Аёллар масаласи судлар эътиборида
Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аёлларга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик ва эътибор туфайли уларнинг жамиятдаги мавқеи ва нуфузи юқори даражага кўтарилиб, ижтимоий сиёсий хаётдаги фаоллиги янада ошиб бормоқда.
Хусусан, “Аёллар дафтарига” рўйхатига киритилган хотин-қизларда энг аввало тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш орқали ишсизлик сонини камайтириш мақсад қилинган.
Таъкидлаш жоиз, судьялар томонидан ҳам мунтазам равишда “Аёллар дафтарига” га киритилган хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва юзага келган муаммоли масалаларини ижобий ҳал этиш мақсадида жойларда қабуллар ташкиллаштирилмоқда. Бу каби ўтказилаётган учрашувлар уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга кўмак беради.
Шу кунга қадар Навоий вилоят суди судьялари томонидан 60 дан ортиқ маҳаллаларда 920 га яқин хотин-қизлар билан учрашувлар ўтказилиб, муаммолари комплекс ўрганилди.
Навбатдаги тадбир Навоий вилоят маъмурий суди раиси А.Муродов ва судьялар томонидан Қизилтепа тумани, “Тавоис” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди. Унда 68 нафар хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилди.
Мурожаатларнинг аксарияти бандлик, мерос, алимент ундируви, мулкий ва меҳнат муносабатлари шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа масалаларни ташкил қилди.
Хусусан, Д.Мавлонова ўз мурожаатида “Софин” сут махсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида ишлаши, ҳозирда тиббий кўмакка муҳтожлигини билдириб, муолажа ўтказиш учун амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаат ўз ечимини топди. “Софин” сут махсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси томонидан Мавлоновага моддий ёрдам кўрсатиладиган бўлди бундан ташқари, унинг иш жойи ҳам сақлаб колинишига эришилди.
Тадбир давомида хотин-қизларга қонунчиликдаги янгиликлар, аёллар банлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, банк-кредит масалалари борасида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Айни пайтда мазкур йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.
Азиза Рўзиева
Навоий вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ
билан алоқалар бўлими бош консультанти