ноҳақ ейиш ҳаромдан ҳазар қилмаслик каби иллат инсонни тубанлаштиради ва ҳалокатга етаклайди. Бу каби иллатга қарши курашмоқ лозимдир.

 Коррупция сўзининг луғавий маъноси аслида “бузмоқ” деган маънони билдиради. Инсонга берилган ваколатларни ўзининг шахсий манфаатларини кўзлаб, қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишни англатади. Инсоннинг ўз манфаатларини устун қўйиб, ўз вазифасини суиистеъмол қилиши, ўзгалардан таъмагирликни кўзлаши, давлат мулкидан ноқонуний фойдаланиши, қонун олдида жавобгар бўлиши билан бир қаторда динимизда ҳам қаттиқ қораланади.

Ота-боболаримиз ўзгалар молини ноҳақ ейишдан қаттиқ ҳазар қилишган. Ҳадисларда ҳам порахўрлик қаттиқ қораланади. Имом Бухорий ҳадисларида шундай дейилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, Муҳаммад алайҳиссалом шундай деганлар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш учун олса, Аллоҳ Таоло унинг ўзига ҳам талофат етказади”.

Порахўрлик аслида таъмагирликдан келиб чиқади. Таъмагирлик- манфаат йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаслик, инсонийлик шаънини таҳқирлайди ва ғурурини топтайди. Таъма йўлига кирган инсон ҳеч нарсадан тап тортмайди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий таъмагирнинг феълини “еб тўймаснинг овқатга ўчлиги”га ўхшатади. Бу ҳақда Аҳмад Яссавийнинг шундай байти мавжуд:

Нафсим мени йўлдин уриб хор айлади,

Термултириб халққа мени зор айлади,-

деганида, таъма орқали келиб чиққан хорликни ҳам эътиборга олган. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий “Таъмада разиллик ва уқубат бор”, дея бежизга таъкидламаган. Шу разилликлардан айримлари қуйидагилар: Таъма, энг аввало, эътиқодга шикаст етказади. Унинг таъсирида инсон поклигидан, виждон холислигидан ажралади. Охир-оқибат ҳамма нарсани фойда қаричи билан ўлчайдиган бўлиб қолади. Кимда таъмагирлик туйғулари мавжуд бўлса, бундай инсонда самимийлик бўлмайди. Навоий таъмагир инсонни гадодан ҳам тубан билади:

Бировки, таъма риштаи қилгуси,

Унинг бирла бўғзидан осилгуси.

Ўз-ўзидан савол туғилади. Инсон таъмасиз кун кечириши мумкинми? Албатта, мумкин. Ҳалол меҳнат ва заҳмат одам қалбини таъма ҳисларидан тинимсиз поклайди. Бунинг учун инсон ўз маънавиятини янада кучайтириши лозим. Навоий бунга мисол тарзида қуйидаги байтни келтиради:

Сен агар тарки таъма қилсанг, улуғ ишдир буким,

Олам аҳли барча бўлғай бир тараф, сен бир тараф,-

Шоир бу улуғ натижага эришиш учун қалбини пок тутиш лозимлигини таъкидлайди. Таъма, порахўрлик бир-бирига яқин тушунчалар бўлиб, буларнинг кушандаси ақл ва доноликдир.

Буюк шоиримиз Абдураҳмон Жомий ўз асарида таъмагир инсонни итдан-да тубан деб таъкидлайди. Эрта-ю кеч инсоннинг камолоти учун қайғурган, унинг одамийлик фазилатларини авайлаб муҳофаза қилган, ҳар бир шахс сиймосида Ватаннинг иқтидорли фарзандларини кўрмоқ истагида бўлган Алишер Навоий порахўрлик, таъмагирлик тўғрисидаги ҳар бир танқидий сўзи билан ўз қадрини поймол қилган кишиларга қарши тургани шубҳасиздир. Инсон бор нарсага қаноат қилиш орқали хотиржамликка эришади. Ҳар жиҳатдан ўзини фориғ тутса, хотиржам бўла олади. Шунинг учун ҳам шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу ҳақда ўз асарларида айтиб ўтган. Ҳар нарсага қаноат қиладиган киши биров берган хазинадан заҳмат тортиб меҳнат билан топган чақасини минг марта зиёд деб билади. Ва шу олийжаноблиги ва камсуқумлиги билан устун туради.

Коррупция мамлакат тараққиётини ортга суриб, келажакни хавф остида қолдиради. Ривожланиш ва тараққиёт йўлини танлаган инсон, энг аввало, коррупция, таъмагирлик, порахўрлик каби салбий иллатларга қарши муросасиз кураш олиб боради. Акс ҳолда бундай ёмон иллат томир отишига йўл қўйиб берилса, ўша жойда тараққиёт ва ривожланиш бой берилади.

Коррупция тушунчасининг пайдо бўлиши жуда қадимга бориб тақалади. Баъзи маълумотларга кўра қабилада маълум даражага эга бўлиш учун совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ҳадисларда бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан пора қилиб узатмангизлар деб бежизга айтилмаган.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, коррупция-тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Коррупция, порахўрлик ва таъмагирликка нафрат, одамни эса маънан ва руҳан юксалтиради. Қаноатли инсонда эса эзгу хислатлар мужассамлашади. Доноларимиз бежизга “Қаноат бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди: у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди”-дейишмаган. Шундай экан, инсон ўз умри давомида умр йўлини ҳалол меҳнат ва ҳалол ризқ билан ўтказмоғи лозим. Ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржамлик билан ўтказишда асосий омилдир. Унинг ҳаётини безаб турадиган асосий сифатлардан бири бу -ҳалолликдир.

 

 

Истам Турдиев,

Навоий вилоят суди судьяси

Оила Муқаддас даргоҳ ! Уни асраш барчамизни бурчимиз

Навоий вилоят суди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судьялари, Кармана туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, маҳалла раиси ва хотин-қизлар фаоллари билан ҳамроҳлигида Кармана туманидаги “Янгиобод” маҳалласига ташриф буюрдилар.

Туманнинг “Янгиобод”, “Уйрот”, “Айрончи” маҳаллаларидан келган 9-10 чоғли эр-хотинлар ҳамда уларнинг яқинлари минг истиҳола билан оила тикланиши истагида, айримлари эса жаҳл билан каттагина залда ўтиришибди. Аввалига уларнинг юрагида меҳр-оқибат уйғотиш, жаҳлга эрк бериб, фақат ўзининг тинчини ўйлаган ҳолда оиласи, фарзандлари ҳам кўзига кўринмай  қолган эр-хотинларнинг салбий фикрларини тўзғитиб юбориш, ўрнига ёрқин, соф фикрларни, ўз оиласига интилиш ҳиссиётларини уйғотиш мақсадида “Фарзанд омонат” видео ролиги намойиш этилди.

Шундан сўнг, гуруҳ аъзолари иккига бўлиниб, ҳар бир эр-хотин жуфтлиги билан алоҳида-алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларни бирма-бир эшитилди.

Ташриф буюрганларнинг, айниқса, судьяларнинг панд-насиҳатлари, ўгитлари билан 2 та оилани яраштиришга эришилди. 5 та оила ўйлаб кўришлари кераклигини маълум қилдилар. 2 та оила эса мутлақо насиҳатларга кўнмади. Бу қайсарликлар улар ўсиб улғайган оиладаги салбий муҳитнинг мевасидан бошқа нарса эмас.

Мақсадимиз битта ва муштарак. Бузилиш арафасига келиб қолган оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш йўли билан жамиятимиз ривожланишига ҳисса қўшиш, болаларни тирик етимлик тамғасидан сақлаб, уларнинг бебаҳо инъом – ўз ота-онаси билан бирга, битта уйда яшаш, ота-она меҳрини, парваришини, тарбиясини тўлақонли ҳис этиб, мукаммал инсон даражада вояга етишларини таъминлаш.

 

 

Ибодат Шоймардонова,

Навоий вилоят суди судьяси

Банк ходимлари иштирокида янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан тарғибот тадбири бўлиб ўтди

АТБ “Бизнесни ривожлантириш банки” Навоий вилояти бошқармаси биносида Кармана туманлараро иқтисодий суди судьяси Ф.Ф.Бахронов томонидан Иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга оширишга оид Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президент фармонлари ва қарорларининг ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан банк ходимлари ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот шаклида учрашув ўтказилди. 

Учрашувда, 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ Референдуми натижасида қабул қилинган Конституциянинг мазмун-моҳияти, энг асосий ҳамда муҳим жиҳатлари, ундаги янги нормалар ва ўзгаришларнинг, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ва процессуал кодексларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти учрашув иштирокчиларига атрофлича тушунтирилди.

Учрашув савол-жавоб ва очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, АТБ “Бизнесни ривожлантириш банки” Навоий вилояти бошқармаси ходимлари ва йиғилганларга судларга мурожаат қилиш усуллари ва тартиби, суд ҳужжатларидан норози бўлган тарафнинг апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи, тартиби ва муддатлари, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судининг ваколатлари каби мавзуларда керакли маълумотлар бериб ўтилди.

Бундан ташқари, бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган Коррупция ҳамда унинг давлат, жамият, бизнес ва ҳар бир фуқаро учун зарарларли омиллари, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ва унга олиб борадиган омилларни йўқ қилишга барча-ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари, фуқаролар ҳам масъул бўлишлари кераклиги, бунда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда Коррупциявий ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш лозимлиги, Коррупцияга қарши курашишни амалга оширувчи органлар, уларнинг ваколатлари ҳақида ҳам тушунтириш берилди.

Шунингдек, тадбир сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга судья томонидан атрофлича жавоб берилди.

 

Фаҳриддин Бахронов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг судья. 

Биз оилавий ажримларга қаршимиз!

Оилавий ажримларни олдини олиш ва низоли оилалар билан ишлаш куни муносабати билан Навоий шаҳардаги Чинор маҳалласида  вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси вақиллари ҳамда вилоят суди судьялари Б.Шерматов ва И.Турдиевлар билан ҳамкорликда  6 нафар ажрим ёқасидаги оилалар муҳокамаси ўтказилди.

Ўтказилган муҳокамалар натижасида  2 нафар оила яраштирилиб, 4 нафарига ярашишлари учун муддат берилди.

Йиғилишга таклиф этилганларга судьялар ва мутасаддилар томонидан оила муқаддаслиги, оилада ота-онанинг мажбуриятлари ва ундан келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатилар, фарзандлар келажаги муҳимлиги ҳақида тегишли тушунчалар берилди.

  

Беҳзод Шерматов,

Навоий вилоят суди судьяси. 

Перейти к содержимому