Искать:

Учқудуқ саноат техникумида “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталик тарғибот тадбирлари ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сон Қарорининг 12-банди ижросини таъминлаш мақсадида жорий илнинг 22 февраль куни жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Курбонов, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Жумаев ва Учқудуқ туман Иқтисодий суди раиси Д.Турдиевлар томонидан Учқудуқ саноат техникумида тарғибот тадбири ўтказилилди.

Тадбир давомида техникум ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этиб, суд раиси томонидан тадбир иштирокчиларига юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳим вазифа эканлиги борасда фикрлар айтиб ўтилди.

Мустақил демократик йўлдан дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, аввало, халқимиз манфаатлари кўзланган ислоҳотларни амалга оширишга қаратилгани билан эътиборлидир. Бу жиҳатлар Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Бош Қомусимизнинг “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Шунингдек, тадбирда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш, уларга қарши курашиш ва ушбу ҳолатларнинг салбий оқибатлари тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ушбу қабул қилинган юқоридаги ҳужжатлар “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон
қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

Акмал Курбонов

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси 

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари олий даражага кўтарилди

Юртимизда инсон қадри, инсонни эъзозлаш – эътиборимиздаги энг асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда, буни амалга ошириш ва мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув, қонунчилик, жамиятимиз ўзгармоқда.

Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдириш лозимлиги Мурожаатномада таъкидланди.

Таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт йўналишларида аниқ-аниқ масалалар ўз ечимини топиши шартлиги, адолатни таъминлаш, оворагарчилик, бюрократия ва коррупцияни йўқ қилишни кутилмоқда, шу сабабли ҳам янги 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилди.

Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли бўлиб қолмоқда, бунинг тасдиғи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги ПҚ-46-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг тасдиқланишини кўришимиз мумкин, зеро бу қарор соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда яна бир муҳим қадам пойдевори бўлди десак адашмаймиз.  

Яна шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгилаб қўйилганлиги ҳам давлатимизда инсонга берилган эътибор юксак даражада эканлигидан далолат беради.

 

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг
судья ёрдамчиси Баходир Фармонов

Маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг ҳуқуқий билимлари оширилди

Инсон ҳуқуқлари – ҳар бир инсоннинг миллати, яшаш жойи, жинси, этник келиб чиқиши, танасининг ранги, дини, тили ва бошқа белгиларидан қатъи назар, ажралмас ҳуқуқларидир. Барча одамлар ҳар қандай турдаги камситишларни истисно қилган ҳолда, инсон ҳуқуқларидан бир хилда фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ушбу ҳуқуқлар ўзаро боғлиқ ва ажралмасдир.

Инсоннинг умумбашарий ҳуқуқлари кўпинча шартномалар, халқаро одат ҳуқуқи, ҳуқуқнинг умумий принциплари ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа манбаларида қонун кўринишида мустаҳкамланган ва кафолатланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ давлатларга инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ривожлантириш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларни юклайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳадсидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46 сон қарорининг 12-бандига мувофиқ юртимизда жорий йилнинг 20-28 февраль кунлари «Инсон хуқуқлари” ҳафталиги ўтказилиши белгиланган.

Тарғибот ҳафталигини муносиб ўтказиш мақсадида Навоий вилоят суди ва вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича Ўқув курси ҳамкорликда маҳалла раислари учун “Инсон ҳуқуқлари-олий қадрият” мавзусида учрашув ўтказилди. Учрашувда вилоят суди судьялари Г.Худойбердиева, А.Бахронов ва Ф.Ҳамидовлар иштирок этиб, тадбир иштирокчиларига инсон ҳуқуқларини амалга оширилишида давлатимизда қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар, оилаларни мустаҳкамлаш, ажрашишларнинг салбий оқибатлари, маҳалларда фуқаролар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олишда энг аввало аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш зарурлилиги ҳақида зарур тушунчалар берилди. Тадбир давомида МФЙ раислари томонидан ўз фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар юзасидан берилган саволларга зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 

Навоий вилоят суди судьяси

Гулнафис Худайбердиева

Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.

Бу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилишга қаратилган, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб берувчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси 2020 йил 22 июнь қабул қилинган эди.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш билан бирга инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишларнинг мазмун моҳиятини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7-февраль кунидаги ПҚ-46-сонли қарорига кўра Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг тасдиқланиши бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда яна бир муҳим қадам бўлди.

Миллий таълим дастурида қайд этилишча, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида олиб борилган мониторинг натижаларида таълим муассасаларида «Инсон ҳуқуқларини ўрганиш» махсус ўқув курсини ўқитиш тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги, ҳатто мазкур фанлар мутахассис бўлмаган ўқитувчилар томонидан ўқитилаётганлиги, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича малакасини ошириш ишларини тизимли йўлга қўйилмаганлиги, соҳадаги бу каби бошқа камчиликлар мамлакатимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, уларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг шаклланишига, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларининг ошишига тўсқинлик қилаётганлиги, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этишга зҳтиёж мавжудлигини кўрсатган.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида мазкур Дастур ишлаб чиқилган.

Дастурнинг асосий мақсади БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, шунингдек, аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборат бўлиб, унинг асосий вазифалари, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш, давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимининг самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборатдир.

Мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Дастурда ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш, давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бериш тизимининг самарадорлигини ошириш йўналишларида муҳим вазифалар белгилаб берилган.

 

Навоий вилоят судининг судьяси

Турғун Қаҳҳоров

Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сон Қарорининг 12-банди ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 17 февраль куни Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев ва жиноят ишлари бўйича туман суди раиси А.Қурбоновлар томонидан тумандаги 18-сонли мактабда тарғибот тадбири ўтказилди.

Мазкур тадбирда мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этиб, суд раислари томонидан тадбир иштирокчиларига юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, юртимизда инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида мустаҳкам қонунчилик тизими барпо этилганлиги, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир конституциявий қонунлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилганлиги, шунингдек, давлатимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳим вазифа эканлиги борасида фикрлар айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, тадбирда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш, уларга қарши курашиш ва ушбу ҳолатларнинг салбий оқибатлари тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси

Дилшод Турдиев

ОИЛАНИ АСРАНГ, АЗИЗЛАР!

 Биз инсонлар Оилани муқаддас даргоҳ дея таърифлаймиз. Чунки, мустақил ҳаётга шу даргоҳ остонасидан қадам ташланади.

Шу боисдан ҳам юртбошимиз оила муқаддас урф-одатларимизни ҳимоя қиладиган, ҳаётнинг абадийлиги, авлодлар ворисийлигини таъминлайдиган ва шу билан бирга, ёш авлодга бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканлигини доимо таъкидлайдилар.

Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг маъсуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.

Йигит ва қизнинг хоҳиш-иродаси билан қонуний никоҳ жойлардаги  фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади ва давлатимиз герби тушурилган  никоҳ гувоҳномаси уларга тантанали равишда топширилади.

 Муқаддас оила даргоҳига пок қадамлар билан кириб келгач, энди ёш эр ва хотин зиммасига ушбу даргоҳни асраб авайлаш, яъни бир-бирига ҳурмат-иззат, вафодорлик, атроф-муҳитга зийраклик билан теран қараш, оилада пайдо бўладиган келишмовчилик ва кичик-кичик жанжалларда сабр-тоқатли бўлиш, асабни, тилни жиловлаш, ота-оналарнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳамда болаларни тарбиялаш ва ҳ.з муҳим мажбуриятлар тушади. 

Афсуски, ана шундай ҳаёт синовларига бардош бера олмаётган эр ёки хотинлар жаҳл отига ҳамроҳ бўлиб, муқаддас оилани барбод қилаяпдилар. Иш судларда эр ва хотинни никоҳдан ажратиш ҳақидаги ҳал қилув қарорлари чиқарилиши билан якун топаяпди.

 Судлов ҳайъати мажлисида фуқаролик ишлари бўйича туман, туманлараро судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан тарафларнинг бири томонидан берилган апелляция тартибидаги шикоятларни кўришда ёхуд судларда никоҳдан ажралиш тўғрисидаги фуқаролик ишларини ўрганар эканман, баъзан майда-чуйда икир-чикирлар, ён атрофдагиларнинг, оила аъзоларининг таъсири, турли миш-мишлар сабаб ҳам гулдек оилаларга дарз кетаётганлигига ачинаман.

Ажралиш сабаби қизларимизнинг келин бўлиб тушган хонадонда қайнона-қайнотанинг, эрнинг ҳурматини жойига қўймаганлиги ёки рўзғор ишларини бажармаганлиги, тилининг аччиқлиги ёхуд хиёнат, шунингдек, қайнона-қайнота, айниқса ёш эр ва хотиннинг Онажонлари, қариндошларнинг оила муҳитига совуқчилик тушурганлиги.

Яна бир асосий сабаб сабр-тоқат, бош ёрилса дўппининг тагида, ойнинг ўн беши қоронғу бўлса ўн беши ёруғ каби азалий қадриятларимизга ёш оила соҳиби ва соҳибалари ён бермаяпдилар. Уларнинг энг катта хатоси ҳам ана шунда. 

Жойлардаги МФЙ, Оила ва хотин-қизлар бўлимларининг вазифаси ҳудудларидаги кичик бўлсада жанжали бор оиладан ўз вақтида бахобар бўлиш, муаммоларини аниқлаб бартараф қилишда ёрдам бериш, уларни тўғри йўлга солиш учун астойдил ҳаракат қилиб, тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек суд қарори билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантиришдан рад этилган эр ва хотинни эътибордан четда қолдирмасдан оила тикланиши учун бошқача ҳаракат усулларини бошлашдан иборат бўлса, биз судьяларда эса иши судгача етиб келган эр ва хотинни қарор қабул қилиш йўли билан никоҳдан ажратиш эмас, суд мажлисларида эр ва хотиннинг ҳар бири юрагига етиб борадиган тарбиявий аҳамияти катта бўлган насиҳатларни қилишдан эринмаслик(ҳеч бўлмаганда даъво рад этилганидан кейин насиҳатларни 50 тадан 20 таси олса ҳам бу ютуғимиз), қайд этилган маҳаллий бўлимлар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, муҳлат тайинлаш ҳақидаги суд ажрими муҳокамаларида иштирок этиш, оиланинг тикланишини таъминлаш масъулияти бўлиши шарт.

 

Ибодат Шоймардонова

Навоий вилоят суди судьяси

 

 

Вилоят суди судьялари томонидан янги таҳрирдаги Меҳнат кодексинингмазмун-моҳияти юзасидан давра суҳбати ташкил этилди

Навоий вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсида вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари Г.Худайбердиева ҳамда Ф.Ҳамидовлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисидаги ЎРҚ-798 сонли Қонуни мазмун-моҳияти ёритиб берилди.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 2-боби яъни, “Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар”га алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон Президенти томонидан жорий йилнинг 28 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ-798 сонли қонунини имзолаган бўлиб, унга асосан янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилинган. 1995 йилдаги биринчи таҳриридан фарқли равишда, унда мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслик кабилар асосий принцип этиб белгиланган. Давлат эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлаши ҳақида бандлар киритилгани тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Янги таҳрирда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланди:

·                     меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;

·                     меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;

·                     меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;

·                     меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;

·                     ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги.

Хусусан, меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.

Шунингдек, давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Мазкур тоифага қуйидагилар киради:

·                     14 ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар;

·                     умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактаблари ва коллежлари ҳамда техникумларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;

·                     «Меҳрибонлик» уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;

·                     Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;

·                     ногиронлиги бўлган шахслар;

·                     пенсияолди ёшидаги шахслар (қонунда белгиланган пенсия ёшига қадар икки йил олдин); жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар ёки суднинг қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;

·                     одам савдосидан жабрланганлар.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради. Қонун кучга кириши билан унинг аввалги талқини ўз кучини йўқотади.

Учрашувда судьялар мавзу юзасидан МФЙ раислари томонидан берилган саволларга батафсил тушунтириш бериб ўтдилар. Шунингдек, семинар иштирокчиларига янги таҳрирдаги “Меҳнат кодекси”га оид инфографика ва буклетлар тарқатилди

Кун тартибидаги масала юзасидан иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар ва мавзу юзасидан таклифлари ҳамда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

 

Гулнафис Худайбердиева

Навоий вилоят судининг судьяси 

Солиқ ҳисоботини топширмаслик оқибати

Солиқ тўловчининг ҳар бир солиқ тури ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китобларни ва солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ҳамда солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган, солиқ тўловчиларнинг ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлари солиқ ҳисоботи ҳисобланади.

Солиқ ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган шаклларда тузилади.

Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шаклда қоғоз ёки электрон шаклда Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодекси (бундан буён матнда СК деб юритилади)га мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.

СКнинг 273-моддасига кўра, солиқ тўловчилар, агар ушбу бобда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ ҳисоботини ўзлари солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органларига ўтган солиқ давридан кейинги ойнинг йигирманчи кунидан кечиктирилмаган муддатда тақдим этишлари шарт.

Солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Солиқ тўловчи томонидан солиқ органига молиявий ва (ёки) солиқ ҳисоботи бундай ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугаганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилмаганда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида солиқ органи томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга қарор қабул қилинади. Ўн кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор эса солиқ органининг илтимосномасига асосан фақат суд томонидан қабул қилиниши мумкин. Бунда банклар томонидан солиқ тўловчининг барча ҳисобварақлари бўйича барча чиқим операциялари тўхтатиб турилади.

Шуни таъкидлаш керакки, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақ бўйича операцияларнинг тўхтатиб турилиши фуқаролик қонунчилигига мувофиқ биринчи навбатда кўрсатилган тўловларга, шунингдек қонунчиликка мувофиқ ундирувга йўл қўйилмайдиган банклардаги ҳисобварақларга татбиқ этилмайди.

Ҳозирда тегишли солиқ органлари томонидан ушбу тоифадаги аризалар билан иқтисодий судларга мурожаат қилиш сони тобора ортиб бораётганлиги кўпгина солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбурияти ўз вақтида бажарилмаётганлигидан далолат бермоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мажбурият тегишли даражада ва муддатда бажарилиши лозим, акс ҳолда унинг оқибатлари мажбуриятни бузган шахсга ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатиши мумкин.

 

Шерзод Ғофуров

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси

 

 

Судлар ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш йўлида

Ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда шаҳар халқ таълими бўлими ўртасида тузилган Меморандум ижросини таъминлаш мақсадида Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров томонидан Зарафшон шаҳридаги 12-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчилари иштирокида ҳуқуқий дарс соати ўтказилди.

Ҳуқуқий дарс соати жараёнида ҳуқуқ соҳаларининг моҳияти ўқувчи ёшларга тушунтириб ўтилди ҳамда уларнинг саволларига амалиётчи мутахассис томонидан тушунтириш берилди.

 

Шерзод Ғофуров

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси

Учқудуқ тумани судлари томонидан Президент Фармонининг мазмун-моҳияти оммага етказилмоқда

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев, жиноят ишлари бўйича туман суди раиси А.Қурбонов ва фуқаролик ишлари туман суди раиси А.Жумаевлар томонидан Учқудуқ туман “Йўлчилар” овул фуқаролар йиғинида тарғибот тадбири ўтказилди.

Даставвал, ахоли ва тадбиркорлик субъеткалари иштирок этган тадбирда суд раислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сон Фармонлари мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтирилди.

Давра суҳбати давомида мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш эканлиги хусусида фикрлар юритилди.

Шунингдек, учрашув давомида туманда содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кредит ҳамда қарз ундириш масалалари, уй-жой билан боғлиқ низолар, оилавий низолар ва алимент ундириш билан боғлиқ масалалар, мерос ва мол-мулк билан боғлиқ низоли бўйича суҳбатлашилди.

Конституциямизнинг 63-моддасида белгилаб қўйилганидек, «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади».

Оила жамият таянчи сифатида юрт иқболи ва истиқболини белгилайди. Жамиятимизнинг ана шу асосий бўғини барча эзгу қадриятлар, хайрли ният ва мақсадлар, фаровонлик одимлари ундан бошланиб, ҳар бир оиладаги аҳиллик, ҳамжиҳатлик, яратиш ва бунёдкорлик, маҳаллалар, шаҳар ва туманлар, вилоятлар, пировардида мамлакат равнақи ва саодатини белгилайди.Шунинг учун ҳам оила муқаддас ҳисобланади. Ҳар бир оилада тотувлик барқарор бўлиши, оилаларнинг мустаҳкам бахт-иқбол қўрғонига айланиши, Ватан ичра ушбу мўъжаз ошёнларда авлодлар бардавомлиги ва уларнинг оқилу комил, эл хизматига ка­марбаста қобил инсонлар бўлиб улғайиши кўплаб омилларга боғлиқ.

Жумладан, 2023 йилнинг январь ойи давомида тумандаги оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича суд томонидан олиб борилган ҳуқуқий тушунтириш натижасида беш нафар оила яраштирилганлиги бўйича сўз юритилди.

Шунингдек, 4 нафар фуқаронинг қарз ундириш бўйича ҳамда 3 нафар фуқаронинг алимент ундириш юзасидан қилган мурожаати юзасидан суд раислари томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Анвар Жумаев

 

Фуқаролиқ ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Перейти к содержимому