Фарзандлар ҳам ота-онасига алимент тўлайдими?

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини барча имкониятларини сарфлаб уларни тарбиялайди ва таълим беради. Айниқса оналар ёш гўдаклари вояга етгунга қадар кечаю-кундуз тинимсиз машаққат чекадилар. Демак, ҳар бир фарзанд буни яхши англаши керак.

Аммо жамиятимизда буни англамаган нопок фарзандлар ҳам йўқ эмас, қонун эса ҳаттоки ўз ота-оналарини улардан ҳимоя қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасида: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” деб ёзилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига асосан, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг ота-онасига таъминот бериш мажбурияти мавжуд.

Бунда вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шартлиги белгиланган.

Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Ота-онага бериладиган таъминот миқдори ва тартиби қўйидагича:

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.

Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан алимент ундириш низоси узил-кесил ҳал бўлгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкин.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Шунингдек, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ота-онасининг касаллигига ва бошқа узрли сабабларга кўра қилинадиган қўшимча харажатларда иштирок этишлари шарт. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар томонидан қўшимча харажатлар ихтиёрий равишда қопланмаса, талаб қилинаётган сумма суд тартибида ундирилиши мумкин.

Агар суд ота-онанинг ота-оналик мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаганлигини аниқласа, болаларни меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ота-онасига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилиши мумкин.

Бугунги кундаги суд амалиётини оладиган бўлсак, бунга ўхшаш низоларни кўплаб учратиш мумкин.  Низони ҳал қилишда суд, албатта қонунга таянган ҳолда иш кўради.

                                                                                                   

Навоий вилоят судининг судьяси

Нодиржон Гаппарович Расулов