Искать:

Иқтисодий судларда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни юритиш

Бугунги кунда иқтисодий судларда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш билан боғлиқ бир қатор ишлар кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал Кодекси (кейинги ўринларда ИПК деб юритилади)нинг 217-моддасига биноан, ҳуқуқий таъсир чоралари қуйидагилардан иборат:

фаолиятни тугатиш;

атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш;

фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;

банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

молиявий санкцияларни қўллаш, бундан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пенялар ҳисоблаш, шунингдек юридик шахснинг ёки фуқаронинг содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олганлиги ва молиявий санкциялар суммаларини ихтиёрий равишда тўлаганлиги ҳоллари мустасно;

тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларнинг (рухсатномаларнинг) амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш, бундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган лицензиялар (рухсатномалар) мустасно.

Суд қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини ҳам қўллаши мумкин.

Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги аризалар билан судларга назорат қилувчи органлар мурожаат этишга ҳақли бўлиб, мазкур аризага улар томонидан ИПКнинг 219-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилиниши лозим.

Ушбу тоифадаги ишларни кўришда суд ишда иштирок этувчи шахсларни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш билан бирга аризачининг зиммасига жавобгарни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш мажбуриятини юклашга ҳақли. Мазкур шахсларнинг келмаганлиги, агар суд уларнинг келишини мажбурий деб топмаган бўлса, ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

ИПКнинг 221-моддасига асосан, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак, бундан ариза судга келиб тушганидан кейин камида бир ойдан сўнг кўриладиган молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги ишлар мустасно.

Ушбу тоифадаги ишларни кўришда суд ҳуқуқбузарлик ҳодисаси бўлган-бўлмаганлигини ва унинг содир этилганлиги фактини; текшириш учун ва текшириш натижалари бўйича далолатнома ёки бошқа ҳужжат тузиш учун асослар ва назорат қилувчи органнинг ваколатлари бор-йўқлигини; мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган-тутилмаганлигини ва ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш учун асослар бор-йўқлигини аниқлайди.

Молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда суд молиявий санкциялар суммасининг ҳисоб-китоби қанчалик тўғрилигини ҳам текширади.

Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича келишув битими ёки медиатив келишув тузилишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, ИПКнинг 222-моддасига биноан, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.

Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича суд ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисида ёки билдирилган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади ва мазкур ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, у қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.

Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда суднинг ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

 

 

Турдиев Дилшод,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси

Медиациянинг пайдо бўлиши ва ривожланиш босқичлари

Медиация институтининг пайдо бўлиши ва тарихи қариндош уруғлар орасида вужудга келган турли хил низоларни ва келишмовчиликларни тинч йўл билан, ўзаро ҳал этишга қаратилган ижтимоий муносабатларга бориб тақалади. Қонунни ривожлантириш тарихида Вавилон, Қадимий Греция ва Қадимий Римда медиацияни қўллаш қайд этилган. Рим ҳуқуқида Юстиниан кодексидан бошлаб ( VI аср) баҳс-мунозараларни ҳал қилиш учун воситачилик тан олинган. Медиация технологияси асосан савдода қўлланилган. Римликлар баҳс-мунозараларни ҳал қилувчи мутахассисларни “medium” – “воситачи” сўзи билан ифодалашган. Воситачиларга алоҳида ҳурмат билан муносабатда бўлишган. Ҳаттоки уларни доҳийлар ва руҳонийлар билан бир қаторга қўйишган.

Замонавий тушунчаларда медиация XX асрнинг иккинчи ярмида АҚШ, Австралия ва Буюк Британияда ривожлана бошлаган. Европада медиаторлар оилавий мунозараларни ҳал қилишга жалб қилинган.

Кўп асрлар давомида медиация давлатлараро алоқаларда, оилалар, қўшнилар, сиёсий партиялар, профессионал, диний ва бошқа жамоатчилик гуруҳлари ўртасида ҳамда парламентда юзага келадиган низоларни бартараф этишда муваффақиятли қўлланилган.

Биз учун медиация институти бутунлай ёт тушунча эмас, балки у турли шаклларда узоқ йиллардан буён халқимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб келган. Мамлакатимизда медиация институти ривожланиш тарихини шартли равишда тўрт босқичга бўлишимиз мумкин:

Биринчи босқич. – Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида эрамиздан аввал VII-VI асрлардан эрамизнинг VII асрига қадар Зардуштийлик таълимоти билан боғлиқ.

Зардуштийликда низо-(конфликт)дан кўра ризо (консенсиус) устувордир. Жамиятда бундай ғояларнинг устуворлиги эса муроса тушунчасини келтириб чиқаради. Муросаю-мадора устувор бўлган жамият эса барқарор бўлади.

Худди шунингдек “Авесто” нинг туб мазмун-моҳиятини белгилаб берадиган эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал деган тамойилда ҳозирги замон учун ҳам беҳад ибратли бўлган сабоқлар борлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Ана шундай фикрлар, яъни, эзгу ният, сўз ва иш бирлигини жамият ҳаётининг устивор ғояси сифатида талқин этиш бизнинг бугунги маънавий идеалларимиз билан нақадар узвий боғлиқ, нечоғлиқ мустаҳкам ҳаётий асосга эга экани айниқса эътиборлидир. ”Муқаддас “Авесто” да айтилишича, “Эй, буюк Аҳурамаздо, бизни ростгўйлик воситаси билан ўз ҳимоянгга ол, токи биз томон хайрли фикр, андишалар ва хайрли ишлар, юриш-туриш йўллансин” (“Ясно”–53). Зардушт фикрига кўра “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” устувор бўлган шахсда, жамиятда тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлади.1

Иккинчи босқич .VII асрдан ХХ асрнинг 20 – йилларигача, яъни, 1920 йилга қадар қарийб XV асрлик йўлни босиб ўтган медиация тарихи ислом қонунлари ва шариат қоидалари билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, бу даврда жуда кўп халқларнинг анъанавий-ҳуқуқий ва маънавий хулқ-атвор нормалари асрлар мобайнида ислом дини, унинг ҳуқуқий тизими шариат қоидалари билан узвий боғлиқ бўлиб келган. Миллионлаб кишиларнинг ижтимоий-ҳуқуқий, оммавий-маиший ва ҳатто, шахсий ҳаёти ислом ва унинг ҳуқуқи таъсирида ривожланиб келган. Шу билан бир қаторда ислом қонунлари бугун биз “медиация” деб номлаётган тарафларнинг ҳуқуқ бузилиши оқибатида келиб чиққан низоларни ҳал этишдаги яраштириш, кечиримлилик ва бағрикенгликка асосланган воситачилик тартиб – тамойилларига мустаҳкам асос яратган.

Марказий Осиёда ислом динининг тадрижий ривожланиши таъсирида ислом ақидалари маҳаллий халқ анъаналари ва урф-одатлари билан чамбарчас боғланиб кетган. Турли тарздаги ўзаро низолар эса худди ана шу бир – бири билан боғлиқ тартиб-тамойиллар асосида ҳал этиб келинган. Бошқача айтганда, ислом маънавий ва маданий тараққиётга, давлатчиликни мустаҳкамлашга, сайёрамизда яшаб келаётган улкан омманинг тафаккури ривожига таъсир кўрсатиб келаётган мустаҳкам тизимдир.

Тинчликка рахна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, тоифаларга бўлиниб, ўзаро низолашишнинг қораланиши ҳам исломнинг тинчлик ҳақидаги таълимоти асосини ташкил этади. Хусусан, Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сураси 9-оятидаги ўзаро низоларни ярашиш, келишиш йўли билан ҳал этиш, жамиятдаги тинчликка таҳдид қилишда, тажовузкорлик ва зўравонликда давом этадиганларга нисбатан қатъий ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги қайд қилинганини таъкидлаш муҳимдир.

Қуръони каримдаги “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида, 2) деган оят ҳам юқоридаги мулоҳазанинг ўринли эканини кўрсатади. 1

Низоларни ҳал этишда ислом қонунларини ўхшашлиги бўйича қўллаш, қиёслаш, таққослаш, солиштириш ва мушоҳада қилиш усули Абу Ханифа (р.а) томонидан кенг фойдаланилган усуллардан бири бўлган. Абу Ханифа (р.а) “муайян масала юзасидан барча томонларнинг якдил фикри, яъни бирлашиш, иттифоқ бўлиш, келишиш, азму-қарор қилиш, муҳокама этиладиган масала юзасидан тарафларнинг қатъий бир фикрга келишуви”ни тарафдори бўлган, яъни ҳозирги тил билан айтганда медиацияни қўллаган.

Буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари шарҳида медиациянинг табиати ҳақида ҳам сўз юритилган. Аллома ўз китобида ҳакамлик қилишга розилик билдирган шахс қозиларга хос барча фазилатлар эгаси бўлиши лозимлигини таъкидлайди. “Мабодо икки одам бировни ҳакамликка лойиқ кўриб, унинг чиқарган қароридан мамнунлик изҳор этган экан, бу қарор шак-шубҳасиз ҳақиқийдир”, – дейди муаллиф.2

Буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг “Сипоҳу раиятни умид ва қўрқув орасида сақладим. Дўст-душманни муросаю мадора мартабасида тутдим. Қилмишларини, айтган гапларини сабр-тоқат ва чидам билан ўтказдим. Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб келса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги янада ортди, душманларга эса шундай муносабатда бўлдимки, уларнинг душманлиги дўстликка айланди” деган шиори салтанат обрў-мартабасини сақлашга доир энг муҳим бўлган тузукларидан бири бўлган1

Жаҳон давлатчилиги тарихида қарийб уч асрдан ортиқ ҳукмронлик қилган Бобурийлар салтанати бу заминда турли динлар – мусулмонлар, ҳиндулар, жаинлар ва бошқа диний оқимлар ўртасидаги зиддиятларга барҳам бериб, уларни яқинлаштириш мақсадида ислом қонунларига асосланган “Тавҳиди илоҳий”, яъни муросаи мадора усулини жорий этган. Бу усул тараққиёт даражаси, сиёсий, ҳуқуқий, диний қарашлари турлича бўлган халқларни ягона давлатга бирлаштириш, жипслаштириш ва муросага келтиришдек ўта мураккаб вазифанинг ечимини топа олганлиги билан жаҳон ҳуқуқи тарихида ўчмас из қолдирди.

Учинчи босқич. Медиациянинг бу босқичи 1920 йилдан 1990 йилга қадар бўлган 70 йиллик даврни ўз ичига олади. Совет ҳокимияти ўрнатилгач, қабул қилинган барча қонун ва қарорлар аввало, социалистик мулк ва давлат манфаатларини кўзлаб ишлаб чиқилган.

Бироқ, бу даврда ҳам қисман бўлсада ҳуқуқ бузилиши содир этилиши билан боғлиқ низоларни ҳал этишда “Оқсоқоллар”, “Маҳалла фаоллари”, “Ҳурматли, кекса ва обрўли шахслар” кўринишидаги анъанавий вакиллик, яъни медиация усули фаолият кўрсатиб келган.

Бу даврда “медиация” ҳақида аниқ бир қонун бўлмаса-да, тарафлар ўртасидаги баъзи муаммо ва низолар суддан ташқари ва судга қадар ўша давр қонун – қоидалари, тартиб – тамойиллари ва азалий урф – одат меъёрларига таянган ҳолда ҳал этиб келинган.

Тўртинчи босқич.1991 йилдан бошланиб ҳозирга қадар бўлган даврни ўз ичига олади. Таъкидлаш керакки, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган либераллаштириш сиёсати ижтимоий жиҳатдан жуда катта аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва инсонпарвар фуқаролик жамиятини шакллантиришга ўзининг ижобий таъсирини кўрсататмоқда, жамиятда ўзаро ишонч, тотувлик, адолатпарварлик, инсонпарварлик ва қонунга ҳурмат муҳитини мустахкамлаётир.

Айни пайтда минглаб одамлар тақдирида ижобий мазмун касб этиб, уларнинг жамиятдан, оиладан ажралмаган ҳолда ахлоқан тузалишига имкон беряпти. Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятида инсонпарварлик ва адолат тамойилларига батамом мос келадиган ярашув медиация институти миллий қадриятларимизда ҳам ўз ифодасини топган.

 

 

Қаҳҳоров Турғунбой,

Навоий вилоят судининг судьяси

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди томонидан ўтказилган сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Хатирчи туманидаги “Галабек” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ҳамда Хатирчи туман ИИБ ЙҲХБ биносида жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик олдини олиш мақсадида сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида ҳамда ЎРҚ-1047-сонли қонун юзасидан батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Мамиров Шерзод,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси

 

Норбеков Аслиддин,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг тергов судьяси

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан ўтказилган сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Навбаҳор туманидаги мусиқа ва санъат мактаби биносида жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик олдини олиш мақсадида фуқаролар ва уюшмаган ёшлар иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Сайёр суд мажлиси якунига уланиб кетган тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилинаётган барча ишлар, қабул қилинаётга қонунлар барчаси “Инсон қадри ва манфаатлари учун” эканлиги, буни ҳар-бир Ўзбекистон фуқароси ич-ичидан ҳис қилиши ва жиноятчиликка қарши биргаликда муросасиз курашиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида ҳамда ЎРҚ-1047-сонли қонун юзасидан батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Сайдуллаев Алишер,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

 

Райимов Мақсуд,

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман судининг тергов судьяси

 

Хамраев Акрам,

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг раиси

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди томонидан ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Хатирчи тумани “Янгиробот” ҳамда Галабек махалла фуқаролар йиғини биносида жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун-моҳиятини фуқароларга етказиш ҳамда маҳаллаларда ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан, шунингдек, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини ошириш, жиноят содир этилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ижтимоий муаммоларни ҳал этишга жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва маҳалла фаолларини кенг жалб этиш мақсадида тарғибот тадбирлари олиб борилди.

 

Мамиров Шерзод,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси

 

Норбеков Аслиддин,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг тергов судьяси

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш асослари ва тартиби

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш қайси ҳолатлар юз берганда юзага келиши Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексида назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 79-моддасида, ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда: ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа; узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса; ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса; муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса; ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги кўрсатилган.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар ота (она)нинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг), прокурорнинг, шунингдек вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти юклатилган орган ёки муассасаларнинг (васийлик ва ҳомийлик органи, болалар масалалари бўйича комиссиялар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муассасалари ҳамда бошқа муассасаларнинг) даъвосига биноан кўрилади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўриб чиқилади. Суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда боланинг таъминоти учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (уларнинг биридан) алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш охирги чора эканлиги сабабли қонунчиликда кўрсатилган ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилиши лозим.

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси 

Судьянинг холислиги ва беғаразлиги

Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида «Судлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, кўплаб процессуал қонун қонун нормаларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

         Эътиборлиси, тизим фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларида суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини самарали таъминлашга оид нормалар такомиллаштирилди.

Ислоҳотлар, ўз навбатида, судлар , судьялар олдига янги талаблар ҳам куймоқда.

Аҳолининг судга нисбатан ишончини янада мустаҳкамлаш, судьяларнинг касбий фаолиятини амалга оширишда риоя қилиши шарт бўлган ахлоқ-одобига оид талабларни аниқлаштириш, амалдаги қонунчиликда мавжуд бўлган нормаларнинг такрорланишига чек қўйиш ҳамда янгиланган Конституцияга мувофиқлаштириш мақсадида 2024 йил 15 майда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 1903-сон қарори билан тасдиқланган Судьялар одоби кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. 

Ҳужжат устида ишлаш жараёнида халқаро стандартлар, жумладан, БМТнинг «Суд органлари мустақиллигини асосий тамойиллари», «Судьяларнинг хулқ-атворига оид Бангалор принциплари», «Судьяларнинг умумжаҳон хартияси»да назарда тутилган тавсиялар, АҚШ, Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Беларусь, Молдова каби давлатлар тажрибаси ўрганилди.

Натижада Судьялар одоби кодекси 21 моддадан 18 та моддага ихчамлаштирилиб, зарур бўлган аниқ қоидалар билан тўлдирилди.

Ижтимоий адолатни таъминлаш судьянинг зиммасидаги муҳим ва шарафли вазифа экани боис улардан ахлоқий нормаларга қатъий риоя этиш талаб қилинади. Ахлоқий нормаларга риоя этиш эса жамиятнинг суд тизимига бўлган ишончини кафолатлайди, қонун олдида тенгликни таъминлайди.

Мухтасар айтганда, мазкур ҳужжат  билан, судьялар хулқ-атворининг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ тамойиллар чегаралари аниқ белгиланди.

Биргина мисол, ушбу кодекснинг 5-моддасига кўра, судья ўз мажбуриятларини холисона, суд процессининг барча иштирокчиларига жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар бир хил муносабатда бўлган ҳолда бажариши шарт.

Судья якуний суд ҳужжати қабул қилингунга қадар иш бўйича фикрини бирон-бир тарзда билдиришга ҳақли эмас. Холислик нафақат чиқарилаётган қарор мазмунида, балки уни қабул қилишдаги барча процессуал ҳаракатларда намоён бўлиши керак.

Судья ўзи, қариндошлари ва бошқа шахслар учун бирон-бир манфаат, хизматлар, тижоратга оид ёки бошқа фойда олиш мақсадида ўз мақоми ва хизмат мавқеидан фойдаланмаслиги лозим.

Хизматдан ташқари ҳолатларда ҳам судья ўзининг холислигига шубҳа туғдирадиган ҳар қандай фикр билдиришдан, хатти-ҳаракатлар содир этишдан тийилиши зарур.

Холислик ва беғаразлик судьядан муайян ишни кўришда суд процесси иштирокчиларига нисбатан афзалликлар, асоссиз ишонч ва тахминлардан холи бўлиш, яъни объектив тарзда бетараф бўлишни талаб этади.

Чунки холис ва беғараз бўлиш, ишни кўришда даъвогарнинг ҳам, жавобгарнинг ҳам важларини тенг текшириш, судланувчини ҳам фош этадиган, ҳам оқлайдиган, жазосини енгиллаштирадиган ва оғирлаштирадиган ҳолатларни эътиборга олиб, қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиш имкониятини беради.

 

Нурбек Умаров,

Навоий вилоят судининг судьяси

ИБРАТЛИ УМР (Одиллик ва оддийлик саодати)

Ушбу мақола Турсунали Акбаровнинг Одиллик ва оддийлик саодати китобини муҳокама қилади. Асарда Ўзбекистон Республикасининг хизмат кўрсатган юристи, Конститутсавий суднинг собиқ раиси Бахтиёр Мирбобоевнинг ҳаёти, касбий фаолияти ва инсоний фазилатлари ёритилган. Ушбу китоб орқали ўқувчи суд тизимидаги адолат мезонлари, ҳалоллик ва садоқат тамойилларини чуқурроқ англайди.

Юртимизда юксак ижтимоий-маънавий қадриятларни, айниқса одиллик, инсонпарварлик ва қонун устуворлигини тарғиб этувчи адабиётлар тобора ортиб бормоқда. Турсунали Акбаровнинг “Одиллик ва оддийлик саодати” асари ҳам шулар сирасига киради. Бахтиёр Мирбобоев ўзининг ҳалоллиги адолатпарварлиги ва оддий халқона фазилатлари билан нафақат юридик доиралар, балки кенг жамоатчилик эътиборини қозонган шахсдир. У киши юртимизда конституциявий қонунчиликнинг  шаклланишида беқиёс ҳисса қўшган, ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида фидокорона хизмат қилган юрист сифатида танилган.

Замонавий жамиятда инсоний қадриятлар қадрсизланиб бораётган даврда, бу китоб инсонларни яна ўзлигига қайтишга чорлайди. Бахтиёр Мирбобоев эса бу иллатларга қарши ҳалоллик, масъулият ва садоқат билан курашган. Унинг ҳаёти ёшлар учун чин маънодаги ибрат мактаби бўла олади.

Суд тизими ҳар бир жамиятда давлат ва халқнинг энг муҳим таянчларидан биридир. Агар суд одил бўлса, халқда қонунларга ишонч бўлади. Шу нуқтаи назардан Мирбобоевнинг принципиал ҳаёти – яъни “ҳеч қачон сотилмаслик”, “босим остида бўлса-да ҳақиқатни танлаш” каби фазилатлари – жамиятимизда барча судяларга намуна бўлади.

Ушбу китобни ўқиш жараёнида шуни тушундимки, юристлик касби нафақат қонунларни билиш, балки инсон қалбини тушуниш, адолат туйғусини юракдан ҳис қилиш ва халқ хизматида сидқидилдан ишлаш керак эканлигига яна бир бора амин бўлдим.

Бахтиёр Мирбобоев образида мен оддийлик ва юксаклик, ҳалоллик ва қатъият, илм ва виждон уйғунлигини кўрдим. Айниқса, муаллифнинг меҳр билан ёзган ҳар бир сатрида юрист шахсиятининг чуқур қатламлари очилгани, уни фақат лавозим эгаси эмас балки ибратли инсон сифатида тасвирлагани мени ҳайратлантирди.

Бу китоб нафақат ҳуқуқшунослар учун балки ҳар бир юртдошимиз учун ахлоқий дарс, камтарлик ва хизмат руҳининг тимсолидир деб ҳисоблайман. Қолаверса, Бахтиёр Мирбобоев каби фидойи юристларнинг ҳаётий фаолиятини ўрганиш – бу ҳуқуқий маданиятимизни янада юксалтириш йўлида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Китобни ўқиш жараёнида қаҳрамоннинг ҳар бир кичик нарсага ҳам эътиборли эканлиги менинг этиборимни тортди негаки, бугунги кунда инсонлар бу каби нарсалар билан ҳисоблашмайди ва уларнинг аксарияти ҳатто бунга эътибор ҳам беришмайди. Бу каби ҳолатлар одат тусига кириб бўлган десак муболаға бўлмайди. Мисол тариқасида светафор воқеасини айтишимиз мумкин бу воқеа Бахтиёр ака ва ҳамкасби билан содир бўлган, аммо бу вазиятда иккаласи икки хил йўл тутиши орқали Бахтиёр Мирбобоевнинг қанчалар синчков ва эътиборли инсон эканлигини билиб олишимиз мумкин.

Одиллик – фақат суд залида ёки қонун матнларида мужассам бўладиган тушунча эмас. У жамиятнинг ҳар бир қатламида, ҳар бир инсоннинг онгида яшаши лозим бўлган асосий тамойилдир. “Одиллик ва оддийлик саодати” асарида одиллик тушунчаси Бахтиёр Мирбобоевнинг ҳаёти орқали намоён бўлади. Бу ерда одиллик – шунчаки қонунларга амал қилиш эмас, балки ҳар бир қарорни  виждон билан ўлчаб, халқ манфаатини йўлга қўйиб яшашдир. Бу китобни нафақат юристлар балки барча ёшлар орасида тарғиб қилиш лозим негаки, китобни ўқиш жараёнида ўқувчи ёшлар касбга бўлган садоқатни ўрганиб, Бахтиёр Мирбобоев каби ўз касбининг моҳирларидан бўлиб етишадилар.

Хулоса қилиб айтганда, “Одиллик ва оддийлик саодати” асари фақат бир инсоннинг ҳаёт йўли ҳақида эмас, балки бутун бошли  ҳуқуқий тафаккур мактаби, касб маданияти, одоб-ахлоқ кодекси ҳақида ибратли рисоладир. Унда ёритилган Бахтиёр Мирбобоев тимсоли орқали муаллиф адолатли жамиятни барпо этиш йўлида фидокорона хизмат қилган шахсни ўзига хос санъат билан тасвирлаган. Ушбу асар ёш юристлар, ҳуқуқшуносликка қизиқувчилар ва инсоний фазилатларни қадрловчилар учун муҳим манбадир. Асар орқали ёшлар ичида адолатга интилиш кучаяди, судялик касбига нисбатан ҳурмат шаклланади ҳамда ҳақиқий юрист қандай бўлиши кераклиги ҳақида тушунчаларга эга бўлади.

 

Беҳзод Шерматов,

Навоий вилоят суди судьяси

Медиация тушунчаси ва унинг йўналишлари

Медиация институтининг пайдо бўлиши ва тарихи қариндош уруғлар орасида вужудга келган турли хил низоларни ва келишмовчиликларни тинч йўл билан, ўзаро ҳал этишга қаратилган ижтимоий муносабатларга бориб тақалади.

Қонунни ривожлантириш тарихида Вавилон, Қадимий Греция ва Қадимий Римда медиацияни қўллаш қайд этилган. Рим ҳуқуқида Юстиниан кодексидан бошлаб ( VI аср) баҳс-мунозараларни ҳал қилиш учун воситачилик тан олинган. Медиация технологияси асосан савдода қўлланилган. Римликлар баҳс-мунозараларни ҳал қилувчи мутахассисларни “medium” – “воситачи” сўзи билан ифодалашган. Воситачиларга алоҳида ҳурмат билан муносабатда бўлишган. Ҳаттоки уларни доҳийлар ва руҳонийлар билан бир қаторга қўйишган.

Замонавий тушунчаларда медиация XX асрнинг иккинчи ярмида АҚШ, Австралия ва Буюк Британияда ривожлана бошлаган. Европада медиаторлар оилавий мунозараларни ҳал қилишга жалб қилинган.

Кўп асрлар давомида медиация давлатлараро алоқаларда, оилалар, қўшнилар, сиёсий партиялар, профессионал, диний ва бошқа жамоатчилик гуруҳлари ўртасида ҳамда парламентда юзага келадиган низоларни бартараф этишда муваффақиятли қўлланилган.

Айтиш керакки, «низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари» (Alternative dispute resolution, ADR) умумий тушунча бўлиб, у анъанавий (суд) амалиётидан ташқари кўпгина формал ва ноформал усулларга нисбатан ишлатилади. Замонавий жамиятларда ижтимоий, иқтисодий, шахслараро муносабатларнинг ривожига хизмат қиладиган ва ижтимоий тизимнинг барча шаклларида – оила, иқтисодиёт, меҳнат бозори, давлат маъмурий амалиётида кенг қўлланиладиган, ҳаётдаги турли хил низоларни тинчлик, музокара ва муроса йўли билан ҳал этишда қўлланлиб келинган.

“Медиация” сўзининг лўғавий маъноси лотин тилидаги «mediare» сўзидан олинган бўлиб, воситачилик қилиш, келиштириш мақсадида аралашиш деган маъноларини билдиради. Ҳуқуқий адабиётларда олимлар медиацияни «юмшоқ ҳуқуқ» элементи деб ҳам аташади.

БМТ уставининг 33-моддасида медиация (воситачилик) низоларни ҳал этиш воситаси сифатида тан олинган. Шунингдек, Европа парламенти ва кенгашининг 2008 йилги 52-директивасида фуқаролик ва тижорат низоларида медиация тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: «тарафлар бошлаб берган ѐки суд томонидан тайинланган ѐхуд миллий қонунчилик билан белгиланганидан қатъи назар, икки ѐки ундан ортиқ низолашувчи тарафларнинг низони ҳал этиш тўғрисида келишувга эришиш мақсадида учинчи шахсга мурожаат этиш жараѐнидир».

Бу борада ҳуқуқшунос олимларнинг медиацияга оид турлича илмий таърифлари мавжуд.

Чунончи, Ш.М Масадиков медиацияни тарафлар учун ўзаро мақбул келишувга эришишга кўмаклашувчи ва қарор чиқариш ҳуқуқига эга бўлмаган бетараф медиатор ёрдамида улар ўртасидаги низони ҳал қилиш усули1 сифатида таърифласа, ҳуқуқшунос олим Ф. Отахонов медиация – бу бир-бирини тушуниш ва низоли ҳолатни бартараф этувчи битим тузишга эришиш мақсадида холис шахс – медиатор (воситачи) иштирокида тарафларнинг эркин музокарага кириш йўли билан низони ҳал қилиш тамойилидир2 деб таърифлайди.

Яна бир олим В. Лисицин фикрича, медиация ҳуқуқий табиатига кўра, низони ҳал қилишга олиб келмайди, медиациянинг мақсади бошқача, яъни низони тугатишдир, деган фикрни илгари суради.

 

Қаҳҳоров Турғунбой,

Навоий вилоят судининг судьяси

Туғилганлик факти белгиланди

2025 йил 15 май куни фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судида аризачи С.Мнинг Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимига нисбатан туғилганлик фактини белгилаш ҳақидаги аризаси бўйича фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди.

Аниқланишича аризачи С.М судга ариза билан мурожаат қилиб, унда 19.09.1993 йилда Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилгани, шунга кўра фуқаролик паспортини олгани, бироқ туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви ФҲДЁ бўлимида қайд этилмагани маълум бўлгани, туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ўша вақтлари қишлоқ фуқаролар йиғини томонидан расмийлаштириб берилгани ФҲДЁ бўлимида рўйхатдан ўтмасдан қолгани маълум бўлгани, шунинг учун ФҲДЁ бўлими томонидан судга мурожаат қилишини ҳақида тушунтирилганлигини билдириб, 1993 йил 19 сентябрь куни туғилганлик фактини белгилашни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал Кодексининг 295-моддасига кўра, фуқаpолаp ёки ташкилотлаpнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлаpи вужудга келиши, ўзгаpиши ёки тугашига сабаб бўладиган фактлаpни суд аниқлайди, суд жумладан оталикни тан олиш (белгилаш) фактини, боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақтини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради. Аpизачи юpидик аҳамиятга эга бўлган фактлаpни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатлаpни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёки йўқотилган ҳужжатлаpни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдиpдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.

Иш ҳужжатларда мавжуд Навоий вилоят ФҲДЁ архив мудиранинг 12.02.2025 йилда берган маълумотномасига кўра С.Мнинг 1993 йилда туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви 1993-12.02.2025 йиллар текширилганда ФҲДЁ бўлимида мавжуд эмаслиги маълум қилинган.

Шунингдек Хатирчи туман ФҲДЁ бўлимининг 2025 йил 25 февраль кунидаги №91-сонли хатидан маълум бўлишича аризачи С.Мнинг 1993 йилда туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси ФҲДЁ бўлимида текширилганда далолатнома ёзуви мавжуд эмаслиги, шунинг учун туғилганлик фактини белгилаш учун судга мурожаат қилиши кераклиги маълум қилинган.

Судда аниқланишича, ушбу юридик фактни белгилаш туғилганлик гувоҳномасини олиш учун учун зарур.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1991 йил 20 декабрдаги 5-сонли “Юридик ахамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 12-бандида агар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органида архив ҳужжатлари йўқолган, тегишли ёзувлар сақланмаган ва бундай ёзувларни тиклаш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органлари томонидан рад қилинган бўлса ёки бундай ёзув фақат суднинг фуқаролик ҳолатини рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи ҳал қилув қарори асосида тикланиши мумкин бўлган ҳолатларда судлар туғилганлик, болаликка олиш, никоҳ, ажралиш ва ўлимни рўйхатга олиш фактини белгилашга ҳақлилиги  кўрсатилган.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда суд, аризада қўйилган талаб асосли экани, аризачи С.М 1993 йил 19 сентябрда Хатирчи туманида фуқаро Э.Тдан туғилганлигини, унинг туғилганлигини судсиз тартибда белгилашнинг имконияти мавжуд эмаслигини, ишга тақдим қилинган далилларни шубҳа остига қўйишга асослар йўқлигини ва судда сўралган аризачи ва гувоҳнинг кўрсатмаларини инобатга олиб, аризани қаноатлантиришни, аризачи С.Мнинг 1993 йил 19 сентябрь куни Хатирчи туман “Олчинобод” маҳалла фуқаролар йиғинида, фуқаро Э.Тдан туғилганлиги фактини белгиланди.

Бир сўз билан айтганда фуқаро С.Мнинг қонуний ҳуқуқлари суд орқали тикланди.

 

Бабақулов Баходир,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси

Перейти к содержимому