Қонунга риоя қилган тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади

2024 йилнинг 23 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-39-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорни қабул қилишдан мақсад шуки, солиқларни ўз вақтида тўлаб, қонунчилик талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларни рағбатлантириш демакдир.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 февралдан қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш белгиланди.

Рейтинг доирасида тадбиркорлик субъектлари қуйидаги тоифаларга ажратилади:

“ААА” (96-100 балл), “АА” (91-95) ва “А” (86-90) тоифалар — юқори барқарорлик рейтинги;

“BBB” (76-85), “BB” (66-75) ва “B” (56-65) тоифалар — ўрта барқарорлик рейтинги;

“CCC” (51-55), “CC” (36-50) ва “C” (26-35) тоифалар — қониқарли барқарорлик рейтинги;

“D” (25 гача) тоифа — қуйи барқарорлик рейтинги.

Рейтинглар Солиқ қўмитасининг “Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилади ва Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Ушбу қарор билан юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор имтиёзлар ва рағбатлантиришлар жорий этилиши қайд этилди.

Жумладан, “ААА” тоифадаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно), шунингдек, ушбу тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) бир кун муддатда текширувларсиз амалга оширилади;

4 ва 5-тоифадаги туманларда фаолият юритаётган “АА” ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларига бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича дастлабки тўлов суммаси 35 фоиздан кам бўлган ҳолларда қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида йиллик фоизлар ҳисобланмайди ҳамда бўлиб-бўлиб тўлаш муддати миқдоридан қатъи назар, 7 йил (тенг улушларда) этиб белгиланади;

“А” ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларига эса, солиқлар бўйича (қўшилган қиймат солиғи бундан мустасно) мавжуд ортиқча тўлов суммасини қайтариш уч кун муддатда амалга оширилади.

Рағбатлантириш чоралари давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган давлат корхоналари ва компанияларига татбиқ этилмайди.

Ушбу қарор билан, 2024 йил 1 апрелдан тадбиркорлик субъектларига субсидия, имтиёз ва преференциялар уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилиши белгиланди.

Шунингдек, мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 январдаги 55-сон қарори билан “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низом қабул қилиниб, ушбу Низом тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш ва юритиш тартибини белгилайди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши – солиқларни ўз вақтида тўлаб, қонунчилик талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг келгусидаги фаолиятида муҳим ўрин тутади.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси.