Болалар меҳнатига барҳам бериш

Мамлакатимизда мажбурий меҳнат, хусусан болалар меҳнатини тугатиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада халқаро стандартларга мувофиқ қонунчилик базаси такомиллаштирилиб, халқаро конвенсиялар ратификация қилинди. Ўзбекистон Республикаси болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича муҳим натижаларга эришди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) берган таърифга кўра, болалар меҳнати деганда ақлий, жисмоний, ижтимоий ёки ахлоқий жиҳатдан болалар учун хавф туғдирадиган ёки болаларга зарар етказадиган, уларни мактабда ўқиш имкониятидан маҳрум қиладиган иш ва фаолият турлари тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида, болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади деб кўрсатилган.

Болаларнинг соғлиғи, ривожланиши ва таълим олишига таъсир қилмайдиган ишларни бажариши бола меҳнати сифатида баҳоланмайди. Ушбу турдаги ишларга боланинг ота-онасига уй-рўзғор юмушларида ёрдам бериши, мактабдан бўш ва таътил вақтларида касб-ҳунар ўрганиши киради.

Сўнги йилларда Республикамизда болалар меҳнатига қарши курашишнинг ташкилий механизмлари яратилмоқда, болалар меҳнатига йўл қўймаслик учун самарали парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилди. Болалар меҳнатига барҳам беришнинг қонунчилик асослари кучайтириб борилмоқда. Тегишли қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслик тўғрисидаги талабларни бузиш каби ҳатти-қаракатлар учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Ушбу ҳаракатлар болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам беришда ўз самарасини бермоқда. Бунга 2018 йил АҚШ Ўзбекистоннинг пахта маҳсулотларини болалар меҳнати орқали етиштириладиган маҳсулотлар рўйхатидан чиқариши яққол мисол бўлаолади.

Ўзбекистон Республикаси бола ҳуқуқлари ва болалар меҳнатини тугатиш бўйича бир қатор Конвенцияларга қўшилган ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича ўз мажбуриятларига амал қилиб келмоқда.

Ҳар йили 12 июнь — Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни сифатида нишонланади.

Зеро, болалар меҳнатига йўл қўймаслик келажакда болаларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари ҳамда мамлакат равнақига ўз ҳиссаларини қўшишларига хизмат қилади.

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси