Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг навбатдаги сайёр суд мажлиси туманнинг Мустақиллик маҳалласида бўлиб ўтди

Фуқаро Д.Н Хатирчи тумани Хўжақулобод маҳалласида истиқомат қилиб келиб, 2024 йил 28 январ куни соат тахминан 20:00 да ушбу маҳаллада яшовчи Д.А билан ўзаро оилавий келишмовчилик сабабли жанжаллашиб қолишиб, жанжал вақтида Д.А га қасддан тан жароҳати етказиш мақсадида, дастлаб ўз яшаш хонадонида унинг юз соҳасига қўллари билан бир неча маротаба уриб, сўнг Д.А ундан қутилиш мақсадида ташқари кўча томонга чиққан вақтида, ортидан етиб олиб, боши ва қўллари билан Д.А нинг юз ва бош соҳаларига уриши оқибатида унга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган.

Суд Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 585-моддаси талабларидан келиб чиқиб, ярашиш тўғрисидаги ариза ихтиёрий равишда берилганлигини, судланувчи Д.Н ўзининг айбига ихтиёрий иқрор бўлганлигини, қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчига етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлигини, жабрланувчининг унга нисбатан ҳеч қандай даʼвоси йўқлигини, тарафларни ярашув битимига рози эканликларини инобатга олиб, ЖПКнинг 84-моддаси 4-қисмига асосан унинг айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб, уни жиноий жавобгарликдан озод қилиб, жиноят ишини тугатишни лозим топди.

Сайёр суд мажлиси якунида йиғилиш иштирокчиларига бу каби сайёр суд мажлисларини ўтказишдан асосий кўзланган мақсад жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш эканлигини билдириб ўтди. Бундан ташқари йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги Конституцияси мазмун моҳияти ҳамда коррупсия ва одам савдосига қарши кураш тўғрисида, ушбу жиноятлар учун жазо муқаррарлиги тўғрисида қонунчилик юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.

 

Шерали Хомидов,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.