ЗЎРАВОНЛИК НИМА? БУНИ БИЛИШИМИЗ ВА УНИНГ ҚУРБОНИ БЎЛМАСЛИГИМИЗ ШАРТ

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор бўлиб, кўзланган мақсадга эришишда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган муқаддас оиланинг ўрни, роли беқиёсдир.

Зеро, Оила замирида ҳикмат кўп бўлиб, айнан шу оилада меҳр-муҳаббат, катталарга ҳурмат, поклик, ҳақгуйлик, виждонлилик, одоблилик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, инсон қадр-қиммати каби кўплаб инсонийлик хислатларни шакллантириш асносида мукаммал инсон шаклланади.

Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни ана шу оиладан, қолаверса ўзимиздан бошласак уни илдизи билан қуритиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида мувофиқ, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Конституциянинг 26-моддасига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Шунингдек, оилавий зўравонликка қарши кураш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болаларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилаётган, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун кенг кўламли ишлар қилинаётган бир вақтда, мазкур соҳадаги ишлар таҳлили оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашда қатор камчилик ва тўсиқлар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.

Чунки, зўравонликнинг барча турлари бизнинг жамиятимизда ҳам ўз соясини яратиб бўлди.

 

Зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик).

Жисмоний ва руҳий зўрлик деган таъсирларнинг маъносини шарҳлашни истадик.

Жисмоний зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шаклидир.

Руҳий зўравонлик — хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик) да номоён бўлади.

Оиладаги зўравонлик — бу ўзларининг яқинлари (асосан аёллар ва болалар) устидан ҳукмронлик ва назорат қилиш мақсадида, одатда айнан бир шахсга нисбатан жисмоний ва руҳий зўрлик қилишда намоён бўлади.

Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда зўравоннинг жисмоний ва руҳий зўрлиги натижасида хотин-қизлар томонидан ижтимоий хавфли қилмиш содир этиши ҳоллари ҳам кузатилмоқда.

Инсоннинг ҳар қандай қилимиши ҳар доим онгли ва ақл-иродаси билан содир этилади.

Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаган ёки ҳаракатларинии бошқара олмаган шахснинг ҳаракатлари, ҳатто ижтимоий-хавфли оқибатларга олиб келган тақдирда ҳам жиноят ҳисобланмайди.

Зўравонликка учраган аёллар енгиб бўлмайдиган жисмоний куч ёки руҳий зўрлик таъсири остида қонун билаи қўриқланадиган ижтимоий муносабатга хавф солувчи қилмиши ва унинг оқибати учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Зўравонлик доимо таҳдид кўринишида намоён бўлади. Таҳдидлар эса қуйидагича бўлиши мумкин: моддий таъминламаслик, яъни пул бермаслик (моддий таъминламаслик), уйдан ҳайдаш, болаларини олиб қўйиш ёки уларни кўриш имкониятидан маҳрум қилиш билан қўрқитиш, баданига шикаст етказиш ёки ўлдириш билан қўрқитиш ва ҳоказо. Зўравонлар таҳдидлар билан бир қаторда қуйидаги ҳаракатлар орқали ҳам ўзларининг ҳукмронлигини намойиш қилишга уринишлари мумкин: телефонинин олиб қўйиш, кийимларини йиртиш ёки шахсий буюмларини синдириш, уйга қамаб қўйиш, муштини кўрсатиш орқали қўрқитиш ва ҳоказо.

Зўравонлар асосан қуйидаги жиноятлардан бирини содир этиш орқали ўзининг кучини намойиш этади: қасддан баданга оғир (ЎзР ЖКнинг 104-моддаси), ўртача оғир (105-модда) ёки енгил (109-модда) шикаст етказиш, қийнаш (110-модда), ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда), жиноий равишда ҳомила тушириш (114-модда), аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш (115-модда) хавф остида қолдириш (117-модда), номусга тегиш (118-модда), жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш (119-модда), аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-модда), вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш (122-123-моддалар), никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (1251-модда), тиланчилик қилиш (1271-модда), одам савдоси (135-модда), аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136-модда) ва ҳоказо.

Мазкур хатти-ҳаракатларни содир этган шахс Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жавобгарликка тортилади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эгаки, буни барча фуқароларимиз, қолаверса хотин-қизларимиз билишлари шарт:

-ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

-махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;

-ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;

-содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.

Ибодат Шоймардонова

Навоий вилоят суди судьяси