Искать:

Атроф муҳит муҳофазасига – барчамиз бирдек масъул

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасига мувофиқ, мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

Юртимизнинг бебаҳо табиий бойликларини асраб-авайлаш, уни келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда давлатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш ва табиатни муҳофаза қилишга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши табиий муҳит шароитларини сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаб беради.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 202-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун ифлослантирувчи моддалар ташламаларини атроф табиий муҳитга чиқариб ташловчи, оқова сувларни оқизувчи ва чиқиндиларни жойлаштирувчи юридик шахслар, шунингдек, юридик шахслар, шунингдек, юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳамда шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари коммунал канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларни нормативдан ортиқча оқизувчи жисмоний шахслар компенсация тўловчи субъектлар ҳисобланади.

Мазкур низомга мувофиқ, I ва II тоифага мансуб компенсация тўловчи субъектлар ҳар чоракда атроф табиий муҳитни ифлослантирганлиги, чиқиндиларни жойлаштирганлиги учун ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунигача аванс компенсация тўловини амалга ошириши, III ва IV тоифаларга мансуб компенсация тўловчи субъектлар томонидан атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари йилига бир марта, ҳисобот давридан кейинги йилнинг 5 февралигача амалга ошириши белгиланган.

Даъвогар Навоий вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Асрор” фермер хўжалигидан 1.131.832 сўм компенсация тўлови ва 413.119 сўм пеня ундиришни сўраган.

Иш ҳужжатлардан аниқланишича, жавобгар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловлари тўловчиси ҳисобланиб, ҳозирги кунда фаолият кўрсатиб келаётган фермер хўжалиги сифатида қайд этилган.

Жавобгар томонидан юқоридаги Низом талабларида кўрсатилган ҳисоботлар топширилмаганлиги ва тўловлар амалга оширилмаганлиги сабабли, даъвогар компенсация тўловини тўлашлик тўғрисида жавобгарга огоҳлантириш хати юборган.

 Бироқ жавобгар томонидан даъвогарнинг огоҳлантириш хатига  муносабат билдирилмаган.

 Низомнинг 35-банди, саккизинчи хатбошисида давлат экология қўмитаси ва унинг ҳудудий органларида компенсация тўловларини ундириш билан боғлиқ бўлган даъволарни суд органларига тақдим этиш ҳуқуқи мавжудлиги қайд этилган.

Шу сабабли даъвогар судга мурожаат қилиб, унинг талаби ишдаги мавжуд далиллар билан ўз тасдиғини топганлиги, жавобгар Низом талабларига мувофиқ компенсация тўловларини амалга ошириши лозим бўлган субъектлар қаторига кириши ва тўловларни белгиланган муддатларда тўламаганлиги сабабли, суд томонидан жавобгардан компенсация тўловлари ва пеня ундириш ҳақида қарор қабул қилинган.

Ушбу тоифадаги ишлар таҳлил қилинганда, Учқудуқ туман иқтисодий суди томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида мазкур турдаги жами 40 та ишлар кўрилган бўлиб, шундан 38 таси қаноатлантирилган бўлса, 1 таси иш юритишдан тугатилган, 1 таси қарздорлик тўланганлиги учун рад этилган.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин албатта. Шуни таъкидлаш жоизки, экологияга оид муаммоларни ҳал этиш фақатгина давлатнинг зиммасида эмас, балки бунга барчамиз бирдек масъулмиз.

Зеро, она табиатни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

 

Дилшод Турдиев,

 Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси 

Оилалар мустаҳкамлигига барчамиз бирдек масъулмиз

Навоий вилоят суди ва Навоий вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Мемарандумга асосан Навоий шаҳридаги “Тараққиёт” маҳалласи биносида Навоий вилоят суди судьялари И.Шоймардонова ва А.Баҳронов, оқила аёллар аъзолари ҳамда маҳалла хотин-қизлар фаоллари ва отинойлари иштирокида шаҳардаги оилавий низолари бор, нотинч оилалар билан очиқ мулоқот ва учрашув тадбири ўтказилди.

Тадбирда 10 нафар оила аъзолари билан индивидуал суҳбатлашиб, никоҳдан ажратишнинг салбий оқибатлари, оила муқаддаслиги ва фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлмасликлари ҳақида таъкидланиб, жиддий асослар бўлмаганда никоҳдан ажрашиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида, 3 нафар ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилишига эришилди ва 2 нафар оилани яраштириш имкони йўқ деб топили ҳамда қолган 5 нафар оила аъзолари билан кейинчалик яна тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича тегишли тавсилар берилди.

 

Азизжон Баҳронов,

Навоий вилоят суди судьяси.

Тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор самарали ислоҳотлар амалга оширилди.

Шунингдек, уларнинг давлат органларига ҳисобот ва статистик маълумотларни тақдим этиш жараёнларини соддалаштириш, бу борада улардан ортиқча ҳужжатларни талаб қилиб олишга чек қўйиш ҳамда ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2024 йилнинг 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисоботларни давлат органларига тақдим этиш жараёнлари соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 24110-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-979-сон Қонуни қабул қилиниши ҳам бунга яна бир мисол ҳисобланади.

Қонунга кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисобот ва статистика маълумотларининг ягона рўйхатига киритилмаган статистика, молия, солиқ ҳисоботини ва бошқа ҳисоботни, шунингдек қонунчиликда назарда тутилмаган ўзга ҳужжатларни, шу жумладан банк ҳисобварағини очишда ортиқча ҳужжатларни тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиб олганлик, худди шунингдек мазкур ягона рўйхатга киритилган ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддатлари ва тартибига зид равишда талаб қилиб олганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши давлат органларининг ҳисоботларни талаб қилиб олиш борасидаги масъулиятини оширишга ва қонунчилик талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг келгусидаги фаолиятида муҳим ўрин тутиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси. 

Қонунларнинг асосий мақсади халқ манфаати бўлиши лозим

Кейинги йилларда
мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини, судлар фаолиятида очиқлик ва
шаффофликни таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу фуқаролар
ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя
қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга суд ишларини
юритишда тарафларнинг тортишуви принципини, давлат манфаатлари самарали ҳимоя
қилинишини таъминлаш судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни
кўришда прокурорнинг иштирокига, шунингдек ишларни кўриб чиқиш натижалари
бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли
процессуал нормалар янада аниқлаштирилишини тақозо этмоқда.

Шу сабабли Ўзбекистон
Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда
ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва
қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-968-сон Қонуни билан Ўзбекистон
Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига давлатнинг қонун билан
қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорнинг ерга оид
ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш
ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда иштирок этиш ҳуқуқини,
шунингдек давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат
қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг
Фуқаролик процессуал кодексида, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий
процессуал кодексида ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини
юритиш тўғрисидаги кодексида прокурорнинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи
тўғрисида прокурор тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган, қонунда
прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган ишлар бўйича кассация протести,
тафтиш тартибида протест келтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли
судлардан ишларни талаб қилиб олишга бўлган ҳуқуқи белгиланмоқда, шунингдек
мазкур тоифадаги ишларни кўриш якунлари бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари
устидан шикоят қилиш тартиби аниқлаштирилмоқда.

Ушбу Қонун прокуратура
органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти
самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият
ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя
қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни
мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг
2018-йил 25-январда қабул қилинган ЎРҚ-462-сонли Қонуни билан тасдиқланган
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига
қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

1) 148-модданинг учинчи
қисмидаги “учинчи шахслар” деган сўзлар “ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар”
деган сўзлар билан алмаштирилмоқда:

2) 2301-модданинг матни
“прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича” деган сўзлардан кейин “ёхуд қонунда
прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган бўлиб, бироқ у суд муҳокамасининг
вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган ишлар
бўйича” деган сўзлар билан тўлдирилмоқда:

3) 249-модда учинчи қисмининг
учинчи хатбошиси “прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича” деган сўзлардан кейин
“ёки қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган бўлиб, бироқ у суд
муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмасдан
кўрилган иш бўйича” деган сўзлар билан тўлдирилмоқда:

4) 260-модданинг иккинчи
қисми “прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича” деган сўзлардан кейин “ёхуд
қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган бўлиб, бироқ у суд
муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмасдан
кўрилган ишлар бўйича” деган сўзлар билан тўлдирилмоқда:

Ушбу Қонун
расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Фазлиддин Сануқолов,

Навоий
туманлараро маъмурий судининг судьяси.

Янги қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан учрашув

Кармана туманлараро иқтисодий суди биносида Навоий вилояти суди судьялари Ш.Қодиров, С.Жакеев ҳамда Кармана туманлараро иқтисодий суди судьялари Ҳ.Саъдуллаев ва Ф.Ф.Бахроновлар томонидан суд тугатиш бошқарувчилари, давлат унитар корхоналари ҳуқуқшунослари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг бозор ислоҳотларини жадаллаштиришга қаратилган Фармонлари мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан очиқ мулоқот шаклида учрашув ташкил қилинди.

Жорий йилнинг 31 октябрь куни бўлиб ўтган ушбу учрашувда судьялар томонидан Ўзбекистон Республикасининг 30.09.2024 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-968-сонли қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.06.2024 йилдаги “Бозор ислоҳотларини жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-85-сонли Фармони мазмун-моҳияти учрашув иштирокчиларига батафсил тушунтириб берилди.

Жумладан, қайд қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида керакли маълумотлар берилди.

Шунингдек, тадбир сўнгида қонун ва Фармон юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга судьялар томонидан атрофлича жавоб берилди.

 

Фаҳриддин Баҳронов,

Кармана туманлараро иқтисодий суди судьяси.

Йирик корхонадаги долзарб учрашув

Қонунчиликда суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатлиги назарда тутилган.

Шунингдек, жамиятда аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятининг юксак даражада бўлиши ҳамда шахснинг ўзга фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда ўз ҳуқуқларини амалга ошириши ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг одини олишдаги энг муҳим омиллардан биридир.

Айни шу мақсадда Зарафшон шаҳар ва Томди туман судлари томонидан суд-ҳуқуқ ҳамда сайлов тизимида амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Иқтисодий процессуал кодексларига ҳамда киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмуни, судларга мурожаат қилиш тартиби, фуқароларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Марказий кон бошқармаси ходимлари иштирокида ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирида сўзга чиққан маърузачилар Зарафшон шаҳри ва Томди тумани ҳудудида кўпайган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик турлари, хусусан аёллар ва вояга етмаган ёшлар жиноятчилиги, шунингдек соғликни сақлаш тизими ходимлари томонидан содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олишда эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар, бу каби қонунсиз хатти-ҳаракатлар учун белгиланган жазо чоралари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.

Тадбир давомида сўнгги вақтларда ёшлар ўртасида айниқса психотроп моддаларни тарқатиш ва истеъмол қилиш, ижтимоий тармоқларда таъқиқланган сайтларга кириш, ўғирлик, безорилик каби жиноятчилик сони ошиб бораётганлиги энг ҳавотирли ҳолат эканлиги алоҳида қайд этилиб, мазкур жиноятларни келиб чиқмаслиги учун ота-оналар фарзандлари тарбиясига жиддий эътибор қаратиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Шундан сўнг маърузачилар тадбир иштирокчиларининг саволлари ва мурожаатларига тегишли тушунтириш ва жавоб беришди.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Жиноятчилик сони ошган маҳаллада учрашув ўтказилди

Жиноятчиликка қарши курашиш барча даврларда ҳам давлат ва жамият олдида турган муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Зеро, инсон тинч ва хотиржам яшашни истайди, тинчлик бўлган жойда эса барака ва ривожланиш бўлади.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьялари томонидан фуқаролар йиғинларида маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш масалаларига бағишлаб бир қатор ҳуқуқий-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Бунда асосан, жиноятчилик сони ошган, “қизил” ҳудуд тоифасига кирган маҳаллаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Навоий шаҳридаги Бунёдкор маҳалласи ўтган йилга нисбатан содир этилган жиноятлар кўрсаткичлари бўйича “қизил” ҳудуд сифатида белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суд раиси Б.Алиқулов томонидан ушбу маҳалла аҳолиси билан бўлиб ўтган мулоқотлари мобайнида содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва жиноятчиликка имкон яратиб берган шарт-шароитлар кенг муҳокама қилинди. 

Йиғилишда, суд раиси томонидан тарғибот тадбирлари “хонадонбай” ва “кўчабай” тарзда давом эттирилиб, маҳалладаги кўп қаватли уйлар, маҳалланинг кўчаларида тушунтириш ишлари олиб бориш, тарғибот ишлари давомида аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Зарурий профилактик чораларни янада кучайтириш бўйича маҳалла раиси, профилактика инспектори ҳамда фуқароларнинг таклифлари тингланди. Суҳбатлар жараёнида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга оид тарғибот материаллари тарқатилди.

 

Баҳодир Алиқулов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси.

Одил судлов билан бир қаторда ёшлар таълими судларнинг доимий эътиборида

Жамиятда аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятининг юксак даражада бўлиши ҳамда шахснинг ўзга фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда ўз ҳуқуқларини амалга ошириши ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг одини олишдаги энг муҳим омиллардан биридир.

Албатта, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтиришга унинг ёшлигидан ўз оиласи ва мактаб таълими жараёнларидан бошлаш мақсадга мувофиқдир.

Жорий йилнинг 23 октябрь куни Зарафшон шаҳар ва Томди туман судларининг ташаббуси билан ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Томди тумани ихтисослаштирилган мактаб интернати билан ҳамкорлик келишуви ўрнатилди.

Бу эса барчага, айниқса устоз-мураббийлар, ўқувчи-ёшлар ҳамда ота-оналарга жудаям маъқул бўлиб, уларнинг яқиндан ёрдамлари, қўллаб-қувватлашлари билан бу борадаги ишлар тизимли ривожланиб, қайсидир маънода одат тусига айланиб улгурган.

Шунингдек, тадбир давомида судьяларнинг ёшлар билан навбатдаги  учрашуви “Касбим – фахрим”, “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзуларида ташкил этилди.

Учрашув давомида ўқувчи ёшларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари, соғлом турмуш тарзини ташкил қилиш ва ёт ғояларга берилмаслик борасида зарур маслаҳатлар бериб ўтилди ва бу борада суд амалиётидан мисоллар келтирилиб, ёшларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

Бу каби чора-тадбирлар ёшларнинг таълимга ва илм олишга бўлган қизиқишини янада ортишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши билан аҳамиятлидир, албатта бу каби хайрли ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

 

Дилобар Эргашева,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси.

Иқтисодий судларда прокурор иштирокининг янги босқичи жорий этилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2024 йилнинг 30 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-968-сон Қонун қабул қилинди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 49-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкин.

Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ишлар мустасно.

Ушбу Қонун қабул қилингунга қадар, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин эди.

Эндиликда эса киритилган ўзгартиришга мувофиқ, прокурор айнан қандай тоифадаги ишларда иштирок этиши мумкинлиги аниқ кўрсатиб берилди.

Шунингдек, Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексининг 2881-моддасига қўшимча киритилиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ушбу Кодекс 282-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда ёки прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича ёхуд қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган бўлиб, бироқ у суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган ишлар бўйича кассация протести киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун тегишли иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги назарда тутилди.

Ушбу қабул қилинган Қонун фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

ДилшодТурдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси. 

Бола ҳуқуқлари қонун ҳимоясида

Маълумки, ўзбек халқи учун оила муқаддас даргоҳ саналади. Унинг мустаҳкамлигини сақлаш жамиятимиз ва давлатимизнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Давлатимизда оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, айниқса боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг асосий кафолатларини мустаҳкамлаш уларини ҳимоя қилиш борасида бугунги кунда тўлақонли қонунчилик асослари яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланган бўлиб унга кўра, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти экани белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 7 январдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига кўра,  ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги, ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Давлат: болага нисбатан эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларининг олдини олиш, шунингдек уларнинг содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, эксплуатация ва зўравонликка дучор бўлган болаларга зарур педагогик, психологик, тиббий, юридик ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўриши, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон бола ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган кўплаб халқаро ҳужжатларга қўшилган бўлиб, 1992 йили мамлакатимизда БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси ратификация қилинган. 2008 йилда эса бу борада алоҳида Қонун, Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. 

Ҳозирги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 829-сонли Қонунига мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 1261-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш нормаси билан тўлдирилиши, бу борада уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилинишига янада хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, бола ҳуқуқларининг ҳимояси учун барчамиз масъул ҳисобланамиз.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси. 

Перейти к содержимому