Кредит шартномаси мажбуриятларини бажармаслик оқибатлари қандай
Мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни ва мавқеи тобора ошиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, юртимизда тадбиркорлик ривожида банклар томонидан имтиёзли асосларда ажратилаётган кредит маблағлари ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки кредит маблағлари тадбиркорларга ўз фаолиятини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлмоқда. Кредит маблағларидан самарали фойдаланиш ҳақида гап борганда, бу маблағ тадбиркорлар учун яратилган қулай имконият эканини алоҳида қайд этиш лозим.
Шу ўринда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида банклар томонидан имтиёзли кредит маблағлари ажратиш кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бироқ амалиётда тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит шартномасида белгиланган мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик ҳолатлари ҳам учраб туради.
Савдо-саноат палатаси банк манфаатида ўз вақтида тўланмаган кредит қарздорлигини ундириш мақсадида тадбиркорга нисбатан даъво аризаси билан Учқудуқ туман иқтисодий судига мурожаат қилишга мажбур бўлди.
2020 йил 13 апрелда тузилган кредит шартномасига асосан тадбиркор
“Я” МЧЖга (тадбиркор номи ўзгартирилган) Автомойка ва ГИПС цех қуриш учун йиллик 24 фоиз устама тўлаш шарти билан 6 ой имтиёзли давр асосида
36 ой муддатга 500.000.000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган эди.
Шартнома шартига кўра, банк томонидан жавобгарга шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериши, жавобгар эса шартноманинг ажралмас қисми бўлган тўлов графиги асосида пул суммаси (кредит)ни қайтариш ва унинг учун фоизларини тўлаш мажбуриятини олган.
Банк томонидан шартнома шартлари бажарилган бўлсада, жавобгар томонидан шартнома шартлари лозим даражада бажарилмасдан, кредитнинг асосий қисми ва фоизлари тўлов графигида белгиланган муддатларда тўланмасдан келинган.
Ишни кўриш жараёнида банк томонидан тақдим этилган
маълумотномага кўра, жавобгарнинг муддати ўтган кредит қарздорлиги жами 605.293.602 сўмни ташкил қилганлиги аниқланди. Бундан кўринадики, даъво аризаси судга берилганидан сўнг ҳам кредит тўловлари жавобгар томонидан умуман амалга оширилмаган.
Шу боис суд, даъвони қаноатлантиришни, жавобгардан банк фойдасига жами 605.293.602 сўм кредит қарздорлигини ундиришни лозим топди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, шартнома шартларига қатъий риоя қилиш тарафлар учун бирдек фойдали бўлиши баробарида иқтисодиётни юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.
Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси
Дилшод Турдиев