Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимиянада такомиллаштирилди

Маълумки бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишга ҳамда уларнинг малакали, сифатли юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2023 йил 16 июнда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 848-сонли Қонуни қабул қилиниши ҳам бу борада муҳим қадам бўлди.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларимизга Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга янада хизмат қилиб, уларга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратди.

Жорий йилнинг 27 февраль куни имзоланган 915-сонли Қонун билан айрим Қонун ҳужжатларига, шу жумладан юқоридаги Қонунга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бундай ёрдам кўрсатиш учун жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш тартибини белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчага кўра:

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган ваколатли мансабдор шахс ёки суд маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг илтимосига кўра, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг ишда иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни жалб қилишда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида тўрт соат вақт берилиши керак.

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексига киритилган қўшимчага кўра, Суд даъвогарнинг ёки жавобгарнинг илтимосига кўра, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокат жалб этиладиган пайтга қадар суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиради. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни жалб қилишда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида тўрт соат вақт берилиши керак.

Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Қонунга киритилган ушбу қўшимчалар фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга ҳамда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси.