Бугунги куннинг долзарб мавзуси – КРЕДИТ
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ўз молия, пул-кредит тизимига эгадир.
Молия-кредит тизими ҳар бир давлат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, пул бозорининг ривожланиши, пул оқимини бошқариши, давлатнинг инвестицион жозибадорлигини оширишдаги аҳамиятини белгилайди.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш кафолатини мустаҳкамлаш ва у билан боғлиқ муаммоларни илмий тадқиқ қилиб ўрганиш долзарб масалалардан биридир.
Сўнгги йилларда судларда кредит ундириш билан боғлиқ ишларни кўпайиши, кредит ундириш билан боғлиқ ишларни кўришдаги муаммоларни ўрганиш зарурияти келтириб чиқарди.
Кредит шартномаси бўйича қарздорликни ундириш ҳақидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Ипотека тўғрисида”ги, “Гаров тўғрисида”ги, “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сонли ҳамда “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 2006 йил 22 декабрдаги 17-сонли қарорлари ҳамда бошқа норматив ҳужжатлар асосида кўриб ҳал қилинади.
Мазкур тоифадаги ишларни судларда кўрилишида юзага келаётган айрим муаммо ва тушунмовчиликларни ечимини топиш, йўл қўйилаётган хато-камчиликларни бартараф этиш, судларга тегишли йўлланма бериш мақсадида, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2022 йилда кўрилган мазкур тоифадаги ишлар умумлаштириш йўли билан ўрганилганда қуйидагилар аниқланди.
Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилда (2021 йил) фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан жами 238 774 та (139 943 та) кредит шартномаси бўйича қарздорликни ундиришга оид фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан кредит қарздорлиги билан биргаликда гаров таъминоти ундириш сўралган ишлар сони 19 129 тани (18 224 та) ташкил этган.
Кўриб тамомланган ишларнинг 192 029 таси ёки 80,4 фоизи (119 395 та ёки 85,3 фоиз) қаноатлантирилган, 2 296 таси ёки 1,0 фоизи (1 190 та ёки 0,9 фоиз) рад этилган, 43 433 таси ёки 18,2 фоизи (18 356 та ёки 13,1 фоиз) кўрмасдан қолдирилган ва 1 016 таси ёки 0,4 фоизи (1 002 та ёки 0,7 фоиз) иш юритишдан тугатилган.
Бу даврда 73 441 та (2021 йилда бу тоифа бўйича суд буйруғи чиқарилмаган) кредит шартномаси бўйича қарздорликни ундиришга
оид суд буйруқлари чиқарилган.
Кўриб тамомланган ишларнинг 194 590 таси тижорат банкларининг даъво ариза (ариза)ларини, 44 184 таси микромолия ташкилотларининг даъво ариза (ариза)ларини ташкил этган.
Банклар томонидан берилган даъво ариза (ариза)ларнинг кредитлар тоифаси қуйидагича:
– Истеъмол кредитлари– 54 155 та 27 трлн. 748 млрд. сўмлик;
– Чорвачилик учун ажратилган кредитлар-21 132 та 1 трлн. 59 млрд. сўмлик;
– Маиший кредитлар-27 359 та 2 трлн. 743 млрд. сўмлик;
– Бошқа кредитлар-91 944 та 23 трлн. 299 млрд. сўмлик.
Ишлар асосан (суд буйруғи қўшилган ҳолда) Наманган (50 294 та), Тошкент шаҳри (45 404 та), Фарғона (44 116 та), Андижон (29 125 та), Самарқанд (25 327 та), Сурхондарё (21 541 та), Қашқадарё (19 886 та) вилояти судларида бошқа судларга нисбатан кўпроқ кўрилган.
2022 йилда Республика фуқаролик ишлари бўйича судларнинг барчасида мазкур тоифадаги ишлар сони 2021 йилга нисбатан кўпайган, жумладан Наманганда 40 236 тага, Фарғонада 23 933 тага, Тошкент шаҳрида 22 151 тага, Андижонда 19 626 тага, Самарқандда 13 879 тага, Сурхондарёда 13 646 тага, Қашқадарёда 10 610 тага, Тошкент вилоятида 9 675 тага, Сирдарёда 5 733 тага, Навоийда 5 488 тага, Жиззахда 3 503 тага, Бухорода 2 182 тага, Қорақалпоғистон Республикасида 851 тага ва Хоразм вилоятида 676 тага кўпайган.
2022 йил давомида Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари томонидан кредит қарздорлигини ундириш билан боғлиқ низоларга оид жами 11 544 та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, шундан 9385 та иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарилиб, 9119 та иш бўйича даъволар қаноатлантирилган, 266 та иш бўйича даъволар қаноатлантиришдан рад қилинган, 2134 та иш бўйича даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган, 25 та иш юритишдан тугатилган, 1971 та суд буйруғи чиқарилган, 4088 та ҳал қилув қарори сиртдан қабул қилинган, 1685 та ҳал қилув қарори сиртдан бекор қилинган.
Кредит шартномасига оид 11.544 та иш кўрилган бўлиб, шундан кредит қарздорлиги билан биргаликда гаров таъминоти ундириш сўралган ишлар 709 тани, банкларнинг даъво аризаларига асосан 11 529 та даъво аризалар, банк бўлмаган ташкилотларнинг даъво аризаларига асосан 15 та даъво аризалар келиб тушган.
Шундан истеъмол кредитлари 3113 тани, чорвачилик учун ажратилган кредитлар 875 тани, маиший кредитлар 3060 тани, бошқа кредитлар 4481 тани ташкил қилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 171-моддасининг 1, 2 ва 9-бандларида:
– агар талаб нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса;
– талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса;
– ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса суд буйруғи берилиши назарда тутилган.
Судларда иш ҳажми ҳамда суд харажатлари миқдорини камайтириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олиш, ишни кўриш билан боғлиқ бўлган харажатларни иқтисод қилиш мақсадида Олий суд томонидан судларга юқорида қайд этилган қонун талабига биноан кредит (уй-рўзғор, маиший-техникага оид битим ва шу каби бошқа) қарздорлигини ундириш билан боғлиқ ишлар юзасидан 2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб суд буйруғи чиқариш ва уни ижрога юбориш орқали ҳал этилиши, шунингдек, Савдо саноат палатасининг ушбу мазмунда асосий ундирувчи яъни банк (ёки бошқа шахс) манфаатида судга мурожаат қилиши қонунга зид бўлмаганлиги туфайли улар томонидан берилган суд буйруғи чиқариш ҳақидаги аризаларни ҳам кўриб чиқилиши борасида кўрсатма берилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2022 йил 10 июндаги 22-6-сонли хати билан вилоят судлари ва қуйи судларга гаров мулки билан боғлиқ бўлмаган кредит суммаларини ундириш ҳақидаги ишларни даъво тартибида эмас, балки буйруқ тартибида кўриш тушунтирилган.
2022 йил давомида Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари томонидан кредит қарздорлигини ундириш билан боғлиқ низоларга оид жами 1971 та суд буйруғи чиқарилган.
Агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш рад этилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 279-моддасига кўра, гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундиpувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгаp бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даpажада бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш мумкин.
Агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин.
Суд амалиётини ўрганиш шуни кўрсатадики, узоқ муддатли ипотека кредитлари бўйича қарздор муайян давр учун қарздорлик вужудга келган ҳолларда (масалан 3-4 ойлик қарздорлик) банклар кредитнинг қолган барча қисмини муддатидан илгари ундириш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилмоқда.
Бунда кредит бўйича вужудга келган реал қарздорлик эмас, балки кредитнинг ҳали муддати келмаган қисмини ҳам олдиндан бир йўла ундириш талаби қўйилмоқда.
Бу ўз навбатида кредит олган фуқарони қийин аҳволга солади, давлат божи ҳам реал қарздорлик учун эмас балки, даъво суммасидан келиб чиқиб, бутун кредит суммасига нисбатан ҳисобланади.
Бунда қарздор кредит қарзини бир йўла тўлай олмаган тақдирда ундирув гаров мулкига қаратилишига олиб келиши мумкин.
Шу сабабли судлар ушбу тоифадаги ишларни кўришда ишнинг юқоридаги каби ҳолатларига, кредит реал қарзи унча кўп бўлмаган ва гаров мулкини қийматига номутаносиб бўлган ҳолларда реал қарздорликни ундирувини гаровга қаратиш масаласини ФКнинг 279-моддаси 2-қисмида назарда тутилган тартибда ҳал қилиши лозим.
Шунингдек, кредит шартномаси бўйича кредитни қайтарилишининг таъминоти сифатида қарздор ёки учинчи шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк гаровга қўйилади.
Кейинчалик кредит ўз вақтида қайтарилмаганлиги сабабли кредитни ундиришни гаров мулкига қаратишда унинг кредит олинган пайтдаги баҳоси паст бўлганлиги, орада вақт ўтиши билан мулкнинг қиймати анча ортиб кетганлиги сабабли, гаров мулкининг баҳосини белгилаш юзасидан эътирозлар мавжуд.
Гаров мулкига ундирувни қаратишда низо бўлган ҳолларда гаров мулкининг баҳосини ишни кўраётган суд белгилаши билан боғлиқ нормани қонунчиликка киритиш мақсадга мувофиқ.
Бу Ўзбекистон Республикасининг “Гаров тўғрисида”ги ва “Ипотека тўғрисида”ги Қонунларига ўзгартириш киритишни тақозо этади.
2022 йил давомида Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари томонидан кредит қарздорлигини ундириш билан боғлиқ низоларга оид жами 11 544 та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни 8 ва 24-моддаларига асосан жами 11 463 та ижро ҳужжатлари қайтарилган
Қайтарилган ижро ҳужжатларидаги сумма 539 126 955 740 сўмни ташкил этади.
Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари кесимида таҳлил қилинадиган бўлса, Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судида 5710 та, 286 841458 354 сўмлик, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судида 2208 та, 166 804251044 сўмлик, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судида 599 та, 26 750 617 649 сўмлик, Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судида 846 та ,13 894 468 846 сўмлик, Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судида 2100 та ,44 836159847 сўмлик ижро ҳужжатлари қайтарилган.
Мазкур ижро ҳужжатларини қайтариш сабаблари таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда судья ва унинг ёрдамчисининг айби билан ижро ҳужжатлари қайтарилаётганлиги ва шу билан бирга айрим ҳолларда давлат ижрочилари томонидан асоссиз ижро ҳужжатларини қайтариш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди.
2022 йилда судлар билан вилоят, туман (шаҳар) мажбурий ижро бюролари бошлиғи ва давлат ижрочилари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, қайтарилган ҳар бир ижро ҳужжатлари материалар орқали муҳокама этилди ва келгусидаги ҳамкорликдаги вазифалари белгилаб олинди.
Амалиёт шуни кўрсатадики, баъзи туманлараро судлари даъвогарнинг талаби судга мурожаат қилинганидан сўнг жавобгар томонидан ихтиёрий равишда қаноатлантирилиши оқибатида даъвогар талабини қўллаб қувватламасдан ишни ФПК 122-моддасининг 9-банди асосида кўрмасдан қолдиришни сўраганида, судлар ушбу асослар билан ишни кўрмасдан қолдиришда ундирилиши лозим бўлган давлат божи тўловини ундириш масаласини ҳал қилмасдан келмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига судларда ушбу тоифадаги ишлар юзасидан ФПКнинг 122-моддаси 9-бандига кўра, даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган ҳолларда ариза мазмунидан қатъий назар давлат божи ундирилмаслигига оид аниқ нормани белгилаш бўйича тегишли таклиф киритиш;
– Узоқ муддатли кредитлар бўйича ҳали шартнома муддати тугамаган тақдирда, кредит қарздорлиги суммасини тўлиқ ундириш ҳақида даъво қилинганидан қатъий назар давлат божини фақатгина амалда мавжуд бўлган реал қарздорликни қаноатлантиришга оид суммасига мутаносиб равишда ундиришни назарда тутувчи нормани қонунчиликда белгилаш юзасидан (ФКнинг 736-моддасига) тегишли таклиф киритиш таклиф этилади.
Гулнафис Худайбердиева
Навоий вилоят суди судьяси