Атроф-муҳитни асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир

Бугун экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўлида бошлаган кенг қамровли ишлар мамлакатимиз аҳолисининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш билан бир қаторда, уларнинг соғлиғини сақлаш, она табиатимизни келгуси авлод учун софлигича етказиш, табиий ресурлардан оқилона фойдаланиш каби ҳаётий мақсадларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2025 йилга “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб ном берилгани ва бу таклиф нафақат кенг жамоатчилик томонидан, балки халқаро миқёсда фаол қўллаб-қувватланганининг ўзиёқ Ўзбекистоннинг глобал экологик муаммоларга қарши фаол курашга киришганини, бу борадаги ишлар янги босқичга чиқаётганини ифодалайди.

“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириладиган ишларга оид Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ушбу кенг қамровли ҳужжат мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик масалалар давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини ифода этиш билан бирга, Ўзбекистонда глобал экологик таҳдидларга қарши курашишнинг ўзига хос платформаси яратилаётганидан дарак беради.

Аввало, Дастурда давлатимиз ривожланишининг устувор ёндашувлари тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш, уларнинг рақобатбардошлиги ва ресурс тежамкорлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтишнинг аниқ ва самарали йўналишлари белгилаб берилган.

Бугунги кунда иқлим ўзгариши шароитида сув ресурслари тобора қисқариши мамлакатимиз учун ҳам долзарб муаммога айланиб бормоқда. Дастурда ёмғир ва оқова сувлардан самарали фойдаланиш бўйича аниқ тадбирлар белгиланмоқда. Хусусан, янги қуриладиган кўп хонадонли уй-жойларга туташ ҳудудларда ёмғир сувини йиғиш, сақлаш ва дарахтларни суғоришда фойдаланиш тизимини йўлга қўйилиши орқали ҳудуддаги яшилликни таъминлаш мумкин бўлади.

Йирик шаҳарларда атмосфера ҳавосининг ёмонлашуви бугунги кундаги долзарб экологик муаммога айланиб бормоқда. Бу борада ҳам Дастурда муҳим чора-тадбирлар белгиланган.

Таъкидлаш жоиз, аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш масалалари ҳам ҳужжатда алоҳида ўрин олган.

Бу борада аҳолининг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни сингдириш орқали мамлакатимизда “Экофаол фуқаро” ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилиши, бунда аҳоли орасида кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш, “яшил транспортда”, шу жумладан, велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантириш каби чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Давлат дастурида “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати доирасида платформани ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, бу платформа бир сутка давомида камида ўн минг қадам юришни тарғиб қилиш, бу кўрсаткичларга эришганларга “Экофаол фуқаро” мақомини бериш ҳамда улар учун давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банкларда истеъмол кредитини олишда чегирма тақдим этиш, оиланинг барча вояга етган аъзолари “Экофаол фуқаро” мақомини олганда, ушбу оилага “яшил оила” мақомини бериш ҳамда уларга ҳар йили лотерея орқали 14 та электромобиль бериш каби имтиёзларни назарда тутади.

Маълумки, пластик пакетлардан фойдаланиб бўлингандан сўнг у чиқиндига айланади. Тўпланган пластик пакетлар атроф-муҳитга ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга уларнинг парчаланиши учун юз йиллаб вақт талаб этилади. Дастурда 2027 йилдан бошлаб пластик пакетларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш ҳамда экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) пакетлардан фойдаланишни рағбатлантириш чоралари кўзда тутилган.

Шу билан бирга, чиқиндилар соҳасини тартибга солувчи, қабул қилинганига 20 йилдан ошган, бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайдиган “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш тамойилларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Қайд этиш жоиз, Дастурда белгиланган “Атроф муҳит мониторинги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши атроф-муҳит ифлосланиш даражасини реал вақт режимида аниқлаш, унинг экологик ҳолатини баҳолаш бўйича фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, атроф-муҳит  мониторинги тизимини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсир юзага келишини прогнозлаштириш, табиий ресурслардан фойдаланишни тизимли равишда кузатиш, аҳолини ахборот билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Айни йўналишдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, юртимизда яшил ҳаётни яратишга хизмат қиладиган қонунларни қабул қилиш, парламент ва депутатлик назоратини фаол амалга ошириш асосий вазифамизга айланади. Пировард мақсад эса, Ўзбекистонда инсон учун қулай атроф-муҳит яратиш, аҳолининг фаровонлиги ва саломатлигини таъминлаш, барқарор “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришдир.

 

Улуғбек Исмаилов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси