Биз – коррупцияга қаршимиз
Жамиятда аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятининг юксак даражада бўлиши ҳамда шахснинг ўзга фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда ўз ҳуқуқларини амалга ошириши ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг одини олишдаги энг муҳим омиллардан биридир.
Албатта, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтиришга унинг ёшлигидан ўз оиласи ва мактаб таълими жараёнларидан бошлаш мақсадга мувофиқдир.
Ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш мақсадида Зарафшон шаҳар ва Томди туман судлари ташаббуси билан Томди тумани ихтисослаштирилган мактаб интернатида “Биз – коррупцияга қаршимиз” мавзусида учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида ёшлар ўртасида коррупциянинг салбий иллат эканлиги ҳамда жамият ривожига тўсиқ бўлиши баён этилган иншолар ва расмлар танлови ўтказилганлиги билан аҳамиятли бўлди. Шунингдек, мазкур тадбир ёшларнинг жадидлар ҳаёти ва ижодига доир саҳна кўриниши билан давом эттирилди.
Ўтказилган иншолар ва расмлар танловида ғолиблар аниқланиб, тадбир якунида совриндорлар Зарафшон шаҳар ҳамда Томди туман судлари раислари томонидан эсдалик совғалари ҳамда дипломлар билан тақдирланди.
Учрашув давомида ўқувчи ёшларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари, соғлом турмуш тарзини ташкил қилиш ва ёт ғояларга берилмаслик борасида зарур маслаҳатлар бериб ўтилди ва бу борада суд амалиётидан мисоллар келтирилиб, ёшларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.
Анвар Шукуров,
Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси.