“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга мурожаат қилиши учун қулайликлар яратилди.
Хусусан, айрим фуқаролар, корхона ва ташкилотлар ҳамда давлат органлари учун судларга даъво аризаси ёки ариза билан мурожаат қилишда давлат божи тўловидан озод қилиш каби имтиёзлар берилди.
Жумладан, 2025 йилнинг 20 февраль куни “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида ЎРҚ-1032-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддаси биринчи қисми 47-банд билан ҳамда 9-моддасининг биринчи қисми 29-банд билан тўлдирилди.
Яъни, Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишинча иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш юзасидан хизматлар учун тўловлар бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилинганда иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар давлат божини тўлашдан озод этилишини, шунингдек уларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда мазкур давлат божини ушбу етказиб берувчилардан ундириш белгиланди.
Қонунни қабул қилишдан мақсад шуки, иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар томонидан истеъмолчиларга энергия ресурслари етказиб берганлик ҳамда сифатли хизматлар кўрсатиш мақсадида етказиб берилган энергия таъминоти учун қарздорликларни ўз вақтида ундириш ҳисобланади.
Мазкур Қонун истеъмолчилар томонидан қарзларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлашга, аҳолининг сифатли иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш бўйича хизматлар билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.
Дилшод Турдиев,
Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси