КАФИЛЛИК НИМА ?
Бугунги кунда ҳаётнинг барча жабҳалари каби иқтисодиёт соҳаси ҳам жадал ривожланиш босқичларидан бормоқдамиз. Бу эса уни амалга оширишдаги муносабатларда ҳам бир мунча муаммолар келтириб чиқариши табии ҳол.
Бунга битта мисол тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга бериладиган кредит маблағларини таъминоти сифатида қўлланиладиган кафиллик шартномасидир.
Кафиллик шартномаси деган тушунча қонунчилигимизда азалдан мавжуд бўлса-да, леким унинг асл моҳияти мамлакатимизда кейинги йиллардаги кредит сиёсатининг ривожланиши билан юзаган кела бошлади.
Бунга оддий мисол, бир жисмоний шасх бошқасининг банк олдидаги кридит мажбуриятларига кафил бўлади, натижада эса агар қарздор кредит тўловларини ўз вақтида тўлай олмаса кафил унинг кредит тўловларини амалга оширили лозим бўлади.
Бугунги кунда фуқаролик суд амалиётида бунга ўхшаш даъво аризалар жуда кўпчиликни ташкил этади.
Шу ўринда фуқаролик қонунчилигида кафиллик шартномаси тушунчаси қандай ?
Кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.
Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин.
Энди кафилнинг жавобгарлиги масаласига тўхталадиган бўлсак – қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.
Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди.
Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.
Кафил кредиторнинг талабига қарши қарздор билдириши мумкин бўлган ҳамма эътирозларни қўйишга ҳақли. Ҳатто қарздор ўз эътирозларидан воз кечган ёки ўз мажбуриятини тан олган тақдирда ҳам кафил ушбу эътирозларга бўлган ҳуқуқини йўқотмайди.
Энди мажбуриятни бажарган кафилнинг ҳуқуқларига тўхталиб ўтсак.
Мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли.
Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил қарздорга кўрсатган хизматлари учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.
Ана энди кўпчиликни қизиқтирган кафилликнинг бекор бўлиши ҳақида гап юритамиз.
Кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, шунингдек ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлади.
Кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса, шунингдек кафил таъминлаган мажбуриятни бажариш муддати келганида кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортса, кафиллик бекор бўлади.
Шартномада кўрсатилган кафиллик муддати ўтганидан кейин кафиллик бекор бўлади. Агар бундай муддат белгиланган бўлмаса, кредитор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати келган кундан бошлаб бир йил давомида кафилга даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади. Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади.
Фуқаролик ишлари бўйича Кармана
туманлараро суди раиси Умиджон Раупов