Адвокатлар билан ҳамкорликда ўткан семинарда суд қарорлари устидан шикоят бериш тартиби муҳокама қилинди
Навоий вилоят судининг судьялари А.Баҳронов ва Н.Умаров иштирокида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси билан “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни оммага кенг тарғиб қилиш, аҳоли ва ташкилотларнинг хабардорлигини ошириш, ташкилотлар ва фуқаролар билан ахборот тушунтириш ишларини олиб бориш юзасидан” чора-тадбирлар режасига мувофиқ вилоятда фаолият юритаётган адвокатлар иштирокида семинар ўтказилди.
Семинарда, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги Қонунлари билан Фуқаролик процессуал кодексига ва Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида жумладан, 2024 йил 01 январдан суд ишларини вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилиши, ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида қайта кўрилиши, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланиши, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилиши юзасидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги гапириб ўтилди.
Шунингдек, адвокатларга апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят бериш тартиби ва муддатлари, шикоятга илова қилинадиган ҳужжатлар, шикоятни қайтариш ва иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари, шикоятни иш юритишга қабул қилиш тартиби тўғрисида тушунтиришлар берилди ҳамда тадбир иштирокчиларига мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган бир қатор масалаларда саволларга жавоб берилди.
Азизжон Баҳронов,
Навоий вилоят суди судьяси