Ер муносабатларига оид қонунчиликдаги ўзгаришлар

Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-708-сонли қонуни 2021 йил 16 августда қабул қилинган.

Қонун билан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритилди, жумладан Жиноят кодекси 2296-модда билан тўлдирилди.

Ўзбекистон Республиаси ЖК 2296-моддасида, суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Бу жиноятни содир этган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ёки ушбу модданинг 2 ва 3-қисмида назарда тулилган жиноятларни содир этган шахсларга қилмишининг енгил оғирлигига қараб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш назарда тутилди.

Шунингдек, Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг ер ва кўчмас мул билан боғлиқ 60, 60/1, 65, 67,  68/1 ва 69-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиришлар киритилиб, Ер кодексининг 20-моддасига кўра, ер участкалари вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан давлат органларига, муассасаларига ва корхоналарига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга берилиши, кўп квартирали уй жойлашган ер участкаси, шунингдек кўп квартирали уйга туташ ер участкаси, агар у кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқача тарзда тегишли бўлмаса, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органлари томонидан ушбу мулкдорларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида умумий фойдаланишга берилиши, ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Ер кодексининг 27-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун 0,04 гектаргача ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали мулк ҳуқуқи асосида реализация қилинади.

Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилишда ер участкаларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш шартлари назарда тутилиши керак.

Қонунда, ер участкаларини ажратиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширишнинг асосий вазифалари қонунчилик талабларига жисмоний ва юридик шахслар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан риоя этилишини таъминлашдан иборатлиги қайд қилинди.

Ер кодексининг 91/1-моддасига кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди.

Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди. Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларидаги қонунга хилоф қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланади.

Қонунга мувофиқ, Ер кодексига бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилиши, ердан фойдаланишда янги қонунга итоаткорликни келтириб чиқаради ва унга тўлиқ амал қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Авазжон Ибодов

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси