Qidiruv:

Сайёр қабулда беш нафар фуқаро муддатидан олдин жазодан озод этилди

Навоий вилоят суди раиси ўринбосари Тимур Абраманов, жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди раиси Мақсуд Райимов томонидан Конимех туманида сайёр қабул ўтказилди.

– Унда 32 нафар фуқаро иштирок этди, – дейди жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди раиси Мақсуд Райимов. – 11 нафар фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилган бўлса, қолган мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, муаммолар ечими юзасидан қонун талаби асосида ҳал қилиниши учун тегишли ташкилотларга юборилди. Бундан ташқари, 5 нафар фуқаронинг ўталмаган жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисидаги илтимосномалари кўриб чиқилиб қаноатлантирилди.

Фуқаро Эркин Турсинбаев жиноят ишлари бўйича Конимех туман судининг 2021 йил 17 февралдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан ЖКнинг 45-моддасига асосан 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди. Сайёр қабулда у тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини бекор қилишни сўраб мурожаат қилди. Суд эса унинг жазони ўташ даврида белгиланган тартиб ва қоидаларга амал қилганлиги, бирор марта ножўя хатти-ҳаракатлар содир қилмагани, тайинланган жазонинг учдан бир қисмидан кўпроғини ҳақиқатда ўтаганлиги, шу сабабли ўталмай қолган транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сайёр қабул давомида судьялар томонидан суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, шунингдек, суд тизимида қабул қилинган сўнгги қонун ва фармойишлар мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди.

АЖРИМ ЁКАСИДАГИ ЯНА БИР ОИЛА ЯРАШТИРИЛДИ

Қадриятларимизга кўра, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, дарз кетган оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади.

Бу борада мутасадди идоралар, хусусан Зарафшон шаҳар ҳокимлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди томонидан ўтказилаётган тарғибот тадбирлари ҳамда сайёр қабуларда кенг кўламли тушунтириш ва ташвиқот ишлари олиб борилиб, оилавий ажримларнинг салбий жиҳатлари ва оқибатлари оила қурган ва қурмоқчи бўлган ёшлар ва уларнинг ота-оналарига тушунтириб келинмоқда.

Албатта, бу ўзининг ижобий самарасини бериб, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг ярашишига ҳамда эр-хотин ўртасидаги мўайян тушунмовчиликларнинг бартараф этилишига олиб келмоқда.

Жумладан, ана шундай оилалардан бири бўлган Зарафшон шаҳридаги «А.Навоий» МФЙда яшовчи Р.М. 2021 йил 30 июль куни фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда турмуш ўртоғи А.А. билан ўрталарида тузилган қонуний никоҳни бекор қилишни сўраган.

Суд томонидан мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида тарафларнинг биргаликдаги турмушидан бир нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, оиладаги ўзаро келишмовчиликлар сабабли оила ажрим ёқасига келиб қолганлиги аниқланиб, мазкур ҳолатлар ҳамда оилани сақлаб қолиш имкони борлиги инобатга олинган ҳолда суднинг ажрими билан оилани яраштириш чораларини кўриш учун тегишли муҳлат берилиб, мазкур муддат мобайнида тарафларнинг ўзаро ярашиб олишлари учун суд томонидан зарур чоралар кўрилган.

Натижада, тарафлар суд томонидан ярашиш учун берилган ушбу муддатдан унумли фойдаланиб, ўрталарида мавжуд бўлган тушунмовчиликларни ўзаро бартараф этишиб, ўз оиласининг тикланишига эришдилар.

Бу эса ўз навбатида, вояга етмаган фарзанднинг ўз ота-онаси бағрида улғайиб, меҳрга зор бўлмаслигига, шунингдек эр-хотин ўртасидаги турли низоларни ҳамда улар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган турли ноҳуш оқибатларнинг олдини олишга имкон яратди.

Юқорида келтирилган ҳолатлардан келиб чиқиб, мазкур хайрли ишлар келгусида ҳам фаоллик билан ҳамкорликда давом эттирилиб, бу борада мақсад қилинган оилавий ажримлар сонини камайтириш, вояга етмаган бегуноҳ фарзандларнинг тирик етим қолишини олдини олиш, аёлларни оилавий ажримдан сўнг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолишидан сақлаш ва бунинг натижасида оғир салбий оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш учун муносиб ҳисса қўшиб борилади, албатта.

