Фуқаролик ҳуқуқида вакиллик ва ишончнома тушунчаси
Вакиллик – ишончномага, қонунга, суд қарорига ёки вакил қилинган давлат органининг ҳужжатига асосланган ваколат билан бир шахс (вакил) томонидан бошқа шахс (ваколат берувчи) номидан тузилган битим ваколат берувчига нисбатан фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бевосита вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади.
Ваколатсиз вакиллик – вакил қилинмаган шахс томонидан бошқа шахс номидан тузилган ёки ваколатлардан ташқари чиқиб тузилган битим ваколат берган шахс ушбу битимни кейинчалик маъқуллаган тақдирдагина унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Битим тузишга ваколат берган шахс битимнинг ижрога қабул қилинганлигидан гувоҳлик берувчи ҳаракатлар қилган ҳолда ҳам бундай битим маъқулланган ҳисобланади.
Бундан ташқари фуқаролик ҳуқуқида тижорат вакиллиги деган тушунча ҳам мавжуд бўлиб, тадбиркорлар шартномалар тузаётганида улар номидан доимо ва мустақил суратда вакиллик қилувчи шахс (тижорат вакили) вакилнинг ваколатлари кўрсатилган ёзма шартнома асосида, бундай ваколатлар кўрсатилмаган тақдирда эса — ишончнома асосида ҳам иш олиб боради. Тижорат вакили ўзининг иштирокида тузилган шартномадаги турли тарафларнинг манфаатларини фақат бу тарафларнинг розилиги билан ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллардагина айни бир вақтда ифодалаши мумкин.
Энди кўпчилик ўзининг шахсий ва бошқа ҳуқуқий муносабатларида дуч келадиган ишончномага алоҳида тўхталиб ўтсак !
Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.
Юридик шахс номидан, шунингдек юридик шахсга ҳам ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учунгина берилиши мумкин.
Ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади.
Нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак.
Юридик шахс номидан бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланиб, унга ушбу юридик шахснинг муҳри босилади.
Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.
Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди.
Яна бир муҳим нарса, ишончнома бўйича ваколатларни бошқа шахсга бериш деган тушунча ҳам мавжуд.
Бунда ишончнома берилган шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин.
Ишончноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:
Ишончнома муддатининг тамом бўлиши, ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши, ишончнома берилган шахснинг бош тортиши, номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши, номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши, ишончнома берган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши, ишончнома олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомалага лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши билан.
Ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса — ундан воз кечиши мумкин. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги битим ҳақиқий эмас.
Навоий вилоят судининг судьяси
Гулнафис Худайбердиева