Алохида тартибда кўриладиган ишларининг ўзига хос хусусиятлари
Ўзбекистон Республикаси фуқаролик процессуал кодексининг II-бўлимининг 3-кичик бўлими алохида тартибда иш юритиш деб номланган бўлиб, мазкур кичик бўлимда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан алохида тартибда кўриладиган ишларнинг турлари ва судда кўришнинг процессуал тартиби нормаланган.
Алохида тартибда кўриладиган ишлар бўйича процессуал олимлар бир қанча таърифларни илгари сўрадилар.
Жумладан, марҳум процессуалист олим Ш.Ш.Шорахметов фикрича, алоҳида тартибда кўриладиган ишларда – ҳуқуқ тўғрисида низо бўлмагани туфайли тарафлар, яъни жавобгар, даъвогар, учинчи шахслар ҳам бўлмайди, фақат ўз муддаосини айтиб, судга мурожаат қилувчи аризачигина ва бошқа манфаатдор шахсларгина бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам алоҳида тартибда кўриладиган фуқаролик ишларида баъзи фуқаролик процессуал нормаларнинг, масалан, шерик иштирокчилик, тегишсиз тарафни тегишли тараф билан алмаштириш, келишув битими тузиш ва шу каби процессуал ҳаракатларга оид нормалар қўлланилмаслиги мумкин.
Ўзбекистон Республикаси фуқарорлик процессуал кодексининг 293-моддасига кўра қуйидаги ишлар алохида тартибда кўриладиган ишлар жумласига киради:
1) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги;
2) болани фарзандликка олиш ҳақидаги;
3) фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги;
4) фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги;
5) шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;
6) шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;
7) вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) тўғрисидаги;
8) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш ҳақидаги;
9) тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш (чақириб иш юритиш) тўғрисидаги;
10) йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги.
Мазкур руйхат тугал бўлиб бошқа талаблар юзасидан қўзғатилган фуқаролик ишларини алохида тартибда кўриб чиқишга йўл қуйилмайди.
Лекин фуқаролик процессал кодексида алохида тартибда кўриладиган ишлар бўйича таъриф берилмаган. Кодекснинг алохида тартибда кўриладиган ишларга бағишланган моддаларининг умумий мазмунидан англаш мумкинки, бу туркумдаги фуқаролик ишлари низосиз бўлиб тараф судга ўзининг муддаосини тасдиқлаш учун мурожаат қилади. Яьни аризачида бирон бир шахсга нисбатан низоли талаб бўлмайди ва ўзининг муайян мақсадига эришиш учун суд процессига мақсадли ташаббуси билан кириб келади.
Шунга кўра етук ҳуқуқшунос олим Ш.Шорахметовнинг алохида тартибда кўриладиган ишларга берган таърифига қўшиламиз.
Бундан ташқари алохида тартибда кўриладиган ишларнинг даъво тартибда кўриладиган ишлардан фарқли жихатлари хам мавжуд, яьни даъво тартибида кўриладиган ишларнинг аксарияти жавобгар яшаб турган ёки жойлашган манзилдаги судларга ёки баъзилари даъвогарнинг танлови бўйича (мисол учун алимент ундириш тўғрисидаги талаб) судловга тегишли бўлса алохида тартибда кўриладиган ишлар фақат аризачи яшаётган жойдаги судлар томонидан кўриб чиқилади.
Алохида тартибда кўриладиган ишларнинг даъво тартибида кўриладиган ишлар билан ўхшаш жихатлари ҳам мавжуд бўлиб, бу туркумдаги ишлар юзасидан ҳам аризани иш юритувга қабул қилиш, фуқаролик иши қўзғатиш, тайёрлаш босқичини ўтказиш ва ишни кўришга тайинлаш ва ҳал қилув қарорини қабул қилиш ва эълон қилиш умумий асосларга кўра амалга оширилади.
Шунингдек, алохида тартибда кўриладиган ишлар доирасидаги муайян бир фуқаролик иши судда кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқса ариза кўрмасдан қолдирилиши лозим.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда алохида иш юритиш тартибида кўриладиган ишлар юзасидан миллий тажрибани бошқа давлатлар тажрибаси билан солиштирганда деярли ушбу туркумдаги ишлар руйхати бир бирига яқин бўлсада, бироқ фарқли жиҳатлари ҳам мавжуд.|
Мисол учун, Беларус Республикаси ФПКнинг 361-моддасида фуқаронинг қимор ўйинлари, виртуал қимор ўйинхоналарига бориш ва қимор ўйинларида иштирок этишини чеклаш тўғрисидаги ишлар алохида тартибда кўрилиши белгиланган.
Шунингдек, Озарбайжон Республикасида бу борадаги амалиёт ўрганилганда ушбу давлатнинг фуқаролик процессуал кодексининг 305-моддасида ахборот интернет ресурсига киришни чеклаш тўғрисидаги ишлар судлар томонидан алохида тартибда кўрилиши белгиланганлиги маълум бўлди.
Агарда қимор ўйинлари ёки интернет тармоқларидаги хавфли хисобланган хар хил уйинларга ёшларни, жумладан вояга етмаганларни кириб иштирок этишларини ва уларнинг салбий оқибатларини олдини олиш мақсадида мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқишни судларга юклаган ҳолда фуқаролик процессуал қонунчилигига таклиф берган бўлар эдик.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик процессуал кодексининг 293-моддасига “фуқаронинг қимор ўйинлари, виртуал қимор ўйинхоналарига бориш ва қимор ўйинларида иштирок этишини чеклаш” ҳамда “ахборот интернет ресурсига киришни чеклаш тўғрисида тўғрисидаги ишларни” янги тоифадаги ишлар сифатида киритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Бу эса ёшларимизни ижтимоий хавфли оқибати мавжуд бўлган хар хил ўйинларга билиб-билмасдан киришларини олдини олишга омил бўлиб хизмат қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Навбахор туманлараро суди судьяси
Ғайат Якубов