АДОЛАТЛИ ҚОНУНЛАР – инсон қадри, мамлакат тараққиёти учун хизмат қилади

Сўнгги йилларда мамлакатимизни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, солиқ юкини пасайтириш ҳамда солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чоралар кўрилмоқда.

Мазкур жараёнда тадбиркорлар ва инвесторларнинг фикри ва таклифлари ҳам инобатга олинаётгани, мавжуд муаммо ва камчилик­лар доимий таҳлил қилиниб, муносиб ечим топилаётгани Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳамда иқтисодиётимиз жадал ривожланишига хизмат қилмоқда.

2023 йил 18 август куни давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан учрашувда ҳозирги вақтда солиққа оид битта ҳуқуқбузарлик учун тадбиркор сифатида молиявий жарима, жисмоний шахс сифатида маъмурий жарима қўлланилаётганлиги, энди бундай амалиёт бекор қилиниши, тадбиркорларга қўлланаётган жарималар улар фаолиятининг тўхтаб қолишига сабаб бўлмаслиги зарурлиги, шу нуқтаи назардан, барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилиб, адолатли меъёрлар белгиланиши хусусида алоҳида тўхталиб ўтганди.

Тан олиб айтиш керак, 2022 йил 12 март кунидан амалга татбиқ этилган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 227¹-моддасида белгиланган товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қои­даларини бузганлик учун жавобгарлик масаласи, хусусан, бундай ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жарима миқдори кейинги вақтларда тадбиркорларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлаётганди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 227¹-моддаси санкциясида маркировка қоидаларини бузганлик учун тадбиркорлик субъектига реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солиш кўринишидаги молиявий жарима назарда тутилганди.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конс­титуцияси 20-моддасига кўра, давлат органлари томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгиланган бўлса-да, Солиқ кодексининг 227¹-моддасида назарда тутилган молиявий жарима чораси содир этилган ҳуқуқбузарлик миқдорига номутаносиб эди. 

Бу ўз ўрнида, тадбиркорларга қўлланилган жарима миқдорлари содир этилган ҳуқуқбузарликка нисбатан умуман номутаносиб бўлганини кўрсатади. Бундай катта миқдордаги жарима жазоларини қўллаш амалиёти тадбиркорлик субъектларининг аҳволини жиддий қийинлаштириб, кўп ҳолларда уларнинг фаолиятини тўхтатишга, яъни банкротлик ҳолатларига олиб келгани ҳам бор гап.

Ўзбекистонга яқин қўшни мамлакатларнинг бу борадаги қонунчилиги ўрганилганда, Россия Федерациясида ушбу солиқ ҳуқуқбузарлиги учун жисмоний шахс­ларга, агар сўмга айлантирадиган бўлсак, бугунги курсда 543 565 сўмдан – 679 456 сўмгача, мансабдор шахсларга 1 358 913 сўмдан – 2 038 369 сўмгача, юридик шахсларга – 27 178 261 сўмдан – 40 767 391 сўмгача, Қозо­ғистонда эса кичик тадбиркорлик субъекти огоҳлантиришдан сўнг бир йил ичида яна шундай қонунбузилиш содир этса, (сўмга айлантирилганда) 9 018 300 сўм, ўрта бизнес субъектига 18 036 600 сўм, йирик бизнес субъектларига 44 438 000 сўм жарима жазоси қўлланилади. Бундан кўринадики, қўшни мамлакатларда мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар учун аллақачон нисбатан мутаносиб миқдорда жарима қўллаш тартиби йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 26 февраль куни тадбиркорлик субъектларига фискал белгилар ва товарларни маркировкалаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган молиявий санкцияларни юмшатиш бўйича “Солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини мақбуллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони имзоланди. Мазкур фармонга кўра, эндиликда фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда – реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг аввалги 100 фоиз жариманинг ўрнига 2 фоиз миқдорида, бир йил давомида шу турдаги ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда – реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси 63-моддасида “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак”, деб қатъий белгилаб қўйилган. Демак, Солиқ кодексига ўзгартириш киритилиши Бош қомусимизнинг тўғридан-тўғри ишлашига замин яратади. Яъни, ўзгартириш киритилиши натижасида шу кунгача “фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик” қилиб келаётган номутаносиб модда Солиқ кодексидан чиқариб ташланади. Ушбу модданинг кодексдан чиқариб ташланиши нафақат маҳаллий ишбилармон ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга, балки мамлакатимизга хорижий сармоядорларнинг кириб келишига ҳам кенг имконият яратади.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур фармоннинг қабул қилиниши ва тадбиркорларга қўлланиладиган жарима миқдори содир этилган ҳуқуқбузарликка нисбатан мутаносиб бўлиб, унинг келгусида фаолиятини давом эттиришига имкон яратиб, ижтимоий адолат қарор топади. Бир сўз билан айтганда, адолатли қонунлар ҳамиша аҳоли фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти учун хизмат қилади.

 

Улуғбек Исмаилов,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси