Кассация ва тафтиш шикоят (протест)лари ҳам эндиликда вилоят судлари томонидан кўрилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли Фармонининг 3-бандида Олий суд томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги билан биргаликда жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди.
Мазкур Фармондан келиб чиқиб, 2023 йил 25 декабрда “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (кейинги ўринларда Иқтисодий процессуал кодекс) 282-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақли.
Олдинги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодексининг 282-моддасига кўра, апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти берилар эди. Эндиликда, тарафларга апелляция бериш муддати ўтган бўлсада кассация шикоятини вилоят судлари номига киритиш имкониятини беради.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 283-моддасига кўра, кассация шикоятлари (протестлари) тегишли туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.
Олдинги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодексининг 283-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан берилган кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади. Яъни эндиликда ўрта бўғин ҳисобланган вилоят судларида кассация шикояти (протести) кўриб чиқиладиган бўлди. Бу эса тарафларга бевосита вилоятнинг ўзидан судга қатнашиш, ўзининг важлари ҳамда далилларини судга тақдим этишда енгилликлар яратади.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 285-моддасига асосан, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.
Олдинги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодексининг 285-моддасига кўра, кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин эди.
Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексининг 309-моддасига асосан, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади. Мазкур кодекснинг 310-моддасига асосан, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд кассация ёки тафтиш тартибидаги шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишни кассация ёки тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига иш билан бирга юбориши шарт.
Киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар одил судловдан фойдаланиш имкониятини «Янги Ўзбекистон-янги суд» принципи доирасини янада кенгайтиришга, фуқаролар ва юридик шахс вакилларининг оворагарчилигини олдини олишга, уларга енгилликлар яратиш, узоғини яқин қилишга, одил судлов сифатини ҳамда судлар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Бекзод Джумаев,
Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси