СУДЬЯЛАР “ТHОМPSON KIDS” МАКТАБИДА
Мамлакатимизнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан ёшларни таълим-тарбия олиши ва уларнинг меҳнатга доир ҳуқуқлари давлатимиз раҳбарининг доимий диққат эътиборидаки, бу борада ёшларимизнинг эл-юртга хизмат қиладиган фидоий инсонлар бўлиб етишишлари учун кенг имкониятлар яратилган. Мамлакатимиз раҳбари телевидениедаги бир чиқишларида боланинг бошини силаб, биз Ўзбекистон фуқароси деб аташимиз учун аввало ҳар бир боланинг ўзига тегишли уй-жойи, барча шароитларга эга бўлган кенг, ёруғ таълим маскан-мактаби, юксак билимли, салоҳиятли устозлари бўлиши керак деган эдилар.
Навоий шаҳридаги “ТHОМPSON KIDS” мактаби ана шундай билим масканларидан бири ҳисобланади. Мактабда иқтидорли, ўткир зеҳнли болалар инглиз, математика ва бошқа фанлардан эрталаб соат 8 дан 17 гача чуқур таълим олишади. Дарслар инглиз ва рус тилларида олиб борилади.
Навоий вилоят суди судьялари Н.Расулов ҳамда И.Шоймардонова ана шу нуфузли мактабга ташриф буюришиб, 10-синф ўқувчиларига вояга етмаганлар меҳнат қонунчилигидаги меҳнат қилиш ҳуқуқлари ва бурчларини, шунингдек уларнинг таълим олиш ҳуқуқига оид масалар бўйича тушунтириш бердилар.
Жумладан, белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи ва бошқа органлар томонидан юборилган, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни иш берувчи ишга қабул қилиши шартлиги, ишга қабул қилишни рад этилганда иш берувчининг рад этиши устидан судга шикоят қилиш мумкинлиги, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқи, қўшимча имтиёзлар, иш вақтининг муддати, ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига ўттиз олти соатдан, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланиши судьялар томонидан ўқувчилар онгига етказилди.
Судьялар зукко болаларнинг ҳуқуқий саволларига мисоллар билан меҳнат қонунчилиги асосида асослантирилган жавоб бердилар.
Учрашув якунида ўқувчилардан кимдир судья, кимдир адвокат, прокурор касбига қизиқишлари ҳақида дадил фикр бердилар.
ИБОДАТ ШОЙМАРДОНОВА
Навоий вилоят суди судьяси