Qidiruv:

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси”нинг мазмун-моҳияти тушунтирилди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Навоий академик лицейида Навоий вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов ва вилоят маъмурий суди раиси Акмал Муродовлар ўқувчилар билан учрашди.

Учрашувда 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони мазмун-моҳияти, унинг  
2023 – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида белгиланган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

Стратегияда 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш асосий йўналишлар сифатида белгиланган.

– Стратегия 4-йўналишнинг 2-банди “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар”га бағишланган бўлиб, унда бир қатор устувор вазифалар белгиланган, – дейди вилоят суди раиси Ҳ.Қудратов. – Жумладан, 84-мақсад “Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш”, деб номланган. Унда озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш каби устувор вазифалар ҳам белгиланганки, бу мақсадларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши аҳолида одил судловга бўлган ишончнинг янада ошишига хизмат қилади.

Албатта, судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини ошириш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг электрон шаклда келиб тушишига эришиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш юртимизда инсон қадри тобора улуғланиб, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигининг бир исботидир.

– Бугунги учрашувда Стратегиянинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган мақсадлар, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилиши кўзда тутилган мақсадлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдик, – дейди лицей ўқувчиси Иқбол Мамаюсупова. – Албатта, бу ҳужжат мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожида муҳим қадамлардан бири бўлиб, биз ёшлар учун дастуриламал ҳужжатлардан саналади. Тадбирда судьяларимиз нафақат судларда, балки адвокатура тизимида белгиланган мақсадлар ҳақида ҳам гапириб ўтишди. Таъкидланганидек, адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан мустақиллигини таъминлаш ўта муҳим вазифадир. Қолаверса, адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш, адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳам яратилаётган қулайликлардан бири, деб ўйлайман.

Учрашувда судьялар ўқувчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришди.

ЎзА

Д И Қ Қ А Т,  Т А Н Л О В !

Навоий вилоят суди томонидан вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судларидаги бўш иш ўрин (вакант лавозим)ларига кадрлар захирасини шакллантириш юзасидан олий юридик ва олий ахборот-коммуникация технологиялари маълумотига эга бўлган номзодлар бўйича танлов эълон қилади.

 

1. Навоий вилоят судининг катта консультанти (1 нафар 1 ставка), судья катта ёрдамчиси (1 нафар 0,75 ставка, 1 нафар 0,50 ставка)

2. Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг судья ёрдамчиси

(1 нафар 1 ставка)

3. Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг судья ёрдамчиси

(1 нафар 1 ставка)

4. Жиноят ишлари бўйича Конимех туман судининг архивариуси

(1 нафар 1 ставка)

5. Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судида девонхона мудири

(1 нафар 1 ставка)

6. Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг девонхона мудири

(1 нафар 1 ставка)

7. Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг катта ёрдамчиси (1 нафар 0,5 ставка)

8. Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси (1 ставка)

9. Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси (1 ставка)

Керакли ҳужжатлар:

1. Номзоднинг аризаси;

2.Номзоднинг маълумотномаси (объективка) ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома; (ҳам электрон юбориш зарур   nav.kadr@sud.uz)

3.Сўровнома;

4.Таржимаи ҳол;

5. Диплом ёки чет элда ўқиганлик тўғрисидаги дипломга эса, дипломни тан олинаганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;

6. Шахсни тасдиқлович ҳужжат (паспорт ёки идентификацияловчи

ID-карта гувоҳномаси) нусхаси;

7. Охирги иш жойи бўйича тасдиқланган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма (бундан биринчи марта ишга кираётган шахслар мустасно);

8. Тавсифнома (Ишламаган бўлса ўқиш жойидан Тавсифнома);

9. 3,5х4,5 расм 4 дона;

10. Соғлиғи ҳақида тиббий маълумотнома;

11. Ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар учун тегишинча ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома;

12. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами.

Бўш иш ўрин (вакант лавозим)лари бўйича кадрлар захирасига ариза ва унга тегишли ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги муддати:

2023 йил 20 сентябрь, соат 18:00.

Сайёр суд

Барча давлатларда ҳуқуқбузарликка қарши курашиш муҳим масала ҳисобланади, ваҳоланки инсон тинчлиги ва хотиржамлиги фаровон ҳаёт кечириши учун замин яратади, барака ва ривожланиш ҳам айнан шу неъматлар ортидан келади.

Шу боис, ҳуқуқбузарликларни олдини олишда маҳалланинг ролини ошириш шарт, аксарият маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар айнан маҳалла фуқаролар йиғинларида сайёр судда кўрилмоқда. Бу орқали фуқароларни огоҳликка чақириш ҳамда содир этилган қилмиш учун жавобгарлик муқарралигини билдириш муҳим.

Навбатдаги сайёр суд мажлиси жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди томонидан “Азамат” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилди. Унда, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41,52,183,131 моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган 18 нафар шахсга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди.

Иш кўриш жараёнида ўз қилмишига иқрор бўлиб пушаймонлик билдирган шахсларга енгиллик, яъни тузалишлари учун имкониятлар ҳам берилди хусусан, уларга огоҳлантириш, оилавий шароитидан келиб чиқиб, энг кам миқдорда жарима жазоси тайинланган бўлса, пушаймонлик билдирмаган ҳуқуқбузарларга эса қонунчиликда назарда тутилган жазолар тайинланди.

Албатта судларнинг вазифаси жазолашдан иборат эмас, балки ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси               Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялашдан иборат.

Санджар Кушатов,

                             жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди судьяси 

СУД ҚАРОРИ ИЖРОСИ БИЛАН МУҲИМ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 138-моддасида, суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийлиги белгиланган.

Хусусан, Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритади.

Бугунги кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни  амалга  ошириш  давлат  сиёсатининг  устувор  йўналишларидан  бири бўлиб,  бу  барча  поғона  судларда  одил  судловни  амалга  ошириш, суд ишларини ташкилий жиҳатдан муносиб тарзда таъминлашга хизмат қилиши билан биргаликда суд томонидан қабул қилган қарорларни бажариш уларни ижросини таъминлашнинг мукаммал ва самарали механизмларини жорий қилиниши фуқароларимизни одил судловга бўлган ишончини ортишига ва суд ҳокимиятининг нуфузини янада юксалишига хизмат қилади.

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон янги суд” тамойили доирасида аҳолини одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш борасида
2
022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, адолатли суд қарорлари қабул қилиниши орқали, халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш қолаверса, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирли механизимларини жорий этиш белгиланди.

Айтиш керакки, одил  судловни  амалга ошириш мақсадида фуқаролар ва ташкилотларнинг  ҳуқуқларини  қўриқлаш учун чиқарилган  қарорлари ижроси процесснинг якунловчи босқичи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)га мувофиқ, суд ҳужжатлари қонуний кучга киргач ижрога қаратилади.

Суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ижро варақаси ҳисобланади, ушбу Кодекснинг 336-моддасига кўра, ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади. Ижро варақаси электрон ҳужжат тарзида юборилиши ҳам мумкин.

Иқтисодий судлар томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги МИБнинг тегишли бўлимларига  
3 207 та 41 394 000 000 сўмлик ижро варақалар юборилган бўлиб, шундан давлат фойдасига 1 834 та 5 647 000 000 сўмлик давлат божи ундирилган, тадбиркорлар фойдасига эса 1702 та 287 418 000 сўмлик ижро варақаларининг ижроси амалда  таъминланган.

ИПКнинг 345-моддасига кўра, суд берган ижро варақаси асосида давлат ижрочиси томонидан қўзғатилган ижро ишини юритишни суд қонунда назарда тутилган ҳолларда, ундирувчининг, қарздорнинг, давлат ижрочисининг аризасига кўра тўхтатиб туриши ёки тугатиши мумкин.

Иқтисодий суд томонидан берилган ижро варақаси асосида қўзғатилган ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш ўша суд ёки давлат ижрочиси жойлашган ердаги суд томонидан амалга оширилади.

Амалдаги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш белгиланган бўлиб, ушбу Қонун суд ҳужжатлари, шунингдек қонунда белгиланган ваколатларини амалга ошираётганларида жисмоний ёки юридик шахслар зиммасига пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни ўзга шахсларга бериш ёхуд улар фойдасига муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юклаш ҳуқуқи берилган бошқа органларнинг (мансабдор шахсларнинг) ҳужжатлари мажбурий ижро этилаётганда юзага келадиган муносабатларни тартибга солиши белгиланган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, суд қарорлари ижроси ўз вақтида бажарилиши фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ортишига ҳамда суд ҳокимиятининг нуфузини янада юксалишига хизмат қилади.

                                                                                          Хуршид Турсунов                                                                        Навоий вилоят суди судьяси                                                 

Skip to content