Анвар Шукуров

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарафшон туманлараро суди раиси

Навоийда 2021 йилда судлар томонидан 300 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган 

Навоий вилоятида 2021 йилда қасддан баданга шикаст етказиш, ҳақорат қилиш, фирибгарлик, пора бериш ҳамда ўғрилик жиноятлари ошган. Бу ҳақда вилоят судида ўтган йил якунларига бағишланган брифингда маълум қилинди.

Таъкидланишича, 2021 йилда Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан жами 1 676 нафар шахсга нисбатан 1 282 та жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан 847 та иш бўйича ҳукм чиқарилган, 431та иш эса тугатилган. Ўтган йилда 146 нафар аёлга ҳамда 680 нафар ёшга нисбатан жиноят ишлари кўрилган. Шунингдек, ушбу даврда 18 та жиноят иши бўйича 29 нафар шахс судлар томонидан оқланган. 

2021 йилда судланган 1 154 нафар шахснинг 104 нафарига жарима, 2 нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 15 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 391 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 342 нафарига озодликни чеклаш, 300 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йилда кўрилган ишлар таҳлил қилинганида, қасддан баданга шикаст етказиш 108 тага, ҳақорат қилиш 6 тага, фирибгарлик 92 тага, пора бериш жинояти 38 тага ҳамда ўғрилик 48 тага ошганлиги маълум бўлган. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар 26 тага, қасддан одам ўлдириш 9 тага, вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш 13 тага камайган.

Бундан ташқари, вилоятда 2021 йилда фуқаролик судлари томонидан 16 797 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Кўрилган ишларнинг 769 таси ёки 4,5 фоизи алоҳида тартибда юритиладиган ишлар билан боғлиқ, 3 694 таси оила низолари билан ва 10 091 таси битим билан боғлиқ ишларни ташкил этади. Вилоят иқтисодий судлари томонидан эса 3 559 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилган ишлар бўйича 276 млрд 130,2 млн сўм миқдордаги қарз ва етказилган моддий зарарларни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Шундан хусусий тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектлари фойдасига 57,8 млрд сўм ундирилган.

Навоий вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 2021 йил давомида 931 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ маъмурий ишлар кўриб чиқилиб, 788 таси қаноатлантирилган ва 98 таси рад қилинган. 

Навоийда 2021 йилда 147 та ҳолатда мансабдор шахсларнинг қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган

Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йилда 1676 нафар шахсга нисбатан 1282 та жиноят иши кўриб тамомланган.

Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 413 тага, шахслар сони эса 609 тага кўпайган.  
Бу ҳақда Навоий вилоят судида судлар томонидан 2021 йилда одил судловни амалга ошириш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди. Таъкидланганидек, тамомланган ишлардан 1198 нафар шахсга нисбатан 847 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган.  Ҳукм чиқарилган ишлар сони 255 та ёки қарийиб 44 фоизга кўпайган. 

– Якунланган йилда 473 нафар шахсга нисбатан 431 та иш тугатилган бўлиб, шундан 451 нафар шахсга нисбатан 416  та жиноят иши ЖК тегишли моддасига асосан тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ёпилган, – дейди вилоят суди судяси Азиз Сафаров. – Ушбу даврда аёлларга нисбатан 126 та, ёшларга нисбатан 562 та, 48 нафар 60 ёшдан ошган фуқароларга нисбатан жиноят ишлари кўрилган. 39 та жиноят иши бўйича моддалар айбловдан тўлиқ чиқарилган. 18 таси бўйича модда бандлари чиқарилган бўлса, 28 таси бўйича бошқа моддаларга, 72 таси бўйича модданинг бошқа қисмига малакаланган. Фуқаролик судлари томонидан эса 2021 йилда жами 16 минг 797 та фуқаролик ишлар кўриб тамомланган. Шундан 7412 таси ёки 44 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган. 

– Кўрилган ишларнинг 769 таси алоҳида тартибда юритиладиган ишлар билан, 3694 таси оила низолари, 10091 таси турли битимлар билан боғлиқ ишларни ташкил этиб, судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8828 тага кўпайган, – дейди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ихтиёр Қосимов. – Йил давомида ихтиёрий тўланган давлат божи миқдори 3,3 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, суд қарорларига асосан 11 миллиард сўм миқдорида давлат божи ундирилган.  
Иқтисодий судлар томонидан ҳисобот даврида одил судловни амалга ошириш юзасидан жами 3559 та иш кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 1819 таси ёки 51,1 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

– Кўрилган ишларнинг 211 та суд мажлиси видеоконференц алоқа режимида ўтказилган, – дейди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Темур Абдураманов. – Бунда 397 нафар вакиллар ўз ҳудудларида иштирок этиб, уларнинг қарийиб 89 миллион сўм маблағлари тежалган. Кўрилган ишларнинг  2347 таси фуқаролик ҳуқуқий, 932 таси маъмурий ҳуқуқий, 12 таси банкротлик, 9 таси корпоратив муносабатларга оид ишлардир.  

2021 йил мобайнида Навоий вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 931 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ маъмурий ишлар кўриб тамомланган бўлиб, шундан 788 таси қаноатлантирилган, 98 таси рад қилинган, 27 таси иш юритувдан тугатилган ҳамда 18 та ариза кўрмасдан қолдирилган. 

– Ўтган йил давомида мансабдор шахсларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ 147 та иш кўриб тамомланган бўлиб, уларнинг 108 таси ҳокимликларга тегишли қарорлардир, – дейди вилоят Маъмурий суди раиси Акмал Муродов. – Шунингдек, ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 211 маротаба хусусий ажримлар чиқарилган. Уларнинг 195 таси бўйича жавоблари олинган, қолганлари бўйича қонунда белгиланган муддатлари мавжуд. 

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ва журналистлар ўзларини қизиқтирган суд-ҳуқуқ соҳаси билан боғлиқ саволларига батафсил жавоб олди. 


Навоий вилоят суди ва МИБ ўртасида ҳамкорлик масалаларига бағишланган семинар ўтказилди

Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чора – тадбирлар амалга оширилди.

Суд қарорлари ижросини таъминлашнинг бугунги кун ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишда истиқболдаги устувор вазифа ҳисобланади.

Таҳлилларга кўра, мажбурий ижро Бюроси органлари иш юритувига қабул қилинган 89 мингта ёки 76 фоиз ҳужжатлар судларнинг ҳисобига тўғри келмоқда.

Шу боис, Навоий вилоят судида фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва мажбурий ижро бюроси ҳамкорлигида, суд ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш мақсадида семинар ташкил этилди.

Семинардан асосий мақсад, бюро органлари билан судлар ўртасида ижро ҳужжатларини ижрога қаратишда йўл қўйиладиган муаммо ва уларнинг ечими борасида ҳамкорликда амалга ошириладиган зарур чора-тадбирларни белгилаш;

– суд қарорлари бўйича ижро ҳужжатларини тузишда Ўзбекистон Республикасининг ФПК ва Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунинг 8-моддаси талабларига қатъий амал қилиш ва суд қарорларини ўз вақтида ижрога қаратиш;

– суд қарорлари юзасидан ижро ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунинг 8,24-моддасига асосан асоссиз қайтариш ҳолатларини олдини олиш;

–  суд қарорлари ижросини ўз вақтида таъминлаш орқали фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ва бузилган ҳуқуқларини амалда тиклашдан иборат.

Бугунги семинар машғулоти танқидий руҳда ўтган бўлса-да, судлар томонидан ижро ҳужжатларини қонун талаблари асосида расмийлаштириш ва уни ўз вақтида ижрога қаратиш ишларини янада яхшилашга, мажбурий ижро бюроларига ижро ишларини қонунда назарда тутилмаган асосларсиз қайтариш амалиётига чек қўйишга, шунингдек, семинар машғулоти иштирокичилари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни яхшилашга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ижро этилиши аҳолининг, қолаверса тадбиркорларнинг одил судловга ва давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Семинар сўнггида, суд ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш ҳамда келгусидаги фаолиятни яхшилаш мақсадида «E-XSUD” ва «MIB Portal” дастурлари орқали электрон юборилаётган ҳужжатлардаги муаммоларни сарсонгарликка йўл қўймасдан биргаликда бартараф этиш шунингдек, дастур орқали киритилаётган хар бир маълумотнинг тўғрилиги ва ижро ҳужжатидаги маълумотларнинг мослигига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Умид Раупов

Навоий вилоят суди судьяси

Skip to content