Гаров билан таъминланган талабларни қаноатлантириш тизими такомиллашмоқда
Бозор иқтисодиёти шароитда тарафлар ўртасидаги
муносабатларда мажбуриятларнинг таъминлашни энг муҳим ва кўп қўлланиладиган
шакли гаров ҳисобланади. Гаров институти кредитор, қарздор ва гаровга
қуюувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни энг муҳим омили бўлиб, бу мамлакатда
ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.
Бироқ амалиётда кредит (ипотека) шартномаси бўйича
мажбуриятларни қарздор томонидан ўз вақтида ва (ёки) лозим даражада
бажарилишини, кредиторнинг гаров билан таъминланган талаблари қондирилишини,
суд тартибида ва суддан ташқари тартибда ундирувни гаров нарсасига қаратишни,
гаровга олувчининг гаров нарсасига бўлган ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш
билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди.
Жорий йилнинг 22 апрель кунида қабул қилинган “Кредиторларнинг
гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада
такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун
ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонунига кўра Ўзбекистон
Республикасининг Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ
кодексига, «Гаров тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа
органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси
қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, амалиётдаги муаммоларни ҳал
этилишида ҳамда гаров билан таъминланган талабларни қаноатлантириш тизимини
такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Жумладан,
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 26 моддасига киритилган
ўзгартиришга кўра, эндиликда гаров билан таъминланган
мажбуриятнинг бузилиши қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлган
тақдирда, жуда арзимас деб ҳисобланади:
1) агар гаров билан таъминланган, қарздор
томонидан қопланмаган мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан
камроқни ташкил қилса;
2) агар гаров билан таъминланган
мажбурият бажарилишининг кечикиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса;
Қонунчиликдаги
мазкур ўзгартириш бир тарафдан гаровга қуюувчи мукдорларнинг ҳуқуқларини
кафолатлинишини таъминлашга хизмат қилса, иккинчи тарафдан кредиторнинг ҳар
фандай асолар билан ундирувни гаровга қаратиш тўғрисида судларга мурожаат қилиш
ваколатларини тартибга солади.
Шунингдек,
қонунчилик суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулкни сотиш тартиби
ва шаклига аниқлик киритиб, гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасида мол-мулк
нархи бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда гаровнинг дастлабки
қиймати бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланиш тартибини ўрнатмоқда.
Хусусан Фуқаролик кодекси 28-моддасига киритилган
ўзгартиришларга кўра, гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда
ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга,
лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонунчиликда
тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.
Гаровга
қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархи гаровга қўювчи
ва гаровга олувчи ўртасидаги келишувга асосан белгиланади. Гаровга қўювчи ва
гаровга олувчи ўртасида мол-мулк нархи бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлган
тақдирда, мустақил баҳоловчи ташкилот жалб этилади ва гаровнинг дастлабки
қиймати бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда баҳолаш билан боғлиқ
барча харажатлар мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган тараф томонидан
қопланади.
Шунингдек, Фуқаролик кодекси 7461-модда
“Кредитни муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш” номли модда билан
тулдирилиб, унда қарз олувчининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Эндиликда,
банк ёки бошқа кредит муассасаси кредитни муддатидан олдин суд тартибида
ундиришда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кредитор
дастлаб қарзнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш учун судга
мурожаат қилади. Бунда агар қарз олувчи муддати ўтган қарзни тўлиқ тўламаган
тақдирда, кредитор кредитнинг қолган барча суммасини муддатидан олдин қайтариш
ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади.
Хулоса қилиб айтганда қонунчиликдаги мазкур
ўзгартиришлар кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари
устуворлигини таъминлашга, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация
қилиш тизимини такомиллаштиришга, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан
ундириш жараёнларини соддалаштиришга ва кредит ташкилотларининг кредит
портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилади.
Қаҳҳоров Турғунбой
Навоий
вилоят судининг судьяси