Qidiruv:

Вилоят судида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун муносиб нишонланди

1991 йил 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун: Ғурур ва ифтихоримиз рамзи

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.

Республикамиз фуқаролари учун ватанимизнинг муқаддас рамзи – Давлат байроғи азиз. У маънавиятнинг энг муҳим тимсолидир. Шу боис, байроғимизга назар солганимизда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз. Ўзида жуда катта маъно-мазмунни мужассам этган, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, ўзида бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган байроғимиз сайёрамиздаги барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазовордир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган. Оқ рангли янги ой ва ўн иккита беш қиррали юлдузнинг тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 70×30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган. Оқ рангли янги ой вертикал ҳолатда дўнг томони дастага қаратилган, дастадан 20 сантиметр масофада жойлаштирилган бўлиб, диаметри 30 сантиметрли доирага сиғади. Ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр.

Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта юлдуз. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади.

Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиздан ғурурланамиз.

Давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз, айниқса, ёш авлод ёдда тутиши мақсадга мувофиқдир. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир.

Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!

                                                          Вилоят судининг кадрлар бўлими бош консультанти
                                                                                                                                 Зокир Зойиров

Навоий вилоят суди раисининг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди

Навоий вилоят суди, Навоий вилоят маъмурий суди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Навоий вилоятидаги Халқ қабулхонаси, Ёшлар ишлари агентлиги Навоий вилоят бошқармаси ҳамда Навоий вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тасдиқланган, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари муаммолари билан ишлаш, ечимини кутаётган масалаларни “Маҳаллабай”  ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этиш бўйича Навоий вилоят суди раҳбариятининг 2022 йилнинг 4-чораги давомида туман ва шаҳарларда ўтказиладиган сайёр қабуллар Режасига мувофиқ, 2022 йил 17 ноябрь куни Навбаҳор туманининг “Навкар” маҳалла фуқаролар йиғинида Навоий вилоят судининг раиси бошчилигида, тумандаги судлар раислари билан биргаликда сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда жами 6 та оғзаки мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, жойида ҳал этилди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 3 таси жиноят ишлари бўйича, 1 таси фуқаролик ишлар бўйича, 1 таси маъмурий ишлар буйича мурожаатлар бўлса, 1 таси бошқа идораларга оид мурожаатларни ташкил этади.

Шунингдек, сайёр қабулда Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан сайёр суд мажлислари ўтказилиб, ўзаро келишмовчиликлар натижасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган 5 нафар шахсга нисбатан 3 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилди.

 

Кўрилган ишлардан 1 та оила яраштирилди, 4 шахсга оид 2 та иш бўйича тарафалар ярашганлиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиниб, иш ярашув асосида тугатилди.

Навоий вилоят судида Судьялар малака ҳайъати ҳузурида ташкил этилган Судьялар одоб комиссиясининг навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди

Судьялар ҳамда суд органларида кўп йиллаб фаолият юритган фахрийлар иштирокида бўлиб ўтган ушбу йиғилишда тизимда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, жамиятда юриш-туриш қоидаларига, касбий мулоқот ва фаолият жараёнида белгиланган тартибларга риоя этилишини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда суд органлари фаолиятининг мустақиллигига эришилди. Суд жараёнлари эса очиқ ва ёпиқ кўринишда ташкил этиб борилади.

Баъзи ҳолатларда, айниқса процесс якунлангач, судда ютқазган тарафлар судларни нохолисликда айблаб, шикоят аризаси киритади. Аммо бу танганинг бир томони. Танганинг иккинчи томони, яъни судда ютган шахсларнинг фикрларини ҳам шу ўринда инобатга олиш лозимлиги унутиб қўйилмоқда. Шу сабабдан ҳам йиғилишда суд органлари билан журналист ва блогерлар ўртасидаги ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш таъкидлаб ўтилди.

 

Судьялар одоби кодекси қоидалари бузилишининг олдини олиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, ўрганишлар юзасидан зарур тавсиялар берилди ва келгусидаги режалар белгилаб олинди. 

 

Вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий
ахборот воситалари билан алоқалар бўлими

Шахмат бўйича вилоят судининг саралаш боcқичи ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида соғлом муҳитни шакллантириш мақсадида жорий ойда судьялар ўртасида шахмат мусобақасини ўтказиш режалаштирилган.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 12 ноябрь кунида Навоий вилоят ва Навоий вилоят маъмурий судлари судьялари ўртасида шахмат бўйича мусобақанинг саралаш ўйинлари ўтказилди ва ғолиблар аниқланди.

Мусобақанинг республика босқичида қатнашиш учун 2 нафар  судьянинг номзоди Судьялар олий кенгашига юборилди.

 

Вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий
ахборот воситалари билан алоқалар бўлими

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги Қонуннинг мазмун-моҳияти очиқ мулоқотда муҳокама қилинди

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси биносида 2022 йил
9 ноябрь куни Кармана туманлараро иқтисодий суди ва Навоий вилоят суди судьялари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси, Навоий вилоят давлат активларини бошқариш бошқармаси, шунингдек Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда, Навоий шаҳар Давлат солиқ инспекцияси ва Навоий вилоятида фаолият кўрсатувчи суд тугатиш бошқарувчилари иштирокида очиқ мулоқот учрашуви ўтказилди.

Ушбу тадбирни ташкил этишдан мақсад, асосан Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади)нинг қисқача мазмун моҳиятини тушунтириш ҳамда “Тўловга қобилиятсизлик” ишлари бўйича тугатиш (суд) бошқарувчилари томонидан тугатишга оид ишларни олиб боришда юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга бағишланганлигини, қарздорни соддалаштирган тартибда “тўловга қобилиятсиз” деб топиш тўғрисидаги аризалар билан асосан солиқ идоралари судга мурожаат қилишини,  мазкур Қонун талабларини бажаришда эътибор берилиши лозим бўлган ҳолатларга тўхталиб ўтиб, қарздорни соддалаштирган тартибда “тўловга қобилиятсиз” деб топиш тўғрисидаги аризалар қаноатлантрилганда, суд томонидан тугатиш ишларини олиб боришга масъул бўлган суд тугатиш бошқарувчиси тайинланишини, суд тугатиш бошқарувчилари тугатиш ишларини олиб боришида айрим муаммолар юзага келаётганлигини, бу муаммоларни масъул идоралар билан бирга ечимини топиш лозимлигини билдирди.

Йиғилишда иштирок этаётган суд тугатиш бошқарувчилари тугатиш ишларини олиб боришда юзага келаётган муаммолар ҳақида ўз фикрларини билдиришди, хусусан банкрот деб топилган корхоналарни расмий газеталарда чоп эттиришда молиявий қийинчиликлар борлиги, айрим давлат идораларидан банкрот бўлган корхоналарнинг мол-мулки ва бошқа молиявий хўжалик фаолияти билан боғлиқ ахборотларни олиш учун мурожаат қилинганда, ушбу ахборотлар ўз вақтида берилмаётганлиги ёки тўлов қилиш лозимлигини айтишаётганликлари, банкрот бўлган корхоналардан солиқ идоралари инкассо топшириқномаларини олмаётганликлари, тижорат банклари махсус тугатиш ҳисоб рақамини очиб бермаётганликлари ва шунга ухшаш фикрларини билдиришди.

Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари сўзга чиқиб, суд тугатиш бошқарувчиларининг тугатиш ишларини олиб боришида юзага келадиган ҳар қандай муаммоларини қонун доирасида ҳал қилишга ёрдам беришини маълум қилишди.

               Шунингдек, тадбир давомида суд тугатиш бошқарувчиларидан тушган саволларга ҳуқуқий тушунчалар берилди.  

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари суд ҳимоясида мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 29 январда Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори қабул қилинганлиги маъмурий судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъекларини ҳуқуқларини ҳимоя қилишга асос бўлувчи муҳим ҳужжат бўлди.

Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Олий суд ҳамкорлигида жорий йилнинг 5 ноябрида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар маъмурий судлар судьялари Адлия бошқармаларининг давлат хизматлари марказлари ва интелектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ходимлари онлайн тарзда иштирок этишди.

