АТБ “Агробанк”нинг Навоий вилояти Қизилтепа тумани филиали биносида Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан сайёр суд мажлиси ҳамда янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан очиқ мулоқот шаклида учрашув ташкил қилинди

Жорий йилнинг 14 март куни бўлиб ўтган ушбу сайёр суд мажлисида ва суд мажлисидан кейин бўлиб ўтган учрашувда банк ходимлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этишди.

Сайёр суд мажлисида суд томонидан 2 та даъво аризалари юзасидан тарафларни келиштиришга эришилиб, даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган бўлса, қолган даъво аризалари юзасидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан талаб қилинган неустойка суммалари камайтирилиб, даъво талаблари қисман қаноатлантирилди.

Шу билан бирга учрашувда янги қабул қилинган ва тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолини қўллаб қувватлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февраль кунги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-914-сон Қонунининг мазмун моҳияти атрофлича тушунтирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 248-моддаси янги таҳрирда қабул қилинганлиги, унга кўра амалга оширилган тўлов суммаси пул мажбуриятини батамом бажариш учун етарли бўлмаганда, бошқа келишув бўлмаса, у энг аввало, кредиторнинг ижрони олишга қаратилган чиқимларини, сўнгра фоизларни, унинг қолган қисми эса-қарзнинг асосий суммасини узиши, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно эканлиги, ФКнинг 744-моддаси учинчи қисм билан тўлдирилиб, унда кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши қайд қилинганлиги ҳақида керакли маълумотлар бериб ўтилди.

Шунингдек, мавзу долзарб бўлганлиги сабабли тадбир сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга судья томонидан атрофлича жавоблар берилди.

 

Фаҳриддин Баҳронов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси.