Вилоят суди судьялари томонидан янги таҳрирдаги Меҳнат кодексинингмазмун-моҳияти юзасидан давра суҳбати ташкил этилди
Навоий вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсида вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари Г.Худайбердиева ҳамда Ф.Ҳамидовлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ-798 сонли Қонуни мазмун-моҳияти ёритиб берилди.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 2-боби яъни, “Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар”га алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон Президенти томонидан жорий йилнинг 28 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ-798 сонли қонунини имзолаган бўлиб, унга асосан янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилинган. 1995 йилдаги биринчи таҳриридан фарқли равишда, унда мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслик кабилар асосий принцип этиб белгиланган. Давлат эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлаши ҳақида бандлар киритилгани тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Янги таҳрирда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланди:
· меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;
· меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;
· меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;
· меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;
· ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги.
Хусусан, меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.
Шунингдек, давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.
Мазкур тоифага қуйидагилар киради:
· 14 ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар;
· умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактаблари ва коллежлари ҳамда техникумларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;
· «Меҳрибонлик» уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;
· Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;
· ногиронлиги бўлган шахслар;
· пенсияолди ёшидаги шахслар (қонунда белгиланган пенсия ёшига қадар икки йил олдин); жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар ёки суднинг қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;
· одам савдосидан жабрланганлар.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради. Қонун кучга кириши билан унинг аввалги талқини ўз кучини йўқотади.
Учрашувда судьялар мавзу юзасидан МФЙ раислари томонидан берилган саволларга батафсил тушунтириш бериб ўтдилар. Шунингдек, семинар иштирокчиларига янги таҳрирдаги “Меҳнат кодекси”га оид инфографика ва буклетлар тарқатилди
Кун тартибидаги масала юзасидан иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар ва мавзу юзасидан таклифлари ҳамда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Гулнафис Худайбердиева
Навоий вилоят судининг судьяси