ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ЯРАШТИРИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ
Яраштириш тартиб-таомиллари тарафларда иқтисодий муносабатларни эркинлаштиришда самарали восита ҳисобланиб, тарафларнинг суд жараёнида ва унинг барча босқичида ярашиш имкониятини беради.
Лекин, судда иштирок этувчи шахслар мазкур тартиб-тамоиллардан тўлиқ фойдаланмай келмоқда. Бунинг асосий сабаби келишув битими тузишнинг афзалликларини тўлиқ билмаслик.
Шундан бир мисол қилиб, Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан даъвогар «Б » хусусий корхонаси (номлари ўзгартирилган) билан жавобгар «А» масъулияти чекланган жамияти (номлари ўзгартирилган) ўртасида 2024 йил 11 июнь куни 1-сонли шартнома тузилган. Шартнома шартларига кўра, даъвогар жавобгар биносига ёнғин сигнализация ва видеокузатув мосламаларини ўрнатиб бериш, жавобгар эса унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
Жавобгар томонидан 25.000.000 сўм қопланмаганлиги сабабли даъвогар судга мурожаат қилиб, жавобгардан асосий қарз ва 15.000.000 сўм пеня ундиришни сўраган.
Суд муҳокамаси жараёнида тарафлар келишувга эришиб, ўзаро тузилган келишув битимини судга тақдим этган.
Лекин, мазкур келишув битими Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган талаблар бўйича тузилмаганлиги учун уни тасдиқлаш рад этилган. Мазкур мисолга ўхшаш ҳолатлар талайгина.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида яраштириш тартиб-таомиллари алоҳида боб сифатида киритилган.
Суд тарафларнинг келишуви учун чораларни кўриб, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади.
Тарафлар низони келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб ҳал этиши мумкин.
Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин. Иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида келишув битими тузилиши, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин ва суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади.
Шунингдек, келишув битими ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади ва унда тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши керак.
Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.
Бундан ташқари, келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.
Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, ушбу кодексда белгиланган умумий тартибда ҳал этади.
Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади. Уни тасдиқлаш тўғрисидаги масала қайси суднинг иш юритувида бўлса, ўша суд томонидан суд мажлисида кўрилади. ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида ушбу кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади.
Суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилади. Келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган тақдирда, битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Ижро босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш масаласи келишув битими судга тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда, ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар бўйича кўрилади.
Келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажримнинг хулоса қисмида келишув битимининг шартлари, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги хулоса, суд харажатларини тақсимлаш, иш юритишни тугатиш ҳақидаги маълумот кўрсатилиши керак.
Келишув битимини тузган шахслар уни ушбу битимда назарда тутилган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда бажаради.
Суд томонидан тасдиқланган, келишув битимида назарда тутилган муддатларда ихтиёрий ижро этилмаган келишув битими уни тузган шахснинг илтимосномаси бўйича суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида, суд харажатларини ундиришга тааллуқли қисми эса суднинг ташаббуси билан мажбурий ижро этилиши лозим.
Суд келишув битимини тасдиқлашни унинг шартлари қонун ҳужжатларига зид бўлса, унинг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса ва у шарт асосида тузилган бўлса рад этилади. Келишув битимини тасдиқлашни рад этилса ушбу ҳақида ажрим чиқарилади.
Сабит Жакеев,
Навоий вилоят суди судьяси