Семинар-тренингда тажрибали судьялар ва мутахассислар томонидан маъмурий органлар қарорлари ва харакатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ҳамда Давлат хизматларини кўрсатиш ва интелектуал мулк соҳасидаги давлат органлари қарорлари ва харакатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга шикоят қилиш ҳақидаги низоларни судда кўриш амалиёти  ва  ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ масала ва муаммолар қизғин муҳокама этилди.

Семинар-тренингда Судьялар олий мактаби профессор ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ва бошқа судьялар томонидан “Маъмурий органлар қарорлари ва харакатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш сабаблари ва муаммолари”, “Давлат хизматларини кўрсатиш ва интелектуал мулк соҳасидаги давлат органлари қарорлари ва харакатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга шикоят қилиш бўйича ишларни маъмурий судда кўриш амалиёти” мавзуларидаги маърузалар қилинди.

Семинар иштирокчилари томонидан амалиётда юзага келаётган муаммолар, айрим қонуности ҳужжатларидаги бўшлиқлар тўғрисида ҳамда низоларнинг ечими ва фуқаролар оворагарчиликларининг олди олиш чораларига эътибор қаратилди.

 

Семинар-тренинг якунида фуқароларимизни қийнаётган ва ортиқча оворагарчиликларига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш борасида қонунчиликни такомиллаштириш тўғрисидаги таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

Судлар билан ҳамкорликда сайёр қабул ўтказилди

Жорий йилнинг 08 ноябрь куни Навоий вилоят суди, Навоий вилоят адлия бошқармаси, Навоий шаҳар адлия бўлими ва Навоий шаҳар давлат солиқ инспекцияси вакиллари томонидан Навоий шаҳридаги 11-сонли умумий ўрта таълим мактаби биносида Навоий шаҳар, “Мустақиллик” ва “Турон” МФЙ фуқаролари билан сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда фуқароларнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий масалари кўриб чиқилиб, 7 нафар фуқароларга мавжуд муаммолари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлари берилди.

Бундан ташқари, сайёр қабул давомида фуқароларга судларга даъво аризалар билан мурожаат қилиш тартиби тушунтирилиб, бандлик, уй-жой таъминоти билан боғлиқ мунсабатлар, солиқ ва коммунал тўловларни тўлаш, иш стажини тиклаш ва имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш каби бир қатор масалаларда саволларга жавоб берилди.

Баҳронов Азизжон Файзуллоевич
Навоий вилоят суди судьяси

Вилоят суди раисининг Конимех туманида сайёр қабули ўтказилди

Жорий йилнинг 08  ноябрь  куни Конимех тумани “Гулистон” МФЙда Навоий вилоят судининг раиси Ҳ.Қудратов иштирокида фуқаролар ва тадбиркорлик субьектлари муаммолари билан ишлаш, ечимини кутаётган масалаларни “маҳаллабай” ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этиш бўйича сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда 21 нафар фуқаро мурожаат этиб шундан 5 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ҳал этилиб, қолган фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек қабул жараёнида жиноят ишлар бўйича Конимех туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, 2 нафар шахс тайинланган жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод этилди ва улар томонидан судга ташаккурномалар тақдим этилди.

Сайёр қабул давомида мурожаат этувчиларнинг 4 нафари пенсия таъминотига оид, 3 нафари мерос маласида, 6 нафари алимент масаласида, 5 нафари кредит масаласида қолган 3 нафари эса моддий ёрдам ажратиб бериш тўғрисидаги мурожаатларига ҳуқуқий тушунтириш ишлари амалга оширилди.

Вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий
ахборот воситалари билан алоқалар бўлими

Алохида тартибда кўриладиган ишларининг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон Республикаси фуқаролик процессуал кодексининг II-бўлимининг 3-кичик бўлими алохида тартибда иш юритиш деб номланган бўлиб, мазкур кичик бўлимда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан алохида тартибда кўриладиган ишларнинг турлари ва судда  кўришнинг процессуал  тартиби нормаланган.

Алохида тартибда кўриладиган ишлар бўйича процессуал олимлар бир қанча таърифларни илгари сўрадилар.

Жумладан, марҳум процессуалист олим Ш.Ш.Шорахметов фикрича, алоҳида тартибда кўриладиган ишларда – ҳуқуқ тўғрисида низо бўлмагани туфайли тарафлар, яъни жавобгар, даъвогар, учинчи шахслар ҳам бўлмайди, фақат ўз муддаосини айтиб, судга мурожаат қилувчи аризачигина ва бошқа манфаатдор шахсларгина бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам алоҳида тартибда кўриладиган фуқаролик ишларида баъзи фуқаролик процессуал нормаларнинг, масалан, шерик иштирокчилик, тегишсиз тарафни тегишли тараф билан алмаштириш, келишув битими тузиш ва шу каби процессуал ҳаракатларга оид нормалар қўлланилмаслиги мумкин.

Ўзбекистон Республикаси фуқарорлик процессуал кодексининг 293-моддасига кўра қуйидаги ишлар алохида тартибда кўриладиган ишлар жумласига киради:

1) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги;

2) болани фарзандликка олиш  ҳақидаги;

3) фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги;

4) фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги;

5) шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;

6) шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;

7) вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) тўғрисидаги;

8) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш ҳақидаги;

9) тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш (чақириб иш юритиш) тўғрисидаги;

10) йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги.

Мазкур  руйхат тугал бўлиб бошқа талаблар юзасидан қўзғатилган фуқаролик ишларини алохида тартибда кўриб чиқишга йўл қуйилмайди.

Лекин фуқаролик процессал кодексида алохида тартибда кўриладиган ишлар бўйича таъриф берилмаган. Кодекснинг алохида тартибда кўриладиган ишларга бағишланган моддаларининг умумий мазмунидан англаш мумкинки, бу туркумдаги фуқаролик ишлари низосиз бўлиб тараф судга ўзининг муддаосини тасдиқлаш учун мурожаат қилади. Яьни аризачида бирон бир шахсга нисбатан низоли талаб бўлмайди ва ўзининг муайян мақсадига эришиш учун суд процессига мақсадли ташаббуси билан кириб келади.

Шунга кўра етук ҳуқуқшунос олим Ш.Шорахметовнинг алохида тартибда кўриладиган ишларга берган таърифига қўшиламиз.

Бундан ташқари алохида тартибда кўриладиган ишларнинг даъво тартибда кўриладиган ишлардан фарқли жихатлари хам мавжуд, яьни даъво тартибида кўриладиган ишларнинг аксарияти жавобгар яшаб турган ёки жойлашган манзилдаги судларга ёки баъзилари даъвогарнинг танлови бўйича (мисол учун алимент ундириш тўғрисидаги талаб) судловга тегишли бўлса алохида тартибда кўриладиган ишлар фақат аризачи яшаётган жойдаги судлар томонидан кўриб чиқилади.

Алохида тартибда кўриладиган ишларнинг даъво тартибида кўриладиган ишлар билан ўхшаш жихатлари ҳам мавжуд бўлиб, бу туркумдаги ишлар юзасидан ҳам аризани иш юритувга қабул қилиш, фуқаролик иши қўзғатиш, тайёрлаш босқичини ўтказиш ва ишни кўришга тайинлаш ва ҳал қилув қарорини қабул қилиш ва эълон қилиш  умумий асосларга кўра амалга оширилади.

Шунингдек, алохида тартибда кўриладиган ишлар доирасидаги муайян бир фуқаролик иши судда кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқса ариза кўрмасдан қолдирилиши лозим.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда алохида иш юритиш тартибида кўриладиган ишлар юзасидан  миллий тажрибани бошқа давлатлар тажрибаси билан солиштирганда деярли ушбу туркумдаги ишлар руйхати бир бирига яқин бўлсада, бироқ фарқли жиҳатлари ҳам мавжуд.|

Мисол учун, Беларус Республикаси ФПКнинг 361-моддасида фуқаронинг қимор ўйинлари, виртуал қимор ўйинхоналарига бориш ва қимор ўйинларида иштирок этишини чеклаш тўғрисидаги ишлар алохида тартибда кўрилиши белгиланган.

Шунингдек, Озарбайжон Республикасида бу борадаги амалиёт ўрганилганда ушбу давлатнинг фуқаролик процессуал кодексининг 305-моддасида  ахборот интернет  ресурсига киришни чеклаш тўғрисидаги ишлар судлар томонидан алохида тартибда кўрилиши белгиланганлиги маълум бўлди.

 Агарда қимор ўйинлари ёки интернет тармоқларидаги хавфли хисобланган хар хил уйинларга ёшларни, жумладан вояга етмаганларни  кириб иштирок этишларини ва уларнинг салбий оқибатларини олдини олиш мақсадида мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқишни судларга юклаган ҳолда фуқаролик процессуал қонунчилигига таклиф берган бўлар эдик.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик процессуал кодексининг 293-моддасига “фуқаронинг қимор ўйинлари, виртуал қимор ўйинхоналарига бориш ва қимор ўйинларида иштирок этишини чеклаш” ҳамда “ахборот интернет  ресурсига киришни чеклаш тўғрисида тўғрисидаги ишларни” янги тоифадаги ишлар сифатида киритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. 

Бу эса ёшларимизни ижтимоий хавфли оқибати мавжуд бўлган хар хил ўйинларга билиб-билмасдан киришларини олдини олишга омил бўлиб хизмат қилади.

Fuqarolik ishlari bo‘yicha

Навбахор туманлараро суди судьяси
Ғайат Якубов

Судьялар талабалар билан меҳнат қонунчилигининг мазмун моҳияти юзасидан учрашув ўтказди

2022 йил 04 ноябрь куни Навоий вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари томонидан  Навоий Давлат кончилик ва технологиялари университетининг талабалар турар жойида учрашув ўтказилди.

Ҳар бир фуқаро, шу жумладан талаба ҳам келгусида меҳнат муносабатига киришади, шу боисдан меҳнат қонунчилигини лозим даражада билиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрдаги ЎРҚ-798-сонли Қонуни билан янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси тасдиқланганлиги, мазкур қонун 6 ойдан сўнг кучга кириши ва ундаги муҳим жиҳатлар талабаларга тушунтирилди.

Жумладан, ишга қабул қилишга меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқатига ва муомала лаёқатига эга бўлиши билан, ўн олти ёшдан йўл қўйилиши, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотларининг, касб-ҳунар мактабларининг, коллежлар ва техникумларнинг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий камол топишига зиён етказмайдиган, ўқитиш жараёнини бузмайдиган енгил меҳнатни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун ишга қабул қилишга – улар ўн беш ёшга тўлиши билан ота-онадан бирининг (отаонасининг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги билан йўл қўйилиши, кўрсатилган ёшга тўлган шахслар қабул қилиниши мумкин бўлган ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоиймеҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланиши юзасидан тушунтириш берилди.

Шунингдек, талабаларга янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида белгиланган меҳнат таътили муддатлари, судга даъво ариза билан мурожаат этиш учун белгиланган даъво муддатлари узайтирилганлиги, бугунги кунда иқтисодиётда хусусий секортнинг роли тобора ошиб бораётганлиги, бу секторда ишловчилар сони кўпчиликни ташкил қилиши, шу муносабат билан нафақат давлат органи, балким хусусий секторда ишловчилар билан меҳнат муносабатларини тартибга солишни янги нормалари белгиланганлиги юзасидан тушунтиршлар берилди.

Ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишга йўл қўйилмаслиги, ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, иш берувчи ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган ишга қабул қилишни рад этиш сабабларининг ёзма асосини ишга қабул қилиниши рад этилган шахснинг талабига кўра уч кунлик муддатда тақдим этиши шартлиги ва бу ҳаракат юзасидан судга шикоят қилиш тартиби ҳам тушунтирилди.

Тадбир якунида иштирокчи талабаларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланди ва саволларга тегишли жавоблар берилди.

Навоий вилоят суди судьяси
Нодиржон Расулов

Skip to content