Судьяларнинг Учқудуқ туманида сайёр учрашуви
Жорий йилнинг 14 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси А.Қурбонов, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг раиси А.Шукуров ва Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров иштирокида Учқудуқ туманидаги Абай маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган фуқаролар, хусусан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Хотин-қизлар, маҳалла фуқаролари, фаоллар иштирок этган мазкур давра суҳбатида мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасидаги бу ислоҳотларнинг замирида авваламбор адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу орқали халқнинг тинч-тотув ва фаравон яшаши, давлатимизни янада тараққий эттириш ва юрт тинчилигини таъминлаш каби муҳим вазифалар туриши хусусида фикр юритилди.
Шунингдек, туманда содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш, шу ўринда, оилавий ажримларни олдини олиш фақат суд ёки тегишли бир идорани вазифаси бўлиб қолмасдан, барча йиғилиш иштирокчиларига инсоний фазилат ва бурчимиз сифатида яшаётган маҳаламиздаги, фаолият юритаётган идорамиздаги оилавий келишмовчиликлар ёки оилавий ажрим фикрида бўлган ҳамкасб, маҳалладош фуқароларимизни тартибга чақириб, панду насиҳат қилиб, уларга тўғри йўлни кўрсатиб, бу фикри охирги чора эканлигини тушунтириш кераклиги ҳақида фикрлар айтиб ўтилди.
Давра суҳбати якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган масалалари ва мурожаатлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Анвар Шукуров
Фуқаролик ишлари бўйича
Зарафшон туманлараро суди раиси