Ер майдонига бўлган ҳуқуқ бекор қилинди ҳамда ер майдонини олиб қўйиш белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасига кўра, иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланаётган манфаатларини ҳимоя қилиш иқтисодий суд ишларини юритиш вазифаларидан бири ҳисобланади.

Навбаҳор туман прокуратурасининг даъвогар Навбаҳор туман ҳокимлиги манфаатини кўзлаб,  жавобгар “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамияти туман ҳокимининг 17.09.2020 йилдаги Қ-431-сонли қарори билан ажратилган 2.5 гектар ер майдонига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер майдонини олиб қўйишни сўраган.

Жавобгар “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига туман ҳокимининг 17.09.2020 йилдаги Қ-431-сонли қарори билан “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини “Янги йўл” худуди қишлоқ хўжалик ер харитаси бўйича 68-контуридан 2.5 гектар ер майдони интенсив боғ барпо этиш учун 10 йил муддатга вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг (кейинги ўринларда ЕК деб юритилади) 20-моддасига кўра, ер участкалари вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан давлат органларига, муассасаларига ва корхоналарига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга берилади. Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

ЕКнинг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Жавобгар “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ер майдонига бўлган ҳуқуқ 2021 йил 25 октябрда рўйхатдан ўтказилган.

ЕКнинг 36-моддаси биринчи қисмининг 10-бандига кўра, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, 6-бандига кўра, ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда, 7-бандига кўра, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгиланган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, жавобгар томонидан ажратилган ер участкасидан лозим даражада фойдаланмаган, томчилатиб суғориш усули асосида боғ ва токзор ташкил этилмаган, агротехник тадбирлар амалга оширилмаган.

ЕКнинг 38-моддасига кўра, ушбу кодекс 36-моддаси биринчи қисмининг 6-11-бандларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек ер тўғрисидаги қонунчилик бузилган бошқа ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин туман, шаҳар ҳокимига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритади. Туман, шаҳар ҳокими тақдимнома асосида бир ойлик муддатда уни олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритади. Туман, шаҳар ҳокими, зарур ҳолларда, ер участкасининг ҳолатини ҳамда ер эгаси ёки ердан фойдаланувчи томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг сифатини қўшимча равишда текширишни тайинлашга ҳақли.

Навбаҳор туман ҳокимлиги томонидан жавобгар томонидан ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганлиги сабабли, ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида даъво аризаси киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 20 ноябрда “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 28-сонли Қарорининг 24-бандига кўра, судлар Ер кодекси 36-моддасининг 6-11-бандларида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиш масаласи Ер кодексининг 38-моддасига мувофиқ, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органнинг ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огохлантирганидан кейин туман (шаҳар) ҳокимига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида киритилган такдимномаси асосида туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер майдонини олиб қўйиш ҳақидаги даъво аризасига биноан суд тартибида ҳал этилишини инобатга олишлари лозим.

 Агар судга ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш (ер ижара шартномасини бекор қилиш) талаби билан бирга ер участкасини олиб куйиш талаби куйилган бўлса, ҳар икки талаб алоҳида номулкий талаб ҳисобланиши лозим. Бу тоифадаги ишларни кўришда судлар ер участкасига бўлган ҳуқуқни вужудга келтирувчи хужжат тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиб, ер участкасига булган ҳуқуқ юзага келганлигини текширишлари лозим.

Агар ер участкасига бўлган ҳуқуқни вужудга келтирувчи хужжат давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса, судлар ҳуқуқ юзага келмаганлиги асоси билан ҳуқуқни бекор қилиш талабини рад этиб, ер участкасини олиб куйиш талабини қаноатлантириши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

ЕКнинг 40-моддасига кўра, ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори  ердан белгиланган мақсадга мувофиқ оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқаришнинг табиатни муҳофаза қилувчи технологияларини қўллаш, ўз хўжалик фаолияти натижасида ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслиги лозим.

Юқоридагиларга асосан суд, жавобгар томонидан ажратилган ер участкасидан уч йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланилмаганлиги сабабли  жавобгар “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига туман ҳокимининг 17.09.2020 йилдаги Қ-431-сонли қарори билан “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини “Янги йўл” худуди қишлоқ хўжалик ер харитаси бўйича 68-контуридан 2.5 гектар ер майдонига бўлган ҳуқуқни бекор қилишни ҳамда ушбу ер майдонини олиб қўйишни лозим деб топди.

 

Бекзод Джумаев,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси.