Атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш – инсонийлик бурчимиздир
Инсоният тарихида техниканинг тараққий этиши, турли хилдаги ихтиролар, саноатнинг ривожланиши инсонлар ҳаёти ва мамлакатлар тараққиётида муҳим ўрин эгаллаган бўлиши билан бир қаторда, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади.
Буни сўнги йилларда кузатилаётган ҳавонинг меъёридан ортиқ исиши, чўллашиш даражасининг ортиши, сув танқислиги, чанг бўронларнинг, ҳатто, йилнинг қиш фаслида ҳам кўплаб содир бўлаётганлигида ҳам англаш мумкин.
Албатта, мазкур тараққиёт қайсидир маънода она табиатнинг софлиги, атроф-муҳитнинг тозалигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани боис ҳозирдан бошлаб инсон ва табиат ўртасидаги нозик муносабат ҳамда мувозанатни мувофиқлаштириш, она табиатни асраб-авайлаш орқали уни келажак авлодга бор софлигича етказишга жиддий эътибор қаратиш энг долзарб масалалардан бири бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу борада миллий қонунчилигимизда ҳам табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, унга қилинган ҳар қандай тажовуз ва ножўя хатти-ҳаракатларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўриш назарда тутилган.
Хусусан, Конституциянинг 50-моддасида, фуқаролар атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги назарда тутилган.
Ушбу Конституцион нормадан келиб чиқиб, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги ҳамда «Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг қабул қилинганлиги ҳам атроф-муҳитни асраб-авайлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 65-96-моддаларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 193-204-моддаларида тегишли жавобгарлик белгиланиб, жазо чоралари қайд этилган, бундан ташқари, 2021 йил 25 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари ҳамда бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, жавобгарлик чоралари янада мустаҳкамланган.
Она табиатга етказилаётган тажовузларни олдини олиш ва уни ҳимоя қилиш борасида ҳам суд амалиётида кўплаб ишлар кўриб чиқилмоқда.
Қуйида, эътиборингизни кўрилган ишлардан бирига қаратмоқчимиз.
Хусусан, Назорат қилувчи орган томонидан судга ариза билан мурожаат қилиниб, «C» масъулияти чекланган жамияти ўзининг карбид кальций ва ферромарганец маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолиятини тегишли рухсатнома олмасдан амалга ошириши оқибатида атроф-муҳитга зарарли моддалар меъёридан ортиқ чиқаётганлиги экология ва фуқароларнинг соғлигига зарар етказаётганлиги сабабли мазкур корхона фаолиятини вақтинча тўхтатиш сўралган.
Мазкур аризани кўриш жараёнида жавобгарнинг Зарафшон шаҳар Саноат зонаси ҳудудида карбид кальций ва ферромарганец маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолияти билан экологияга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолият юритмаётганлиги натижасида атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги ўз исботини топганлиги, мазкур ҳолат эса шу ҳудуд атрофида яшаётган фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги инобатга олиниб, суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгарнинг Зарафшон шаҳар Саноат зонаси ҳудудидаги карбид кальций ва ферромарганец маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолияти назорат қилувчи органнинг кўрсатмасида қайд этилган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар тўхтатилган.
Албатта, ушбу мақоламиз орқали, қайсидир тадбиркорнинг тадбиркорлик фаолиятини муҳокама қилиб, уни обрўсизлантириб, унга нисбатан қўлланилган жавобгарлик чоралари ҳақида сўз юритиш мақоламиз ва кўтарилган мавзунинг асл моҳияти эмас, масаланинг асл моҳияти, албатта, она табиатни асраб-авайлаб, халқ ва жамият манфаатини ўз манфаатимиздан устун қўйиб, келажак авлодга атроф-муҳитни табиийлиги ва софлигича етказиш, бунда нафақат давлат хизматчилари, балки барчамиз бирдек масъул эканлигимизни англаш, атроф-муҳитга бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар ва таъсирларнинг олдини олиш юзасидан жамоатчилик назоратини кўчайтириш, бу борада оммавий ахборот воситаларининг куч ва имкониятидан самарали фойдаланишдир.
Зеро, Бош қомусимизнинг 55-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Шу боис, биз атроф-муҳитга қандай муносабатда бўлсак, она табиат ҳам бизга худди шундай жавоб қайтаради. Шу сабабли, табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга софлигича етказиш фақатгина ўзимизга боғлиқ, азиз инсонлар!
Шерзод Ғофуров
Зарафшон туманлараро
иқтисодий суди раиси